Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«ЕИ сиёсатида махфий кун тартиби йўқ» – Шарль Мишель Шавкат Мирзиёев билан музокара тафсилотларини очиқлади

«ЕИ сиёсатида махфий кун тартиби йўқ» – Шарль Мишель Шавкат Мирзиёев билан музокара тафсилотларини очиқлади

Фото: Президент матбуот хизмати

«Мен Ўзбекистон раҳбарияти Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни изчил ривожлантиришга хайрихоҳ эканига амин бўлдим», деди Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель бугун, 28 октябрь куни Тошкентда журналистлар билан учрашувда. Европалик олий мартабали меҳмон куннинг биринчи қисмида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган музокаралар самарали кечганини маълум қилди.

Қайд этилишича, учрашувда икки томонлама ҳамкорликка оид муҳим масалалар, шунингдек, минтақавий аҳамиятга молик мавзулар муҳокама этилган.

  1. Ўзбекистон ТИВ В.Норов, Европа кенгаши раҳбари Ш.Мишель ва ЕИ элчиси Ш.Адриан журналистлар билан учрашувда. Фото: «Xabar.uz»

«Биз Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида Ўзбекистон раҳбариятининг ўрнини қадрлаймиз. Зеро, минтақавий ҳамкорликсиз тараққиётга эришиб бўлмайди», – деди Ш.Мишель.

Сиёсий етакчилар мулоқоти давомида, шунингдек, Украина ва Россия уруши оқибатида юзага келган энергетика инқирози, озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига эътибор қаратилган. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги йўналишидаги ислоҳотлар борасида фикрлашилган.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 6 июлда Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (КШҲТБ) парафирлаш (дастлабки имзолаш) маросими бўлиб ўтди.

Европа кенгаши раҳбари янги битим ўзаро иқтисодий алоқаларни янги босқичга кўтаришига ишонч билдирди.

«Ўзбекистон – табиий маъданларга бой мамлакат. Қолаверса, муҳим жуғрофий ҳудудда жойлашган: мамлакат ЕИ ҳамда Осиёни ўзаро боғловчи кўприк вазифасини ўтайди. Бу эса ўзаро робиталаримизни янада мустаҳкамлашга ундовчи омилларга сирасига киради», – деди Европа кенгаши раҳбари.

Жорий йил 18 ноябрь куни Самарқандда «Глобал дарвоза» стратегияси доирасида Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ўзаро боғлиқлик бўйича илк минтақавий анжуман ўтказилиши режалаштирилган.

Ш.Мишель ушбу анжуманда яшил иқтисодиёт, рақамлаштириш, транспорт ва логистика каби масалалар бўйича муҳим амалий таклифлар муҳокама этилишини урғулади.

Ташриф доирасида ЕИ делегациясининг Тошкентдаги янги офиси очилди. Фото: Xabar.uz

«Таъкидлашни истардимки, ЕИнинг минтақа бўйича сиёсатида қандайдир яширин кун тартиби мавжуд эмас. Биз Европа қадриятларига таянган ҳолда хавфсизлик ва барқарорлик йўлида ҳамкорлик тарафдоримиз», – деди олий мартабали меҳмон.

Эслатиб ўтамиз, Европа кенгаши раҳбари 27 октябрь куни мамлакатимизга ташриф буюрди. 28 октябрь куни  «Кўксарой» қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ҳамда Шарль Мишель иштирокида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди.

«ЕИ – урушни тинчликка, нафратни бирдамликка айлантира олган бетакрор лойиҳадир». Мартин Шульц, Европа парламентининг 2012-2017 йиллардаги раиси. Фото: Xabar.uz

Президент матбуот хизматига кўра, учрашувда мамлакатимиздаги демократик янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларни, энг аввало, инновациялар, «яшил» иқтисодиёт, рақамлаштириш соҳаларида амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.

Ш.Мишель «Кўксарой» қароргоҳининг Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт ҳам экди.

Олий мартабали меҳмон ташриф якунида Самарқанднинг тарихий-меъморий обидалари билан танишиши кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг