Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жозеп Боррель Марказий Осиёнинг геосиёсатдаги ўрнига баҳо берди

Жозеп Боррель Марказий Осиёнинг геосиёсатдаги ўрнига баҳо берди

Жозеп Боррель форум доирасида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев билан учрашди.

Фото: EИ делегацияси

Дунёнинг турли минтақаларида ихтилофлар кучайиб бораётган бир пайтда Марказий Осиёнинг геосиёсатдаги ўрни ва аҳамияти тобора ортмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель 29 январь куни Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё транспорт алоқалари бўйича инвесторлар форумидаги нутқида гапирган.

«Тўрт йил аввал Брюсселга келганимда (ЕИ олий вакили сифатида иш бошлаган вақти назарда тутилмоқда – таҳр.) Марказий Осиё анча олисда эди, энди эса сизлар барчанинг диққат марказидасизлар. Сизлар Европа ва Осиё ўртасида муҳим кўприксизлар. Европа ва Осиё ўртасидаги барча муҳим робиталар сизлар орқали ўтади. Шу боис ҳам биз учун сиз билан ҳамкорлик катта аҳамиятга эга», – дейди ЕИ бош дипломати.

Ж.Боррель икки минтақа ҳамкорлигида иқтисодиёт ва хавфсизлик чамбарчас боғлиқ йўналишлар эканини урғулаган.

«Хавфсизлик, робиталар, энергетика ва ресурсларни диверсификация қилиш нуқтаи назаридан ҳамкорлигимиз иқтисодий хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоғи керак. Иқтисодиёт ва хавфсизлик – бу икки истилоҳ нақадар бир-бирига яқин», – дейди сиёсатчи.

Иқтисодий ва сиёсий алоқаларни диверсификация қилиш ҳақида гапирган дипломат, хусусан, транспорт, энергетика ва маҳсулотлар етказишда муқобил йўллар кераклигини таъкидлаган.

2023 йил 23 октябрь куни Люксембургда Европа Иттифоқи – Марказий Осиё 19-вазирлар йиғилиши бўлиб ўтди. Эътиборга молик жиҳати, Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари ҳамда ЕИнинг 27 давлати вакиллари илк бор бир даврада жам бўлишди. Вазирлар машваратида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган йўл харитаси маъқулланди.

Ж.Боррель йўл харитасидан ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилувчи чора-тадбирлар ўрин олганини қайд этган.

Ўтган йили Қирғизистонда ташкил этилган етакчилар учрашувида президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи тўлиқ форматли саммитини 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланган эди.

ЕИ бош дипломати фикрича, мазкур саммит икки минтақа ўртасидаги алоқаларни янада кучайтиришда муҳим қадам бўлади.

Россиянинг Украинага босқинини ёдга олган Ж.Боррель мустақиллик ва суверенитет масаласига ҳам тўхталган.

«Ҳар қандай мамлакатнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги рад этилмайдиган қадрият бўлмоғи лозим. Биз кучлиларнинг айтгани айтган бўладиган, қудратли давлатлар ўзбилармонлик билан чегараларни ўзгартирадиган дунёга қайтмаслик учун қўлдан келган барча чораларни кўришимиз шарт», – дейди  ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили.

Аввал хабар берганимиздек, Европа Иттифоқи – Марказий Осиё транспорт алоқалари бўйича инвесторлар форуми доирасида минтақада барқарор транспортни ривожлантириш учун қарийб 1,5 миллиард евро миқдорида молиявий кўмак ажратиш ҳақида ҳужжат имзоланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг