Барча раҳбарлари ишдан олинган Қибрай туманига янги ҳоким тайинланди
Шу йилнинг 27 июль куни Шавкат Мирзиёев раислигида жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видео-селектор йиғилишида Қибрай тумани ҳокими, унинг ўринбосарлари, туман прокурори, туман ИИБ раҳбари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси ва «Маҳалла» жамғармаси туман бўлими раҳбарини лавозимдан озод этишга кўрсатма берганди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматининг хабар беришича, Қибрай туманида 2009 йилдан буён ҳокимлик қилиб келган Ниғмат Исроилович Муҳамедов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Олмалиқ шаҳрида ҳокимлик қилиб келаётган Мирағзам Мирқосимов Қибрай тумани ҳокими этиб тайинланди.
Мирағзам Мирқосимов 1975 йилда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. Миллати ўзбек. Маълумоти олий.
У 1997 йил Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини (кундузги), 2008 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини битирган.
У 2011-2013 йилларда Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг коммунал хўжаликни ривожлантириш, коммуникациялар ва ободонлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, кейинчалик Юнусобод туманига ҳокимлик қилган.
Мирағзам Мирқосимов 2017 йилнинг мартида Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳокимлигидан олинган ва шу йилнинг август ойидан Олмалиқ шаҳрига ҳоким этиб тайинланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter