«Харидни супермаркетда қиламан». Бугун 65 ёшини нишонлаётган Германия канцлери Ангела Меркель болалиги, шахсий ҳаёти ва сиёсий фаолияти ҳақида
Ангела Доротея Меркель (қизлик фамилияси — Каснер (нем. Kasner) — немис давлат ва сиёсий арбоби, физик-кимёгар олима, Германия федерал канцлери (2005 йил 22 ноябридан).
Германия тарихидаги канцлер лавозимида ишлаётган биринчи ва ягона аёл.
Ангела Меркель бугун, 17 июль куни 65 ёшини қарши олди.
ГДРда ўтган болалиги ҳақида
«Отам — Германиянинг урушдан кейин совет армияси назорати остида қолган қисмидан... Ўша ерда катта бўлганман. Ана шу тизим билан чиқишолмаганим ҳам рост, аммо бу болалигим яхши ўтмаганини англатмайди. Мен яшаган жойларнинг табиати жуда гўзал эди, Карелияни эслатарди. Саноқсиз кўллар, катта ўрмонлар, оз сонли одамлар. Ажойиб оила эдик, укам ва синглим, кўплаб дўстлар».
Журналист Михаил Гусманнинг «Формула власти» кўрсатувига берган интервьюсидан, 2006 йил, 25 апрель.
Эри, Иоаҳим Зауэр ҳақида
«У билан муносабатларимни шубҳа остига қўйгандан кўра, учта учрашувни бекор қилганим маъқул. Улар (муносабатлар) менга ишонч беради. У (И.Зауэр) билан ниманидир гаплашишимиз ҳам шартмас. Биз шунчаки биргаликда сукутга чўмишимиз мумкин.
Ангела Меркелнинг журналист ва сураткаш Герлинда Кельбль томонидан ёзилган биографиясидан.
Ҳазил ҳақида
«Сиёсатда ҳазил керак. Кунига йўқ деганда бир марта куламан, бўлмаса, ишлай олмайман».
Германияда чиқадиган «Brigitte» аёллар журнали учун Брижит Ҳуберга берган интервьюсидан,
2017 йил, 26 июнь.
Физика ва сиёсатга кириб келиши ҳақида
«Табиий фанларни ҳатто диктатура ва социализим шароитида ҳам ўзгартириш мумкинмас. Икки карра икки — ҳар доим икки. Инкор этиб бўлмас нарсалар билан шуғулланиш учун ҳам физикани танлаганман. Германияда 1989 йили девор ағдарилганидан сўнг янги одамлар, ГДРнинг собиқ фуқароларига ҳам талаб бўлишини тушундим. Сиёсатга аввалбошда унчалик ҳам англаб кириб келганман деёлмайман.
Журналист Михаил Гусманнинг «Формула власти» кўрсатувига берган интервьюсидан,
2006 йил, 25 апрель.
Сиёсатчи-эркаклар ҳақида
«Эркаклар даврасида ўзимни исканжага тушгандек ҳис қиламан, иложи борича чеккароқдан жой оламан.
Германияда чиқадиган «Brigitte» аёллар журнали учун Брижит Ҳуберга берган интервьюсидан,
2017 йил, 26 июнь.
Дам олиш кунлари, бўш вақтлари ҳақида
«Шанба кечлари уйдан чиқмаслик пайида бўламан. Ва бирон нарса пишираман. Харидни супермаркетдан қиламан, бу завқни тортиб олишларига йўл қўймайман. Аммо у ерда мени кўпинча суратга олишади.
«Bild» газетаси учун собиқ футболчи Филипп Ламга берган интервьюсидан,
2017 йил, 19 сентябрь.
Адабиёт ҳақида
«Вақти-вақти билан китобга шўнғиш — ажойиб. Ташвишларни унутиб, ўқиётган китобинг билан бутунлай бошқа оламга қадам қўясан. Айниқса, таътил пайтидаги мутолаага етадигани йўқ».
«Handelsblatt» газетаси учун Габор Штайнгартга берган интервьюсидан,
2017 йил, 29 август.
Узун маърузалар ҳақида
«Сиёсий фаолиятим бошида узоқ вақт гапиролмасдим. Физикада кўп гапирилмайди, маърузалар ҳам ихчамгина. Сиёсатда кўп нарсалар такрор-такрор айтилавериши жуда ғашимга тегарди... Сиёсатда асосий вазифа — имкон қадар кўпроқ инсонларга муддаони етказа олиш. Шунинг учун биргина маъруза билан иш битмайди. Бунга ўрганиш учун кўп вақт сарфлаганман. Ҳозир кўп гапираётганимдан баъзида ўзим ҳам қўрқиб кетаман.
«Bild» газетаси учун собиқ футболчи Филипп Ламга берган интервьюсидан,
2017 йил, 19 сентябрь.
Иқтисодиёт ҳақида
«Бир пайтлар биз жаҳон дорихонаси эдик. Кейин автомобиллар мамлакатига айландик. Машинасозлигимиз дунёни бошқарган. Мана шу охирги икки соҳада ҳозир ҳам ўрнимизни йўқотганимиз йўқ. Аммо биринчи компьютер, биринчи MP3-плеерни ҳам биз ихтиро қилганмиз... Мен чиндан ҳам ижтимоий бозор иқтисодиёти тарафдориман, бироқ бугун дунёда ўз имкониятини кутиб турганлар ҳам оз эмас.
«Handelsblatt» газетаси учун Габор Штайнгартга берган интервьюсидан,
2017 йил, 29 август.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter