Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Пўлат оёқли одам ёхуд жангларда синмаган ирода (видео)

Пўлат оёқли одам ёхуд жангларда синмаган ирода (видео)

Афғон уруши қатнашчиси, 2-гуруҳ ногирони Эрмуҳаммад Тожибоев Андижон тумани Завроқ қишлоғида туғилган. 18 ёшида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган. Бир йилдан сўнг совет-афғон армиясидан иборат бирлашган кучлар сафида мужоҳидларга қарши жанг қилиш учун Афғонистон Демократик Республикасига юборилган. Шиддатли жангларда бир оёғидан айрилган.

Қўрқинчли туш: Қундуздаги операция

Душман уларни уч томондан қуршаб олган. Эрмуҳаммад окоп вазифасини ўтаётган сувсиз ариққа қараб югуряпти. «Бум-м-м-м!». Атрофни чанг-тўзон қоплади. Қулоғи том битиб қолган Эрмуҳаммад бир зум нима бўлганини англаёлмай ўтираверди. Бироз ўзига келгач, уст-бошини чангдан қоқа бошлади. Ҳайрият, тирик экан. Сафдошлари айтганди: «яраланганингда оғриқ дарров билинмайди», деб. Демак, яраланибди. Фақат ҳеч нарсани идрок қилолмаяпти. «Ҳечқиси йўқ, тиббий пунктга бориб олсам, яраларимни даволашади», ўйлади Эрмуҳаммад. Барибир, нимадир ғалати... Эрмуҳаммад бутун баданини пайпаслай бошлади. Ўнг шими ўқдан илма-тешик бўпкетибди. Чап оёғи эса... «Гранатомётдан ўққа тутишибди», деб ўйлаган Эрмуҳаммад, минани босиб олгани ва бир оёғидан ажралганини энди англади. Англадию, ҳушини йўқотди.

Унинг ҳаётини ўзгартириб юборган, орзуларини чилпарчин қилган ўша машъум кун тез-тез тушларига кириб туради. Узоқ муддатли даволаш курсларидан сўнг жанг хотиралари ҳар тугул безовта қилмай қўйган эди. Кеча қуролдош дўстларидан яна бири бу оламни тарк этди. Фотиҳадан келганидан буён Эрмуҳаммад ҳуд-беҳуд, кечаси билан ухлолмай, алоқ-чалоқ тушлар кўриб чиқди. Гўёки барчаси яна қайтадан бошлангандай...

– 1983 йил май ойида ҳарбий хизматга жўнаганман. Аммо, Афғонистонда хизмат қилишимни билмасдим. 6 ой Тошкентда машғулотларда бўлдик, сўнг 250 нафар ҳарбий хизматга чақирилувчилар қатори Афғонистоннинг Қундуз вилоятига юборилдим, – дея ҳикоя қилади Э.Тожибоев. – Артиллериячи бўлганим учун, ҳамиша олдинги сафларда эдим. Бирон кун отишмасиз ўтмаган экан, эсласам. Кечаю кундуз, ҳатто керак бўлса, уйқумда ҳам отишим керак эди. Ҳар сафар жангга кираётиб, «бу гал аниқ қайтиб келмайман!», – деб ўйлардим.

Муддатли ҳарбий муддат якунига етиб қолган. Демобилизация учун ҳужжатлар аллақачон тайёр ва у ватанга қайтишни орзиқиб кутмоқда эди. Кутилмаганда, демобилизация бироз ортга сурилди: ҳудудни бошқараётган душман гуруҳини йўқ қилиш ҳақида янги буйруқ олинди.

Ўшанда ҳам май ойи эди. Кундузи билан бўлган отишма бироз тинган. Эндигина ўз позицияларига қайтаётган аскарлар аёвсиз ўққа тутилди. Қочишдан бошқа чора йўқ эди. Aммо, атроф миналанганини ҳеч ким билмасди... Эрмуҳаммад госпиталда кўзларини очди. Чап оёғи йўқ, ўнг оёғи эса ўқ парчалари билан қопланган.

Эрмуҳаммад кўп операцияларни бошидан ўтказди.Оёқ ампутацияси, кўплаб ўқ парчалари ва нерв томирларини олиб ташлаш... Яна 6 ой Тошкентдаги ҳарбийлар госпиталида даволаш муолажалари олди. Ва 1985 йил кеч кузда, 2,5 йилдан сўнг Андижондаги ўз уйига етиб келди. Қўлтиқтаёқларда!!!

 Ҳаётга қайтиш

Вафосиз муҳаббат, атрофдаги гап-сўзлар, ачиниб қарашлар, ўзингни кераксиз буюмдай ҳис қилиш, ҳеч ишга ярамаслик... Барчаси йигитни еб битирди, руҳан синдирди, деб айтишимни кутдингизми? Йўқ! Инсон иродаси пўлатдан ҳам мустаҳкам экан. Спорт унинг дардларига малҳам бўлди,оёққа турғазди, чиниқтирди, ҳаётга қўшди. Бу йўлда кўп машаққатларни, ибрат бўлишга арзирли воқеаларни бошидан ўтказди. Суҳбатдошимнинг ҳикоя қилишича, бир гал уни Тошкентга, оёғини протезлаш учун юборишади. Касалхона ёнида спорт зали бўлиб, унда ёшлар оғир атлетика бўйича машғулот ўтардилар. Қўлтиқтаёқли йигит мураббийдан вақтинча шуғулланиб туриш учун рухсат сўрайди. Мураббий кулади, аммо, ногирон йигитга раҳми келиб, рухсат беради. Сунъий оёқ тайёр бўлгунича Эрмуҳаммад тош кўтариш бўйича натижаларини яхшилайди. Бир гал 110 килограмлик тошни кўтарганида, мураббий ҳайратда қолади ва ўз спортчиларини ношудликда айблаб, Эрмуҳаммадни ўрнак қилиб кўрсатади. Аслида, урушдан бир оёқсиз қайтган йигит ҳали кўп нарсага қодирлигини энг аввало, ўзига ўзи исботламоқчи эди.

Ҳаёт аста-секин изига туша бошлади. Эрмуҳаммад қўшни қишлоқлик Мукаррамхон билан оила ришталарини боғлади. Aфғон урушида йўқотилган оёғи учун унга ер участкаси ва автомашина берилди, барча афғон жангчилари сингари қатор имтиёзларга эга бўлди.

Синовлар, муҳожирлик

Яратган суйган бандасига синов юборади, дейдилар. Ҳарқалай, бу юпанч – ўша синовларни енгиб ўтишингда сенга куч беради, барча нарса ўткинчи эканлигини ўйлаб, таскин топасан. Тожибоевлар оиласи учун ҳам янги синов даври бошланди. Энди урушда эмас, балки тинч ҳаётда.

Aкаси вафот этди, уч кундан сўнг уйи ёниб кетди. Уни қайта тиклаш учун пул керак эди. Aфғон фахрийлари ҳали ҳам маълум имтиёзларга эга, аммо моддий томонлама эмас. Нафақа миқдори кам, бу билан уй қуриш, ҳатто рўзғор тебратиш қийин эди.  Буёқда уч бола «ейман-ичаман», деб турибди. Россияда ишлайдиган жияни тоғасини Рязанга, қурилишда ишлашга таклиф қилди.

 – Мен ногиронлигимдан қўрқмасдим, ўзимга ишонардим. Шу вақт ичида протезга шунчалик кўникдимки, ўзимни соғлом одам деб билардим. Ахир, бир оёғим йўқ бўлса нима қипти? Бу – ҳаёт тугади, дегани эмас-ку! Муҳими – тирикман! Шунинг учун таваккал қилдим, – дейди қаҳрамонимиз.

Эрмуҳаммад Рязанда аввалига арралаш цехида, сўнг қурилишда ишлади. Ўзбеклар учун муқобил танлов йўқ, бўш иш ўринлари унчалик хилма-хил эмас. У бошқа гастербайтерлар сингари энг оғир ва энг кам ҳақ тўланадиган ишда, улар билан баб-баравар ишлади.

Ғайриинсоний юкламаларга протез бардош бера олмади. Пўлат мослама пўлат характерга қараганда заифроқ бўлиб чиқди ва ёрилиб кетди. Инсон ва металл ўртасида жиддий кураш бошланди. Янги протез сотиб олишга молиявий жиҳатдан имкони йўқлигини билган йигит эскисини пайвандлади, бироқ у қайта-қайта ёрилиб кетарди. Ўнлаб марта синган ва пайвандланган мосламанинг биронта соғ жойи қолмади. Афғончи жангчи биродарлар ёрдамга келмаганида бу кураш ҳали узоқ давом этарди, балки.

– Биласизми, Афғон жангчиларининг бегонаси йўқ! Қайси давлатга борманг, Афғонда хизмат қилганми,  у ким бўлишидан қатъи-назар, бир-бирига биродар. Хизматдошларим узоқ вақт шу яроқсиз протезда юрганимдан ҳайрон бўлишди, «хавотирланма Миша, жанг пайти биз бир-биримизни ташлаб кетмаганмиз, ҳозир ҳам ташлаб қўймаймиз», деб менга янги протез ясатиб беришди. Қулай, енгил мосламада мен нафақат юрардим, ҳатто, рақсга тушардим, югурардим. Ва ҳарбий касалхонадаги кекса ҳамширанинг «Сынок, ты ещё бегать будешь! », деган гапларини эслаб, кулардим.

Ҳозир Афғон жангчисининг 3 та протез мосламаси бор. Учинчи мосламани унга Республика «Veteran»жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси Куба давлатида ясатдириб берган.

– Бир оёғим ўрнига учта оёқли бўлдим. Қўлтиқтаёқларим билан ҳисобласам янада кўпайиб, саккизоёқ бўпкетаман! – дейди табиатан ҳазилкаш Миша ака.

Битмас жароҳат

Эрмуҳаммад Тожибоев ҳамиша дўстларига таянди, ҳозир ҳам соғлом турмуш тарзини давом эттирмоқда. Ҳар тонг янги кунни машқлар билан бошлайди, уйининг бурчагида ўзи пайвандлаган 10 килограммли гантеллар бор.

Муҳожирликдан келиб, уйда бекор ўтиролмади. Қўли гул уста Андижон шаҳридаги «LYUKS MEX TAY» темир буюмлари ишлаб чиқариш корхонасига пайвандчи бўлиб ишга кирди. Ҳовлисини таъмирдан чиқарди, фарзандларини уйлаб-жойлади, ҳозир 6 набиранинг бобоси.

У тақдир юборган барча синовларни енгиб ўтди, бу урушда ғалаба қозонди ва танлаган йўлидан бир дақиқа ҳам оғишмади. У ҳамма нарса унинг ўз қўлида эканлигига ишонди: ҳаёт ҳам, соғлиқ ҳам. Aммо...

Ҳамон унинг тушларига афғондаги аёвсиз жанглар, ҳалок бўлаётган қуролдошлари кириб туради, худди 40 йил аввалгидай даҳшатли отишма овозлари эшитилиб, безовта қилади.

– Бу тушлар балки, умримнинг охиригача давом этар, чунки, у кунларни бир дам бўлсада, унутмаганман. Тан жароҳати  битиши аниқ, аммо қалб жароҳатлари ҳеч қачон битмас экан, – дейди Эрмухаммад Тожибоев.

Хулоса

Афғон жангчиси ҳақидаги мақолани шу ерда тугатсам ҳам бўларди. Бироқ, суҳбат асносида кўп маълумотларга эга бўлдим. Афғон жангчилари дуч келаётган муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратгим келди.

Тугаганига 35 йил бўлаётганига қарамай, мантиқсиз Афғон урушининг асоратлари ҳамон давом этмоқда. Уруш қатнашчиларининг деярли барчасида асаб тизими билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Афғон жангчилари қонун бўйича 2-жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилиши айтилган. Ногиронлар ҳар йили, ногирон бўлмаган фахрий-жангчилар икки йилда бир марта сиҳатгоҳларда саломатликларини тиклашлари керак. Бироқ, бу қонун-қоида ҳаммагаям амал қилмаяпти. Фахрий-жангчилар орасида омади чопганларгагина бу йўлланма насиб этади. Ўшанда ҳам ўртамиёна сиҳатгоҳларга. Қаҳрамонимизнинг ўзи ҳам бир марта шароитлари ҳаминқадар бўлган сиҳатгоҳда дам олиб келганига хурсанд.

Аччиқ бир факт: Афғон урушига фақат камбағал, колхозчиларнинг фарзандлари борган. Раҳбарлар, пулдор-бойвачча, каттаконларнинг арзандалари бормаган урушга. Ўшандаям таниш-билиш, поранинг кучи ҳамма нарсани ҳал қилган экан.

Қизиғи, бундан бир неча йил олдин Тошкент шаҳрида VETERAN жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси ташкил топганининг 25 йиллиги ҳамда Афғонистон ҳудудидан совет жангчилари олиб чиқилишининг 30 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ қўл оёғи бутун фахрий жангчилар қимматбаҳо бриллиант ва ёқут тошли орденлар билан мукофотландилар. Улар орасида вилоятлар ҳокимлари ҳам борлигини кўриб ҳайрон бўлганман. Россия  байналминал жангчилар билан ишлаш бўйича комитет раҳбари Ковалёв келиб шахсан ўзи топширган бу орденларни. Бироқ, бир умр ногирон бўлиб қолиш эвазига бериладиган бир парча темирни кўплаб Афғон жангчилари ҳанузгача ололганлари йўқ!

Энди энг қизиғи: кейинги пайтларда Афғон жангчиларининг турмуш ўртоқлари, яъни аёлларига «Вафо ва садоқат тимсоли» медали топшириляпти. Бу уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, қолаверса жангчи-фахрийларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш учунлигини тушунамиз. Аммо, бу медаль учун ҳам жангчи-фахрийлар ўзлари ё ҳомий топадилар ёки медалнинг ҳаражатини кўтарадилар. Бир медаль нархи 250 минг сўмдан 500 минг сўмгача.

Охирги гап: Кейинги йилларда Афғон жангчилари орасида ўлим кўрсаткичлари ошган. Аҳамиятлиси,  уларнинг аксарияти юрак хуружидан вафот этмоқда. Кўплаб ўзбек ўғлонларининг умрига зомин бўлган Афғон урушининг қонли қўллари ҳали узоқ йиллар бўғзимизни қўйиб юбормайди, шекилли. 

Муаззам Иброҳимова, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг