Месси жароҳат олди

Лионел Месси Лигалар кубоги доирасида «Интер Майами»нинг «Некакса» (Мексика)га қарши ўйинида 11-дақиқада алмаштирилди. Месси сонидан жароҳатланган, деб ёзди AP.
Жарима майдончаси яқинида 8-дақиқада икки ҳимоячи билан курашда аргентиналик юлдуз йиқилган ва қўли билан газонни муштлаган. Сўнгра индамай захира ўриндиғи томон йўл олган. Икки-уч дақиқа унга ёрдам кўрсатилган, шундан сўнг алмаштиришга қарор қилишган.
Ўйиндан кейинги интервюда «Интер Майами» бош мураббийси Хавер Маскерано Месси оғриқни ҳис қилмаганини, аммо сонининг тиззадан тепа қисмида ноқулайлик сезганини айтган. Тиббий кўрикда тафсилотлар маълум бўлади.
Ўйиннинг асосий вақти 2:2 ҳисобида тугади, пеналтилар сериясида «Интер Майами»нинг омади келди — 5:4.
Лигалар кубоги — MLS ва Мексиканинг MX-лигаси клублари ўртасида ҳар йили ўтказиладиган турнир.
Лионел Месси фаолияти давомида сон қисмидан бир неча марта жароҳат олган. Чап сони мушагидаги жароҳат сабабли, у март ойида терма жамоадаги икки ўйинни ўтказиб юборганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter