Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Толибон» Ўзбекистонга талаб қўйишга ҳақлими?

«Толибон» Ўзбекистонга талаб қўйишга ҳақлими?

Бундан уч йил аввал Афғонистонда ҳокимият ўзгариши ва талатўплар пайти Ўзбекистонга ҳудудига ўтган вертолёт ва самолётлар тақдири сиёсий баҳслар мавзусига айланди.

Маълумотларга кўра, 2021 йил август ойида, Афғонистон давлати тепасига Толибон» ҳаракати келиши арафасида афғон учувчилари бошқарувидаги 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт Ўзбекистон ҳаво ҳудудини кесиб ўтган. Бу АҚШ ҳукумати томонидан Афғонистонга тақдим этилган ҳарбий техникалар эди.

Кобул бир неча йилдан бери Тошкентдан мазкур ҳарбий самолёт ва вертолётларни қайтаришни талаб қилиб келади.

Бу борадаги баҳс бир неча кун аввал яна қайта бошланди. Гап шундаки, 26 август куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник «Kun.uz» нашрига берган интервьюсида ушбу авиатехникаларнинг кейинги тақдири бўйича келишувга эришилгани, ҳарбий техникалар Ўзбекистонда қолиши, томонлар бу борада аллақачон қўшма дастурни амалга оширишга киришганини маълум қилди.

Афғонистон ислом амирлиги мудофаа вазирлиги Жонатан Ҳеникнинг ушбу баёнотига муносабат билдириб, «Ўзбекистондаги афғон вертолётлари ва самолётлари тақдирига оид ҳар қандай келишувни қабул қилиб бўлмаслиги»ни қайд этди. «Толибон» маъмурияти  «АҚШ афғон халқининг мулкини беришга ёки мусодара қилишга ҳаққи йўқлиги»ни таъкидлаб, Ўзбекистон ҳукуматини «яхши қўшничиликни ҳисобга олган ҳолда оқилона қарор қабул қилиш ва ҳарбий ҳаво кучлари самолётларини қайтаришда Афғонистон билан ҳамкорлик қилиш»га чақирди.

Ўзбекистон ҳукумати бу баёнотга муносабат билдирганича йўқ. Аммо ўзбекистонлик таҳлилчилар «Толибон» маъмуриятининг Америка техникасига эгалик қилишга ҳаққи йўқлигини айтмоқда.

«Толибон» вакиллари ушбу техникани афғон халқига тегишли деб таъкидласа-да, у АҚШнинг ҳарбий ёрдам дастури доирасида Афғонистонга тақдим этилганини ёдда тутиш керак. Шундай қилиб, техника қонуний равишда Қўшма Штатларнинг мулки саналади ва уни кейинчалик ишлатиш ёки бошқа давлатларга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи Америка томонига тегишли. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеникнинг техникани Ўзбекистонга топшириш тўғрисидаги баёноти бу ҳуқуқни тасдиқлайди», – деб ёзади Телеграмдаги «Strategic Focus: Central Asia» канали.

Таъкидланишича, «Толибон»нинг ҳарбий техникани талаб қилишга бўлган ҳар қандай уринишлари халқаро ёрдам доирасида етказиб берилган мол-мулкни ўзлаштиришга уриниш сифатида қаралиши мумкин ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келмайди.

«Дунёдаги геосиёсий беқарорлик шароитида техниканинг Ўзбекистонда сақланиши минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка ҳисса қўшишга хизмат қилади. Бу эса ҳам Ўзбекистон, ҳам халқаро ҳамжамият манфаатларига мос келади», – деб хулоса қилади муаллиф.

Афғоншунос олим Суҳроб Бўронов ҳам «Толибон» Тошкент ва Вашингтон ҳарбий техника борасида келишувга эришганидан норози бўлишга ҳеч бир асосга эга эмас деб ҳисоблайди.

АҚШ ҳукумати 2022 йилдаёқ Афғонистондан олиб ўтилган самолёт ва вертолётларни Ўзбекистонда қолдириш ниятини билдирган эди.

Аввал хабар берганимиздек, Қўшма Штатлар уч йил аввал Афғонистондан қўшинини олиб чиқиш пайти қиймати 7 миллиард доллардан ортиқ бўлган ҳарбий техникани «Толибон» ихтиёрида қолдиришга мажбур бўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг