Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Самарқанд вокзали атрофида кўп қаватли уйлар қурилади

Самарқанд вокзали атрофида кўп қаватли уйлар қурилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоят фаоллар йиғилишида аҳолини янги уй жойлар билан таъминлаш режаси ҳақида маълумот берди.

— Бизда янги шаҳар қуриш тажрибаси бор. Андижонда одам кўп, шу сабабли шаҳар яқинида буткул бошқа шаҳар қуриш бўйича иш олиб боряпмиз. Самарқандда ҳам шу ташаббусни амалга оширамиз.

Самарқанд шаҳар аҳолисини уй-жой билан таъминлаш ишларини давом эттириб, шаҳарнинг Қорасув, Ширин ва вокзал орти ҳудудларида «реновация» тамойили асосида замонавий турар-жойлар барпо этилади.

Хусусан, жорий йилда Қорасув массивида 3 минг 500 та хонадонли 29 та 16 ва 25 қаватли уйлар фойдаланишга топширилади.

Вокзал орти ҳудудидаги 3 мингга яқин эски ҳовлилар ўрнида, 100 мингдан ортиқ аҳоли учун кўп қаватли замонавий уйлар қурилади. Бу ўринда эски ҳовлиларда яшаётган аҳоли хавотир олишига ҳеч қандай асос бўлмаслиги керак. Ҳаммага компенсация тўланади,  уй жой эгалари рози қилинади.

Ширин массивида 90 минг нафар аҳолига мўлжалланган шаҳарчани барпо этиш орқали, парклар ва дам олиш масканларини қуриш ишлари бошланади.

Жамшид Қўчқоров, Темур Ишметов мазкур уй-жойлар қурилишини бошлаш учун вилоят ҳокимлигига 2 йил муддатга 200 миллиард сўм ссуда маблағларини ажратсин, — деди давлат раҳбари.

Шунингдек Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрини 1 миллион аҳоли яшайдиган йирик шаҳарга айлантириш учун Самарқанд, Пастдарғом, Тайлоқ ва Оқдарё туманлари ҳудудидан 18 минг гектар ер майдонини қўшиб бериш ва вилоят маъмурий марказини Гулобод қўрғонига кўчириш бўйича Самарқанд фаолларининг таклифларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг