Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Акмал Нур Япония ТИВ томонидан тақдирланди

Акмал Нур Япония ТИВ томонидан тақдирланди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нур (Нуриддинов) Япония ташқи ишлар вазирининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Мукофот Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма томонидан Тошкентда ташкил этилган анжуманда тантанали тарзда топширилди.

Япония ТИВнинг Фахрий ёрлиғи Кунчиқар ўлка ҳамда ҳамкор мамлакатлар ўртасидаги дўстона робиталарни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган шахслар ва ташкилотларга тақдим этилади.

«Жаноб Акмал Нуриддинов Ўзбекистондаги «Халқ рассоми» юксак унвонига эга энг таниқли рассомлардан саналади. У тасвирий санъат фаолиятидан ташқари олий таълим муассасаси профессори сифатида маданият ва санъат йўналишида кадрлар тайёрлаш билан ҳам шуғулланиб келмоқда. Сирасини айтганда, жаноб Нуриддинов Ўзбекистонда маданият ва санъат йўналишида муҳим ўрин тутувчи ижодкор саналади», – деди Япония элчиси тақдирлаш маросимида.

Бадиий академия раиси Япония элчихонасининг маданият, санъат йўналишидаги лойиҳаларида ҳам фаол ҳамкор сифатида қанашиб келади.

«Жаноб Нуриддинов Ўзбекистонда япон маданиятини танитиш борасида қанчалик кўп саъй-ҳаракат қилганини сўз билан ифодалаш мушкул», – дея ижодкор фаолиятини юксак баҳолади дипломат. 

Ўз навбатида, Акмал Нур ушбу мукофот Ўзбекистондаги барча санъат намояндалари меҳнатининг эътирофи эканини таъкидлади.

Қайд этилишича, Бадиий академия раиси Акмал Нурни тақдирлаш маросими Ўзбекистон ва Япония дипломатик муносабатларига 30 йил тўлган пайтда ўтказилаётгани рамзий маъно-мазмун касб этади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевга Япония ҳукуматининг Чиқаётган қуёш Катта Кордон ордени топширилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг