«Викинглар» Ҳусановни ҳам аяшмади
Европа Чемпионлар лигаси 7-турида Норвегияга сафар қилган «Манчестер Сити» «Будё-Глимт»дан мағлубиятга учради.
Гвардиола жамоаси ўйинни ишончли бошлаган, тўп назоратини сақлаётгандек тасаввур уйғотаётганди. Аммо мезбонлар икки дақиқа ичида (22 ва 24-дақиқалар) мувозанатни бутунлай ўзгартириб юборишди ва биринчи бўлимни иккита гол фарқи билан якунлашди.
Иккинчи таймда «Будё-Глимт»нинг ҳужумлари кучайди ва 58-дақиқада таблодаги ёзув 3:0 ҳолатига келди. Орадан икки дақиқа ўтиб, Шерки фарқни қисқартирди.
Меҳмонлар сардори Родри 62-дақиқада иккинчи сариқ карточкани олиб, майдондан четлатилганидан сўнг амалда ўйин тақдири ҳал бўлди. Шу пайтгача Чемпионлар лигасининг бу мавсумида 6 ўйинда атиги 3 очко тўплаган норвегияликлар илк ғалабали уч очкони «Сити»дан тортиб олишди.
Ўйинда Абдуқодир Ҳусанов майдонда тўлиқ ҳаракат қилди.
«Будё-Глимт» ўз майдонида рақибнинг номи, мураббийининг кимлигига қараб ўтирадиган жамоа эмас. Европа конференциялар лигасининг 2021 йил октябрида бу жамоа Жозе Мауринио бошчилигидаги «Рома»ни 6:1 ҳисобида қақшатқич мағлубиятга учратган эди. Ўшанда Элдор Шомуродов римликлар сафида иккинчи таймда тўлиқ ҳаракат қилганди.
Мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» ҳисобида 13 очко бор (жадвалда пасайиши аниқ), «Будё-Глимт» эса 6 очко билан ҳозирча 26-ўринга кўтарилди.
ЕЧЛ. 7-тур
Будё-Глимт – Манчестер Сити 3:1
Голлар: Ҳог 22, 24, Ҳауг 58 – Шерки 60
Манчестер Сити: Доннарумма, Люис, Абдуқодир Ҳусанов, Аллейн, Аит-Нури, Родри, Рейндерс, О’Райли, Фоден (Мармуш, 70), Шерки, Ҳоланд.
Четлатиш: Родри 62 (иккинчи сариқ карточка).


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter