Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сурхондарё вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси собиқ терговчиси қўлга олинган

Сурхондарё вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси собиқ терговчиси қўлга олинган

Сурхондарё вилояти Миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси тергов бўлимининг собиқ раҳбари Нодир Тўрақулов ҳибсга олинган. Бу ҳақда бир қатор хорижий ОАВ ҳамда «Xabar.uz» манбаси хабар берди.

Маълум бўлишича, Н.Тўрақуловга Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Собиқ Бош прокурор Рашид Қодировнинг куёви бўлган Н.Тўрақулов Сурхондарё вилоятидаги фаолияти давомида шериклари билан нафақат маҳаллий, балки хорижий тадбиркорларнинг бизнесини тортиб олиш, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилиш, наркотик савдоларини ташкил этиш каби жиноятларга алоқадорлиги, Денов ва Термиз шаҳарларида унга тегишли «MALIKA GOLD» ресторани, «ORIFA» сауналари борлиги айтилмоқда.

Нодир Тўрақулов Сурхондарёдаги фаолиятидан сўнг Республика Миллий хавфсизлик хизмати тергов бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Миллий хавфсизлик хизматининг вилоятдаги фаолиятини жиддий танқид остига олган эди. Давлатимиз раҳбари ўз сўзида фаолиятини Сурхондарё вилоятида бошлаган МХХ раиси ўринбосари Шуҳрат Ғуломовни «сотқин» дея атаган эди. Ғуломов эса Тўрақуловнинг устози экани айтилади.

«Миллий хавфсизликдагилар Сурхондарёни ўлдирган. Икки-уч сотқин, давлат сотқинлари ишлаган. Булар Сурхондарёни от ўйин қилиб ташлаган. Ҳамма тизимни эгаллаган, ҳамма ташкилотни эгаллаган. Яна бир-иккитаси Тошкентда юрибди, бориб ишдан оламан.

13 йил бош вазир бўлганман. Бу ердаги вазиятни биламан. Ҳоким ҳеч ким эмасди. Ҳамма ҳокимлар уларнинг хонасида бўларди.

Сал қарши гап билдирса, ғийбат қилиб ишдан олиб ташларди. Ўғрига чиқарарди, бир айбни бўйнига қўярди.

Энди у замон тугади. Ман буларнинг биронтасига ишонмайман, буларнинг маълумоти керак эмас. Шуни билинглар.

Энди тўрт раҳбар кўкрагингни кериб ишла. Халқ учун, ватан учун ишла. Энди ҳеч ким эмас улар. Уларга ваколат берган одам йўқ энди.

Сурхондарёда бу масалада оғир эди. Шунинг учун бу ерга битта ҳам бизнесмен келмаган, келдими дарров қамарди. Бу фалончининг одами, бу пистончининг одами, бу ҳокимнинг пул берадиган одами, деб. Сан кимсан, ўзинг пул бермайдиганмидинг, сан Ғуломов. Сотқин. Поранинг бошида ўзи ўтирарди», — деган эди Шавкат Мирзиёев.

Президент танқидига дучор бўлганлар орасида айнан Нодир Тўрақулов ҳам борлиги айтилади.

Биз ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ҳарбий прокуратура матбуот хизмати билан боғландик. «Қўлимизда бу бўйича расмий маълумот йўқ. Шунинг учун ҳам сизга аниқ бирор факт айта олмайман», — деди матбуот хизмати раҳбари Даврон Тўраев.

«Xabar.uz» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг