ЕОИИ худди МДҲ каби минтақадаги яна бир аҳамиятсиз ташкилотга айланиши мумкин — Депутат
Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлигига оид масалалар ҳар томонлама кўриб чиқиш ва хулоса қилиш мақсадида Олий мажлис Қонунчилик палатаси томонидан атрофлича ўрганилмоқда. Oлиб борилган ўрганиш ва таҳлиллар, муҳокама жараёнлари, ЕОИИ билан ҳамкорликнинг мамлакатимиз иқтисодиётига ижобий ва салбий таъсирлари юзасидан кўплаб ҳамкасбларимнинг фикр ва муносабатлари ОАВда кенг ёритилиб келмоқда. Бугун эса якуний қарор қабул қилиш учун Палатанинг ялпи йиғилиши ўтказилиши кутилмоқда.
Иттифоқ билан ҳамкорликнинг шакли бўйича ўз позициямни маълум қилишдан олдин, ЕОИИнинг истиқболи ва келажакдаги роли юзасидан ўз таҳлилий фикрларимни бўлишмоқчиман. Ўйлашимча, Иттифоқни 3 турдаги келажак кутаётганини тахмин қилиш мумкин.
1-вариант: Ўрта ва узоқ истиқболда ўз аҳамиятини йўқотиш.
Гарчи Иттифоқ пайдо бўлганига 10 йилдан ошган бўлса ҳам (Божхона Иттифоқи сифатида ҳамкорлик 2010 йилда бошланган), ҳалигача аъзо давлатлар ўртасида савдо алоқаларини ошириш ва иқтисодий ўсишга эришиш борасида сезиларли ютуқларга эришилмади. Aксинча, аъзо давлатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий келишмовчиликлар кўпаймоқда (Россия ва Белоруссия орасидаги келишмовчилилар мисолида кўриш мумкин), Иттифоқ ичидаги вазият ҳам таранглашгандек туюлмоқда. Қолаверса, коронавирус пандемияси фонида давлатлар ўртасида чегаралар ёпилиши, зарур озиқ-овқат маҳсулотлари импорт-экспортига чекловлар қўйилиши, иқтисодиётда протекционист қарорлар қабул қилиниши ортидан минтақавий ва глобал интеграция жараёнлари нафақат секинлаши, балки орқага қайтиши мумкинлигини ҳам кўпчилик башорат қилмоқда. Бошланган иқтисодий инқирозда нефт нархини кескин тушиб кетиши ва рублни қадрсизланиши эса Иттифоқ доирасида бу жараённи янада тезлатиши мумкин. Умуман олганда, юқоридаги ва бошқа омиллардан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, ЕОИИ чекланган ҳамкорлик алоқаларини сақлаб қолган ҳолда худди МДҲ каби минтақадаги яна бир аҳамиятсиз ташкилотга айланиши мумкин.
2-вариант: Янги аъзо давлатлар ҳисобига кенгайиб, халқаро майдонда кучли ташкилотлардан бирига айланиш.
Россиянинг Ғарб дунёси билан сиёсий алоқалари нормаллашиб, унга нисбатан қўйилган санкциялар бекор қилиниши ортидан халқаро майдонда ЕОИИга нисбатан ижобий қарашлар шаклланиши, дунёнинг етакчи давлатлари, ташкилотлари ва Иттифоқ ўртасида иқтисодий, савдо ва инвестицион ҳамкорлик кенгайиши ҳамда ташкилотга янги аъзолар, жумладан Ўзбекистон ва Тожикистон қўшилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Aлбатта бунинг учун биринчи навбатда Россия ҳукуматидан халқаро майдонда ва Иттифоқ доирасида «ўйин қоидалари»га қатъий амал қилиш, ЕОИИга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро тенг манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга мўлжалланган ташкилот сифатида кўриш ҳамда ундан ўз сиёсий мақсадларига эришишда инструмент сифатида фойдаланмаслик талаб этилади.
Лекин Россия ҳукуматининг охирги йиллардаги сиёсати ва ҳаракатлари, баъзан қўшни давлатларнинг суверенитет каби қадриятларини инкор қилишидан (Украина ва Грузия) келиб чиқиб хулоса қилинадиган бўлса, бу вариантни амалга ошиш эҳтимоли жуда-жуда паст.
3-вариант: Хитой иштироки ва таъсири доирасидаги бошқа бир интеграция/ташкилотга қўшилиб ёки бирлашиб кетиш.
Охирги йилларда Хитойнинг минтақадаги роли фаоллашгани ҳеч кимга сир емас. Натижада, бугун Хитой Марказий Осиё давларларининг асосий савдо ҳамкори ва минтақа давлатлари ишлаб чиқарадиган нефт-газ маҳсулотларининг энг катта харидори, шунингдек, «Бир камар, бир йўл» ташаббуси орқали минтақанинг энг катта сармоядорига айланди. Бу эса минтақада эртами-кечми Россия ва Хитойнинг манфаатлари тўқнашишини англатади. Табиийки, воқеалар бу ҳолатга етиб боришини иккала давлат ҳам истамайди. Чунки глобал майдонда Ғарб давлатларининг етакчилигига қарши туриш мақсадида охирги йилларда иккала давлат ўртасида яқин стратегик ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганлигини, нефт-газ соҳасида бир неча юз миллардлик гигант лойиҳалар имзоланганлигини унутмаслик керак.
Қолаверса, Иттифоқнинг барча давлатлари Хитой билан бирга Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг (ШҲТ) фаол иштирокчиси эканлиги ва ШҲТ доирасида ҳам аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорлик ва интеграцияга урғу берила бошлангани инобатга олинса, узоқ истиқболда Иттифоқнинг ШҲТга қўшилиб ёки бирлашиб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Шахсий хулосам ва позициям: Юқоридаги 3та вариантдан фикримча 1-вариантнинг ҳаётда ўз исботини топиш эҳтимоли катта. Қолаверса, EОИИда кучлар тенглиги таъминланмаганлиги (Eвропа Иттифоқидан асосий фарқи ҳам шунда менимча), яъни Росссиянинг сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий жихатдан ташкилотда мутлақ доминант позицияга эгалиги, Иттифоқнинг келажакда муваффақиятга эришиши қийинлигининг асосий сабабларидан бири деб ҳисоблайман. Гарчи, иқтисодий назариядан келиб чиқиб, интеграция ва минтақавий иқтисодий ҳамкорлик тарафдори бўлсамда, лекин юқоридаги сабабларга кўра мен ҳозирги ҳолатда EОИИ билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйилишига ва Ўзбекистоннинг Иттифоққа аъзо бўлишига қаршиман.
Лекин шу билан бирга бир нарсани унутмаслик керак, Россия биз учун муҳим стратегик ҳамкор, табиий ва абадий омил. Истаймизми-йўқми, Россия билан ҳам геосисёсий ҳам иқтисодий жиҳатдан боғланганмиз. Ўзбекистондан Россия билан яхши муносабатларда бўлиш, ўзаро алоқаларни ривожлантириб бориш талаб этилади. Бошқача айтганда Россиядек катта, қудратли ва бой давлат билан имкон қадар дипломатик йўл тутиб, келишиб яшаш бизнинг иқтисодий-сиёсий манфаатларимиз учун муҳим. Шу боис, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи билан кузатувчи мақомида ҳамкорликни йўлга қўйилиши прагматик ва дипломатик қарор, деб ҳисоблайман.
Кузатувчи мақоми бизга ташкилотни келажакда қайси томонга қараб йўналиш олганини кузатиб бориш, Иттифоқ доирасида қарорлар қабул қилиниш жараёни билан яқиндан танишиш, ташкилот билан ҳамкорликнинг мамлакатга эҳтимолий оқибатларини асосланган ҳисоб-китоблар асосида аниқлаш ҳамда шу асосда аъзоликни миллий манфаатларимизга мос ёки зидлиги борасида хулоса қилиш имкониниятини беради.
Шунингдек, Иттифоқ билан кузатувчи мақомида ҳамкорликни йўлга қўйиш билан чегараланмай, aйни пайтда бошқа халқаро иқтисодий ва сиёсий ташкилотлар, жумладан Жаҳон Савдо Ташкилоти, Европа Иттифоқи, ҳамда дунёнинг кучли гегемон давлатлари (Хитой, AҚШ, Россия) билан тўғридан-тўғри икки-томонлама ҳамкорлик алоқаларни изчил ривожлантириб боришимиз муҳим.
Дониёр Ғаниев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter