Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қиёмат куни соатига бефарқ бўлманг!

Қиёмат куни соатига бефарқ бўлманг!

Фото: Bulletin of Atomic Scientists

Биз Қиёмат соатларини ҳар йилги қайта созлашга яна яқинлашмоқдамиз, деб огоҳлантирмоқда Bloomberg шарҳловчиси Андреас Клут.

Ўтган йилнинг январида энг ақлли одамлар тўпланган «Атомчи олимлар бюллетени» фан ва хавфсизлик кенгаши ўзининг мажозий соати милларини 89 сонияга ярим тунгача силжитган, бунда ярим тун Қиёмат куни, апокалипсис, Армагеддон, йўқ бўлиб кетиш ва ҳоказоларни англатарди.

«89 сония! Бу шу пайтгача мажозий соатда тун ярмигача акс этган энг қисқа вақт. 2026 йил 27 январдаги кенгаш 2025 йилга назар ташлаб, нима дейди?» дея савол қўяди Клут.

Андреас Клут
Фото: DW

1991 йилда соат миллари 17 дақиқа ортга сурилган, бу бутун тарихдаги ярим тундан энг узоқ кўрсаткич эди. Зиёлилар ниҳоят «тарих тугаб», бутун инсоният учун тинчлик ва либерал демократия даври бошланишини нишонлашган. Ниҳоят, буюк давлатлар ўзларининг минглаб ядровий каллакларини йўқ қилиб, барча ядровий синовларни, ҳатто ер ости синовларини ҳам тўхтатган эди.

2020 йилда, Доналд Трампнинг биринчи президентлик муддати ва пандемия даврида кенгаш вақтни яна секундларда кўрсатишга ўтди ярим тунгача 100 сония. Энди «кибернетик ахборот уруши» кўринишидаги яна бир таҳдид пайдо бўлганди. Мемлар, дезинформация ва фитна назариялари вируслар каби шиддат билан тарқалиб, жамиятларни чалғитиш ва қутблаштириш ҳамда уларни ядро қуроли ва иқлим билан боғлиқ ҳаёт-мамот чорловларига «жавоб беришга ноқобил» қилиб қўйишни бошлади.

2023 йилда Россия президенти Владимир Путин Украинада уруш бошлаб, ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидини уйғотганидан сўнг соат миллари ва ярим тун ўртасидаги тафовут 90 сонияга айланди.

Бу йил эса соат яна бир сония олдинга силжиди. Бунга сабаб Трамп эмас у янгилик эълон қилинишидан бир ҳафта олдин ўз лавозимига киришган. Барча мавжуд таҳдидларнинг шошилинчлиги, бизнинг юзага келаётган муаммоларимиз билан боғлиқ яширин тескари алоқалар шарпаси ва эҳтимолий «занжирлар» бунга сабаб бўлган.

«Энди-чи, бир йил ўтиб нима бўлади? Менимча, 2025 йил бюллетенида таърифланган ҳар бир таҳдид янада жиддийлашди», — дея хавотир билдирди шарҳловчи.

Совуқ уруш даврида нисбатан тушунарли бўлган ядровий таҳдид ҳозир мавҳумлашган. АҚШ ва Россия ўртасидаги қурол назорати бўйича сўнгги шартнома феврал ойида тугайди ва иккала давлат ҳам ўз арсеналларини янги жанговар каллаклар, бомбардимончилар, ракеталар ва сув ости кемалари билан жиҳозлаш орқали «замонавийлаштирмоқда».

Хитой энг йирик иккиликка етиб олиш учун захираларини тўлдирмоқда. Шимолий Корея қуролланмоқда; Покистон ва Ҳиндистон доим уруш ёқасида, баъзан урушмоқда. Энг ёмони, сунъий интеллект кўплаб қурол турларини «муқобиллаштириш» ва ядровий инқироз ҳолатида қарор қабул қилиш вақтини бир неча дақиқагача қисқартириш таҳдидини пайдо қилди  руҳий стресс туфайли юзага келган ақлсизлик ҳатто Голливудгача етиб борди.

Трамп, эҳтимол, муаммонинг бир қисмини, вақтинча бўлса-да, ҳал қилди: у Эроннинг ядровий объектларини бомбардимон қилиб, форсларнинг ядро қуроли яратиш ҳаракатларини кечиктирди. Аммо у, шунингдек, Американинг анъанавий иттифоқчиларини эътиборсиз қолдириб, уларни АҚШнинг «ядровий соябони»га шубҳа билан қарашга мажбур қилиб, ядровий қуролларнинг умумий тарқалиш хавфини оширди. Оқибатда Европадан Осиё ва Яқин Шарққача бўлган тобора кўпроқ мамлакатлар ўз ядро қуролларини яратиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Шунингдек, Трамп яна бир ядровий табу портловчи қурилмаларни синовдан ўтказишга мораторийни бузишга яқин турибди. Агар АҚШ яна ядро бомбаларини портлатишни бошласа, Хитой, Россия ва бошқа давлатлар ҳам унга эргашади.

Шу билан бирга, иссиқхона газлари чиқиндилари кўпайишда давом этмоқда ва об-ҳаво тобора ҳалокатли бўлиб бормоқда. Энг қайғулиси, бу борада тарихан дунёдаги энг йирик эмитент ва ҳозирда иккинчи йирик эмитент (Хитойдан кейин) ҳисобланган АҚШ ушбу муаммога расман қизиқишини йўқотган.

Қолаверса, Қўшма Штатлар январ ойида асосий вазифаси пандемияни кузатиш ва инсониятни ундан қутқариш бўлган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аъзолигидан расман чиқади.

«Кенгаш соат масаласида ўз қарорини қабул қилади. Агар мендан сўрасангиз, ярим кечагача бир дақиқа ёки ундан ҳам камроқ вақт қолгандек туюлади», дея хулоса қилади Bloomberg шарҳловчиси Андреас Клут.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг