Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бахтиёр Шералиев

Муаммодан қутулиш учун ундан қочиш эмас, уни ҳал қилиш керак!

Дарсликлар, дарсликлар, дарсликлар…

Дарсликлар, дарсликлар, дарсликлар…

Фото: «Газета.uz»

Илм-фан дунё бўйлаб тўхтовсиз ривожланиб борар экан, ҳар бир жамият ўз тараққиётини усиз, унинг ютуқларисиз тасаввур эта олмайди. Айни мана шу сабабми, сўнгги йилларда ривожланган давлатлар бюджетидан илм-фанни қўллаб-қувватлашга ажратиладиган маблағлар миқдори йилдан-йилга ортиб бормоқда. Халқаро ЮНEСКО ташкилотининг хабар беришича, бугунга келиб жаҳон бўйича илмий тадқиқотлар учун йилига 1,7 триллион доллар миқдорида маблағ сарфланмоқда, унинг 80 фоизи 10 та мамлакат ҳисобига тўғри келади.

Ривожланган мамлакатларнинг ЯИМ улушида ушбу соҳага маблағ ажратиш фоизи мазкур давлатлардаги ривожланиш кўрсаткичлари билан тўғри пропорционал эканлигига гувоҳ бўламиз.

Жумладан, Корея Республикаси илмий тадқиқотлар учун ЯИМнинг 4,3 фоизини, Исроил 4,2, Япония 3,4, Швейцария 3,2, Германия 2,9, АҚШ 2,7 фоизини сарфламоқда. Табиийки, соҳага киритилаётган активлар ўзининг мевасини бермай қолмаяпти.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам илм-фанга эътибор бир мунча кучайган бўлса-да, лекин жуда кўп муаммолар ҳали-ҳануз ўз ечимини кутиб турибди. Шу ўринда илм-фан соҳасидаги энг муҳим жиҳат — кадрлар масаласига эътибор қаратмай иложимиз йўқ. Боиси, маълум бир илмий доирадаги кадрларнинг салоҳиятини ривожлантирмай туриб, ушбу минтақадаги илм-фаннинг ривожланишига эришиб бўлмайди. Малакали, кучли билимли ва замон билан ҳамнафас кадрларни етиштириш эса худди мана шу йўналишларда қилиниши керак бўлган энг муҳим қадамлардан бири бўлиши даркор. Ўз-ўзидан, бундай кадрларни етиштириб чиқаришда ўрта умумий, ўрта махсус ва олий таълимдаги ўқитиш жараёни билан боғлиқ ҳар бир жиҳат бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилиши, талабга жавоб бермайдиган томонлари зудлик билан қайта ислоҳ қилишини шарт.

Ҳар қандай илм соҳасининг эгаси ўз йўналишидаги дастлабки фундаментал билимларни айнан дарсликлардан олади.

Содда қилиб тушунтириладиган бўлса, айни вақтда илм-фан янгиликлари, натижалари, хулосалари жаҳон илм-фанининг норасмий тили ҳисобланган инглиз тилида мураккаб услубда ёритиб борилмоқда, улар билан зудликда танишиб бориш, жаҳон илм-фани билан ҳамнафас бўлиш тадқиқотчилардан ушбу соҳага оид элементар билимларни мукаммал билишни талаб этади. Хўш, бугунги кунда Ўзбекистондаги мактаб, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларидаги дарсликлар мана шундай замонавий талабларга жавоб бера оладими? Уларни ўқиб ўзлаштираётган ўқувчи ва талабалар ушбу фанлар, соҳалардан керак бўладиган фундаментал билимларга замон талаблари даражасида эга бўлмоқдами? Мен таълим соҳасининг бир вакили сифатида бу саволларга қониқарсиз ҳолатдамиз, деб жавоб қайтарган бўлар эдим. Фикрларим қуруқ бўлмаслиги учун ўз мутахассислигимдан келиб чиққан ҳолда, биология йўналишидаги дарсликларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Мактабда биология фанидан ўқитиладиган Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган дарсликлар ҳақида умумий қилиб шуни айтиш мумкинки, уларнинг деярли ярмидан кўпи айни бугунги илм-фан нуқтаи назаридан анча эскирган маълумотлар ва тушунчалар билан тўла. Масалан, 7-синф зоология дарслигини олиб қарасангиз, у кейинги 20 йил мобайнида деярли 5-10 фоизга ҳам ўзгармаганлигига гувоҳ бўласиз. Муаммо шундаки, мазкур дарсликдаги кўп рақамлар, кўрсаткичлар жуда эски. Қолаверса дарсликнинг 2017 йилги нашрида берилган айрим ҳайвон турлари систематик жиҳатдан аслида умуман бошқа систематик гуруҳларга киради. Муаллиф эса ҳар тўрт йилда қайта чоп этиладиган дарсликни ақалли тўрт йилда бир маротаба жаҳон илм фани янгиликлари билан бойитмаган, эски кўрсаткичларни янгилари билан алмаштириб кетмаган.

Аниқ мисол келтирадиган бўлсам, болаларимиз бир ҳужайрали хивчинли ҳайвон деб ўрганаётган «волвокс» деб аталган организм олимлар томонидан ўсимлик деб эътироф этилганига яқинда ярим аср бўлади ёки дарсликда ҳали ҳанузгача алоҳида туркум сифатида кўрсатиб келинаётган куракоёқлилар туркумининг ўз мақомини йўқотиб, йиртқич сут эмизувчилар қаторига қўшилганига эса 30 йил бўлади.

Бундай мисоллар шу даражада кўпки, уларнинг барчаси саналса, мақоламиз чўзилиб кетади. Дарсликлардаги бундай камчиликлар фақат зоология дарслиги билан чекланиб қолмайди, улар юқори синф дарсликларида ҳам талайгина топилади.

Энг алам қиладигани, дарсликларимиз учун асос бўлаётган маълумотларнинг аксарияти ҳали-ҳануз Собиқ иттифоқ давридаги китоблар, маълумотлар, дарсликлардан олинмоқда.

Наҳотки, ХХI асрда бутун дунё ўсимлик деяётган организмни биз ҳали ҳануз ҳайвон деб ўргансак? Наҳотки, мактабни битириб чиқаётган ўқувчиларимиз бундан 50 йил олдинги маълумотлар билан қуроллантирилса? Наҳотки, бундай ишга шу даражада масъулиятсизлик билан ёндашиш мумкин бўлса?

Шу ўринда Халқ таълими вазирлигига бу борадаги жиддий эътирозларимни билдириб ўтмоқчиман. Ёш авлодни замонавий илм-фан маълумотлари билан қуроллантириб боришдек масъулиятли ишга панжа ортидан қараш, дарсликларни кучли экспертизадан ўтказилмасдан тасдиқлаш мумкин эмас. Бошқа фанлар мутахассислари ҳам ўз йўналишларидаги мактаб дарсликларида етарлича муаммолар борлигини айтиб бера олишади. Бу ерда мақсад дарсликлардаги камчиликларни топиб, уларнинг муаллифлари ёки вазирликнинг номини қора қилиш эмас, аксинча мунтазам, сурункали давом этиб келаётган беэътиборлик иллатига барҳам беришдан иборат.

Олий таълим тизимида фойдаланиладиган дарсликларнинг аҳволи умумий ўрта таълим тизимидаги ҳолатдан ўн карра ёмон десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Айни йўналишдаги мавжуд муаммоларни санаб ўтишга ҳаракат қиламан:

  • олий таълимдаги дарсликлар борасидаги энг катта муаммо бу — ўзбек тилидаги дарсликларнинг етишмаслигидир. Юртимиз олийгоҳларида ўқитиладиган талабаларнинг деярли 90 фоиздан ортиғи айнан ўзбек тилида ўқитилади, лекин асосий фойдаланиладиган дарсликлар мана чорак асрдирки, ҳамон эски совет давридаги адабиётлар бўлиб қолмоқда;
  • ўзбек тилидаги мавжуд дарсликларнинг деярли 90-95 фоизи худди мана шу фандан Собиқ иттифоқ даврида чоп этилган дарсликларнинг таржималари бўлиб, уларнинг аксариятини илмий жиҳатдан деярли яроқсиз деб ҳисобласа ҳам бўлади. Биргина мисол келтириб айтишим мумкинки, ХХI асрнинг охирги ўн йилликларидан бошлаб биология фани инқилобий тарзда ривожланди, турларни аниқлашда қўлланиладиган методлар батамом янгиланди, ўрганиш усуллари қайтадан ишлаб чиқилди, аввал ишониб келинган жуда кўп ҳолатлар сўнгги илмий тадқиқотлар асосида буткул бошқача эканлиги асослантирилди. Лекин булар ҳақида биология йўналишида ўқийдиган талабаларнинг аксарияти деярли хабардор эмас. Уларга биология фанидан сўнгги илмий мақолалар билан танишиш имконияти берилса, уларни ушбу мақолаларнинг 10 фоизини тушунишга ҳам «тиши ўтмайди». Нимага?! Чунки янги маълумотни тушуниш учун зарур бўлган фундаментал билим мавжуд эмас! Ушбу гапларимни мамлакатимиз олий таълими тизимида бакалавр босқичида таҳсил олиб, магистратура ёки PhD даража олгани ривожланган давлатларга ўқишга борган ёшлар жуда яхши тушунадилар. Улар хориж ўқитиш тизимига киришиб кетишга ҳар томонлама қийналадилар, боиси бизда аввало ўқитиш тизими жаҳон стандартларидан анча орқада қолган. Қолаверса, дарсликларимиздан ўрганиладиган билимлар талабаларни замонавий даражада қуроллантира олмайди.
  • нашр йили янги бўлса-да, айрим ўзбек тилида чоп этилган дарсликларнинг ичини варақлар экансиз, уни дарслик дейишга ҳам тилингиз бормайди. Ушбу дарсликларни қайси илмий кенгаш тасдиқдан ўтказар экан, ҳайрон қоласан киши. Мавзуларнинг ўзаро мантиқан боғланмаганлиги, маълумотларнинг бир-бирини инкор қилиш ҳолатлари, ноаниқ таржима туфайли тўмтоқ ҳолатга келиб қолган илмий тушунчалар ҳар қадамда кўзга ташланади.

Албатта, бу борада оламшумул кашфиётлар қилиш шарт эмас, шунчаки ривожланган давлатлар қўллайдиган усуллардан фойдаланиш кифоя қилади деб ўйлайман. Хитой давлати мисолида айтадиган бўлсам, дунё бўйича фанлар юзасидан чоп этилган энг машҳур ва энг янги дарсликлар чоп этилиши биланоқ, бир йилга қолмай хитой тилига соҳа мутахассислари томонидан юқори илмий сифатда таржима қилиниб, бутун олий таълим муассасаларига тарқатилади. Талабалар мана шу дарсликларни ўз она тилларида ўқиб ўрганадилар.

Ўз фани бўйича замонавий илм-фаннинг энг сўнгги фундаментал билимлари билан қуролланган талаба соҳага оид сўнгги чоп этилган илмий мақолаларни ҳам бемалол ўқиб, таҳлил қила олади, фикрини бера олади. Нега биз мана шундай қила олмаймиз? Қандай тўсиқлар мавжуд? Нега Олий таълим вазирлиги мана шундай реал муаммолар билан юзлашишни истамайди?

Шу ўринда яна бир жиҳатни таъкидлаб ўтишни истар эдим, олий таълим муассасаларини сўнгги русумдаги лаборатория, АКТ жиҳозлари билан таъминлашдан аввал (аслида ҳали ундай эмас) уларни сифатли дарсликлар билан таъминлашни ўйлаш керак. Зеро ҳар қандай амалий фаолият асосида кучли назарий билим ётади. Назарий билими етарли бўлмаган, сўнгги фан янгиликлари билан қуролланмаган тадқиқотчидан янгилик, кашфиётлар кутиш ерга уруғ сепмасдан туриб ҳосил кутиш билан баробар. Таълим соҳасидаги мана шундай энг қуйи, энг майда муаммоларга эътибор бермас эканмиз, ҳали бери биздан Нобел мукофоти соҳиб ва соҳибалари чиқмаслиги аниқ.

Балки менинг айнан дарсликлар борасидаги фикрларим, хавотирларим, мулоҳазаларим кимгадир бироз кўпиртирилган бўлиб кўринаётган бўлиши мумкин, лекин тоғнинг тепасидан кўчган мушдек қор парчаси пастга тушгунча юмалаб-юмалаб ҳажман ортиб боради ва тоғ этагига келганда улкан фалокатларга сабаб бўлади. Дарсликлар борасидаги камчиликларимиз ҳам аслида мана шундай. Умид қиламизки, масъул мутасаддилар ушбу муаммоларга ўз вақтида (аслида вақти ўтиб кетганига анча бўлган) эътибор қаратишади.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг