Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Таълим, тадбиркорлик ва матбуот – Президентликка номзод муҳим масалаларга тўхталди

Таълим, тадбиркорлик ва матбуот – Президентликка номзод муҳим масалаларга тўхталди

«Адолат» социал-демократик партиясидан Президентликка номзод Робахон Махмудова парламентаризм ва парламент демократиясини янада ривожлантириш йўлида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф этди:

- тадбиркорлик субъектларига қўшимча харажатлар юклайдиган барча қоидаларни фақат қонунлар орқали қабул қилинишига эришиш;

- қонунларни тўғридан-тўғри ишлайдиган механизмлар билан қабул қилиш, бу борада парламент қўмиталари ишини кучайтириш;

- парламент фаолиятида тадбиркорлик субъектлари ишига аралашмаслик, уларга оид масалаларни ижро органларидан талаб қилиш;

- депутатларнинг иш вақтининг ярмини ўз сайловчилари ёнида ўтказишини белгиловчи тартибни жорий этиш.

Президентликка номзод шу билан бирга таълим соҳасига тўхталаркан, марказдан узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган, ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олиши кафолатланишини таъкидлаб ўтди. «Жамиятдаги ижтимоий мавқейидан қатъий назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини кенгайтириш лозим деб ҳисоблаймиз», – деди у.

Шунингдек, Робахон Маҳмудова суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органдан «қочиш» стереотипини тубдан ўзгартириш кераклигини айтиб ўтди.

Биз бугунги кунда шундай маданият шакллантиришимиз керакки, токи ҳеч бир инсон у ёки бу ҳуқуқбузарликни гувоҳи бўлса, уни кўрмаганга олмаслиги, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар қилиш шарафли фуқаролик бурчи эканлигини англаши лозим.

Бунинг учун ҳуқуқбузарликка гувоҳ бўлган одамни суд ва тергов органларига овора қилиб чақиравермасдан, замонавий рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш ва уларни рағбатлантириш каби усуллардан фойдаланиш масалалари ҳам сайловолди дастуримиздан ўрин олган, – деди Робахон Маҳмудова.

Президентликка номзод шунингдек ўз чиқишлари давомида матбуот соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

ОАВ мустақиллиги ва эркинлиги, журналистнинг эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитларни янада кенгайтириш муҳим вазифалардан биридир.

Бу борада Дастуримизда мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда ОАВнинг фаоллигини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган, – деди Робахон Маҳмудова.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг