Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Малайзия элчиси Ўзбекистон билан сайёҳлик йўналишидаги ҳамкорлик ҳолатига баҳо берди

Малайзия элчиси Ўзбекистон билан сайёҳлик йўналишидаги ҳамкорлик ҳолатига баҳо берди

Пандемия қоидалари енгиллашуви билан Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги сайёҳлик алмашуви ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда Малайзиянинг мамлакатимиздаги  фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳенди Ассан 14 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида гапирди.

«Truly Malaysia Roadshow» тадбири доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида Малайзия туризм агентлиги бош директори ўринбосари Искандар Мирза бин Муҳаммад Юсуф, агентликнинг Олмаота идораси вакили Нор Шазли бин Азми, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси вакили Шуҳрат Мирсаидов ҳам иштирок этди.

«Биз Ўзбекистон билан ҳамкорликда турли соҳалар қатори туризмга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Бу борада биргина факт – Малайзия Ўзбекистон фуқароларига биринчилардан бўлиб виза тартибини бекор қилганини қайд этиш мумкин. Коронавирус пандемияси туризм йўналишига кучли таъсир кўрсатди. Эндиликда соҳа оёққа турмоқда. Биз икки мамлакат ўртасида сайёҳлар алмашуви ошиши, сайёҳлик операторлари, меҳмонхона эгалари, умуман, мазкур соҳада ишлайдиган хизматчилар ишбилармонлик робиталарини янада кенгайтириши тарафдоримиз», – деди Малайзия элчиси.

Қайд этилишича, икки мамлакат ҳам бу борада катта салоҳият ва имкониятга эга.

«Ўз даврида ислом дини бешикларидан бўлган Ўзбекистон қадимий тарихий обидалари ва бой мероси билан сайёҳларни жалб этади. Малайзия ҳам гўзал табиати, бетакрор пазандалиги ва ривожланган сайёҳлик инфратузилмаси билан туризм бозорида ўз мавқеини янада мустаҳкамламоқда. Турли элат, дин ва маданият вакиллари аҳил яшаб келаётган Малайзиядан турфа дид ва таъбга эга сайёҳлар истаганини топишига ишончим комил», – деди Ҳенди Ассан. 

Дипломат икки мамлакат ўртасида сайёҳлик алмашувини оширишда тўғридан-тўғри авиақатнов муҳим ўрин тутишини таъкидлади. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компанияси Куала Лумпурга ҳафтасига 2 маротаба парвозларни амалга ошириб келган, аммо пандемия сабаб авиақатновлар тўхтаган эди. Матбуот анжуманида маълум қилинишича, жорий йил ноябрдан Тошкент – Куала Лумпур – Тошкент йўналишидаги мунтазам қатновларни қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Матбуот анжуманида соҳа масъуллари сайёҳлик маҳсулотлари ва хизматларини ўзаро оммалаштириш, бу борада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ҳақида сўзлаб бердилар.

Кейинги пайтларда икки мамлакат ўртасида туризм алоқаларини ривожлантириш кун тартибидаги муҳим масалага айланди. 

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов жорий  йил 29 март куни Малайзияда мазкур мамлакат туризм, санъат ва маданият вазири Ненси Шукри билан учрашиб, бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилган эди.

Аввал хабар берганимиздек, шу йил Қурбон ҳайити кунлари Малайзиядан Ўзбекистонга зиёратчи сайёҳлар учун илк чартер рейс ташкил этилди.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ушбу рейс билан келган малайзиялик зиёратчилар гуруҳи билан Самарқандда учрашди.

Жорий йил июль ойида Куала Лумпурда ташкил этилган халқаро анжуманда Малайзия ташқи ишлар вазири ўринбосари Қамаруддин Жаъфар туризмни Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири деб атаган эди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг