«Глобал дарвоза»: Cамарқандда илк бор Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ўзаро боғлиқлик анжумани ўтказилади
Жорий йил 18 ноябр куни Самарқанд шаҳрида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқлик конференцияси: Глобал дарвоза» деб номланган йирик анжуман бўлиб ўтади.
Тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили/Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррел, ЕИнинг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен, минтақа ташқи ишлар вазирлари ва бошқа нуфузли шахслар маърузалар билан иштирок этади.
Самарқанд машварати 2021 йил 1 декабрда қабул қилинган Европа Иттифоқининг «Глобал дарвоза» деб номланган янги стратегияси доирасида ўзаро боғлиқлик бўйича илк минтақавий анжумани экани билан аҳамиятлидир.
2019 йилда ЕИ Марказий Осиё бўйича янги стратегияни тасдиқлаган.
Янги стратегия минтақада барқарорлик, фаровонлик ҳамда қонун устуворлигини қўллаб-қувватлаш, хусусий секторни ривожлантириш, сармояларни жалб этиш ҳамда минтақавий робиталарни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилаётган Самарқанд анжумани мазкур стратегияда кўзда тутилган мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича мулоқот майдони вазифасини ҳам ўтайди. Шунингдек, нуфузли тадбир минтақа иқтисодиёти дуч келаётган умумий муаммоларни ҳал этиш бўйича бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш имконини беради.
ЕИнинг мамлакатимиздаги делегацияси матбуот хизмати хабарига кўра, хусусий сектор, давлат идоралари мутахассислари, экспертлар, тадқиқотчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари Самарқанд анжуманида иштирок этишга таклиф этилади. Асосий панел сессияларида рақамлаштириш, транспорт ва логистика, энергетика ва сув ресурслари билан боғлиқ масалалар муҳокама этилади. Тадбирда иштирок этиш учун ушбу ҳавола орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.
Кейинги вақтларда ЕИ Марказий Осиё билан алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, янги геосиёсий тарангликнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича глобал ташаббуслар доирасида минтақа давлатларини модернизация, сармоя оқимини кўпайтириш, рақамлаштириш, савдо учун қулай муҳит яратиш ҳамда транспорт йўналишларини диверсификация қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда.
Аввал хабар берганимиздек, келгуси ҳафтада — 28 октябр куни Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел Ўзбекистонга ташриф буюриб, президент Шавкат Мирзиёев билан музокара ўтказиши кутилмоқда.
«Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан алоқаларни чуқурлаштириш ва минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга тайёр», — деб ёзган Европа кенгаши раҳбари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter