Ўзбекистон делегацияси Иордания подшоҳи билан учрашди

Маълумки, жорий йилнинг 25-26 август кунлари Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлган эди. Ташриф давомида Ўзбекистон ва Иордания ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик келишувлари имзоланган эди.
Ана шу ташрифда белгиланган ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси Сардор Умрзоқов, Президент маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ҳамда мамлакатимиз расмийларидан иборат делегация Иорданияда хизмат сафари билан бўлиб турибди.
Делегация аъзолари Иорданияда бир қатор ҳамкорлик учрашувларини ўтказиши режалаштирилган. Ана шу мулоқотларнинг дастлабкиси Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн билан ўтказилди.
Учрашувда Сардор Умрзоқов Иордания подшоҳига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки мамлакат ҳамкорлик алоқаларида янги давр бошланганини эътироф этди.
Абдулла II Иордания ва Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам дўстликни юқори баҳолаб, ҳамкорликни давом эттириш ва мавжуд ўсиш имкониятларидан, хусусан, савдо, сармоя, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларида фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари кун давомида бошқа бир қатор учрашувларни ҳам ўтказишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter