Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

1941 йил экспедицияси қолдирган жумбоқ: Соҳибқироннинг қулоғи, соч-соқоли қаерга йўқолган?

1941 йил экспедицияси қолдирган жумбоқ: Соҳибқироннинг қулоғи, соч-соқоли қаерга йўқолган?

(Биринчи мақола).

Амир Темурнинг буюклиги дунё миқёсида тан олиниши осон кечмади. Соҳибқирон "қонхўр, жаллод" деб 70 йил давомида ишонтириб келинган эдик.

Шўролар замони Соҳибқиронни ёмонотлиқ қилиб чеклана қолдими? 1941 йилда Амир Темур қабри очилиши билан боғлиқ экспедиция ҳақида кўпчилик билади. Эҳтимол, тадбир ўша давр учун жуда муҳим кашфиётдек туюлгандир, бугун учун ҳам аҳамиятини йўқотмагандир. Лекин...

Шариат талаблари асосида дафн этилган Темурнинг суяклари қабрдан олиниб, роса бир ярим йилдан сўнг кафансиз, тиловатсиз кўмилганини биласизми? Мақбарага қайтадан қўйилган тана қисмлари орасида бош суяги бормиди? Ўшанда бош чаноқдан ажратиб олинган қулоғи парчаси, сочи, соқоли қаерга йўқолди? Амир Темур мақбарасидан олиб қўйилган энг қимматбаҳо ашё – унинг тобутпўши рестоврацияси 80 йилдан буён (шундан 31 йили мустақиллик даврига тўғри келади) нега муаммо бўлиб келаяпти? 

«ДАҲМАНИ ОЧИШ ШАРТ ЭМАС ЭДИ»

Москва ўшанда Амир Темур мақбарасидаги даҳмани очилишини  Ҳазрат Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейини нишонлашга қаратилган тадбир, деб таъкидлади. Юқоридан берилган кўрсатмага асосан қабул қилинган қарорни Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси котиби У. Юсупов ва Ўзбекистон халқ Комиссарлари Советининг раиси А.Абдураҳмонов имзолашган. 

Даҳмани очишга чиқарилган қарор нусхаси.

Ҳукумат экспедиция раҳбари қилиб академик Қори Ниёзийни тайинлаган. Экспедиция аъзолари сифатида антрополог олим Л.В.Ошанин, тарихчи, шарқшунос, профессор А.А.Семёнов, кимё профессори, Ленинград давлат эрмитажи таъмирловчиси В.Н.Кононов, меъмор Б.Н.Засыпкин, антрополог-ҳайкалтарош М.М.Герасимов, археолог В.А.Шишкин экспедиция аъзолари сифатида иш юритишган. Юбилей комиссиясининг илмий котиби Ҳ.Т.Зарифов жараёнда иштирок этган. Адиб Садриддин Айний ҳам қаторда бўлган. Малик Қаюмов оператор ва суратгирлардан бири эди.

Яҳё Ғуломов номидаги археология институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов Темурийлар билан боғлиқ манбаларни чуқур ўрганиб келаётган олим. Жумладан, 1941 йилда мақбарани очилишига оид барча маълумотлар олимга яхши таниш, мавжудларини таҳлил қилган, топилмаганларини излаштирган, шулар асосида «Гўри Амир мақбараси 1941 йилда» номли илмий-оммабоп рисоласини ёзган. 

Амриддин ака «Навоий юбилейини ўтказиш учун Амир Темур мақбараси даҳмасини очиш шарт эмас эди. Шахсий фикрим – кераксиз нарса эди» дейди саволимга муносиб тарзда.

Тарихчи олим Амриддин Бердимуродов. Фото: xabar.uz

1930 йилларда археолог Михаил Массон ва муҳандис Мауэр мақбарада магнит ёрдамида тадқиқот олиб борган. Магнит Амир Темур мақбарасида металл борлигини кўрсатган. «Ҳа, бойлик бор экан» деган фикрга келишгани эҳтимоли катта. Менимча, магнит ҳам металлни кўрсатди – катта бойликни оламиз ва Сталинга совға қиламиз-да, баланд мартабаларга эришамиз деб ўйлаган бўлса керак» – домла самимий фикрларини билдиради.  

Шу ўринда тарихчи Ибн Арабшоҳнинг Темур дафн этилган жойнинг ички тузилиши ҳақида ёзганларини эслаш жоиз.  Муаллиф тасвирлашича, «Темурнинг қабри устида унинг қимматбаҳо либослари ёпилган. Хонанинг деворларига эса унинг жанговар аслаҳалари ва яроқлари осиб қўйилган. Бу жиҳозларнинг барчаси қимматбаҳо тошлар билан безатилган бўлиб, энг арзонининг баҳоси бир вилоят солиғининг баҳосига тенг келарди. Гумбазнинг шифтига эса осмондаги ёрқин юлдузлар мисоли олтин ва кумушлардан ясалган қандиллар осилиб турарди...»

Амриддин ака ана шу битиклар ва магнит хулосаси мақбарани очишга қизиқишни кучайтирган бўлиши мумкин, дейди.

Темур жасадини Ўтрордан Халил Султон олиб келтирган ва дафн эттиргани тарихдан маълум. Лекин мақбара ичини бу тарзда безаш шариатга тўғри келмас эди. Шоҳруҳ Мирзо шариат қоидаларига қатъий амал қилган. У 1409 йилда Самарқанд тахтини эгаллагач, ортиқча нарсаларни мақбарадан олдиртириб, хазинага топширтирган. Шу куни Шоҳруҳ Мирзо отаси қабрини зиёрат қилгани, худойи бергани, бу ердаги шайхлар ва қоровулларни қайтадан тасдиқлагани ҳам маълум.  

Экспедиция иштирокчилари яққол гувоҳ бўлгани – Темур жасади тобутда бўлган. «Арчадан ясалган тобутнинг тўрт томони йирик-йирик, мустаҳкам темир михлар билан қотирилган. Магнит ўша михларни кўрсатган» – дейди Амриддин Бердимуродов.

Фото: Ўзархив

«Экспедиция кундалиги»да қабрни очишдаги манзара шундай тасвирланган: «Тобутнинг қопқоғи, устидаги газлама қолдиқлари билан оҳиста кўтарилиб олингач, Амир Темурнинг жасади кўринди. Атрофда турганлар ҳаяжон билан қабр ичига қарадилар, шу пайт атрофни қандайдир хушбўй ҳид қоплади. Бу ерда турганлар ҳидданми ё ҳайратдами, ўзларини бирданига орқага олдилар. Соҳибқироннинг жасади узун қилиб ётқизилган ҳолда, юзи эса Макка томонга қаратилган эди. Суякларнинг баъзи жойларига кафан қолдиқлари ёпишиб қолган ва бош, бўйин, оёқ томонларида мўмиёланган мускуллар, тери парчалари ётарди. Жасаднинг усти юпқа лойқа ва тузлар билан қопланган бўлиб, бу қабрга кирган сувнинг қолдиқлари эди».

Қабрнинг очилиши...

Эслатма: Темурийлар мақбарасидаги бошқа қабрларда ҳам суякларга лойқа маълум даражада зарар етказгани кўзга ташланган. ХIX асрнинг  охирларида рус ҳукуматининг буйруғи билан бино атрофида боғ яратилган, боғни суғориш учун қазилган ариқлардан тошган сув хилхонани икки марта босгани маълум. Шарқ меъморчилиги қоидаларига кўра, жамоат бинолари атрофида ариқ қазилмаган, боғ яратилмаган. Обиданинг фони сифатида тураржойлар ва бино яқинларида яккам-дуккам тут дарахти экилган. Тутнинг 15-20 метрлик илдизлари иншоотдаги намликни шимиб олган.

ТЕМУРНИНГ ҚУЛОҒИ, СОЧ СОҚОЛИ ҚАЕРДА?

Амир Темурнинг бош чаноғи ниҳоят даражада эҳтиёткорлик билан қабрдан чиқариб олингач, уч соат давомида соя жойда қуритилган. Бош чаноқни кимёвий усуллар билан мустаҳкамлаш учун уни қуритиш, зарар кўрмаслиги учун сояда қуритиш муҳим бўлган. Ҳужжатларда ёзилишича, «Бундан олдин антропологлар Темурнинг бош чаноғида қисман сақланиб қолган соч, соқол ва қошларнинг қолдиқларини авайлаб кўчириб олдилар. Унинг сочи ва соқолининг ранги сарғимтир, худди занглаган темирнинг рангига ўхшаш эди. Шунда  олимларда, Темурнинг соч-соқоли бўялганмикан деган фикр уйғонди. Шунинг учун кимёгар-олим Кононов, унинг сочларини кимёвий усул билан текшириб кўрди. Олимнинг аниқлашича, соч-соқолнинг ранги табиатан шундай экан».

Темур ва Темурийлар даҳмаларини очиш 1941 йил 16 июндан 24 июнгача давом этди. Мироншоҳ, Шоҳруҳ мирзо, Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Султон, Бибихоним қабрлари ҳам очилди.

24 июнь куни экспедиция қатнашчилари Амир Темур мақбарасини очиш билан боғлиқ сўнгги ишларни бажарадилар. Қазиб олинган тарихий шахсларнинг суяклари пешма-пеш Самарқанд тиббиёт институтига келтириб, уларни антрополог Л.Ошанин дастлабки текширувдан ўтказиб, сўнгра, жўнатиш учун қутиларга жойланиб, поездда Тошкентга жўнатилган. 25 июнда барча юклар Тошкентга етиб келган, улар Алишер Навоий номидаги адабиёт музейига топширилган.  

М.Герасимов ва Л.Ошанинлар  узоқ вақт давомида Темур, Шоҳруҳ ва Улуғбекнинг бош чаноқларини ўргандилар, уларнинг изларини гипсга кўчириб олдилар. Герасимов шу асосда уларнинг суратларини ишлаб чиқди.

Фото: Ўзархив

Темурийлар жасадларини ўрганиш билан боғлиқ ишлар 1942 йил сўнгида якунланди. Шу ҳақдаги далолатномада, жумладан шундай қайдлар бор:

«...Шу ишларнинг ҳаммаси тугагандан сўнг, жасадлар ўз қабрларига қайтадан кўмилди. Темурнинг сочлари ва мўмиёланган қулоғининг бўлаги, мўмиёланган бошқа мурдаларнинг қолдиқлари, ёғоч тобут ҳамда шағал солинган ёғоч қути сақлаш учун Тошкентдаги Алишер Навоий музейига топширилди».

Аслида адабиёт намуналари, қўлёзмалар ва улар билан тўғридан-тўғри боғлиқ экспонатлар сақланишига ихтисослашган музейда Темурийлар хилхонасидан олинган тана қолдиқлари, бошқа ашёлар қай ҳолда сақланган? Нодир буюмларни сақлаш учун махсус температура, намлик  меъёрида бўлган жой бормиди? Амриддин Бердимуродов 1991 йилдаги воқеани гапириб бердилар.

«Адабиёт музейига бордим, бир опа бор эди. «Опа,  мақбарага қайта дафн қилинмай қолинган нарсалар сизнинг музейингизда деб эшитганман, ёрдам беринг, опа» дедим. «Укажон, ҳеч эслолмайман-да» деди. Мен «Ҳамма ҳужжатларда, актларда шундай ёзилган» дедим. Кейин, опа «Тўхтанг,  биз ошиқча нарсаларни чердакка қўямиз» деди...  Бир винонинг каробкасига солинган, қаттиқ картон каробкада нималардир олиб келди опа. Ўша ерда мен излаган нарсалар бор экан. Амир Темурнинг қулоғи парчаси, Амир Темурнинг соқоли, Мирзо Улуғбекнинг камари,  Бибихонимнинг сочлари ва бошқа ашёлар бор экан. «Буни Самарқандга олиб кетишнинг қандай йўли бор?» дедим. «Музейдан битта ручка бўлса ҳам ҳужжат орқали олинади» деди. Сиз Фанлар академиясига чиқасиз, рухсат берса олиб борасиз» деди. Кейин хат билан чиқдик. Чўзилди, ишқилиб. Хуллас, олиб келдим мен». Лекин Амриддин аканинг айтишича, уларга қути топширилганда айрим ашёлар қолиб кетган.

Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи билан боғландик. Бош муҳофиз Абдурасул Эшонбобоев бизга мана бу ҳужжатни тақдим қилдилар. 

Рўйхатда, кўриб турганингиздек, Амир Темурнинг сочи ва соқоли, мўмиёланган қулоғи бўлаги ёзилмаган (мўмиёланган бошқа мурдаларнинг қолдиқлари ҳам)!

Излаганларимиз балки бошқа воситалар орқали Ўзбекистон ФА Темурийлар тарихи музейига топширилгандир деган яхши гумон билан музей фонди мудири Наргиза Холова ҳузурида ҳам бўлдик.

Маълумот учун: Темурийлар тарихи музейи 1996 йил 18 октябрда очилган. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Ўзбекистоннинг бошқа музейлардан Темурийлар даври ва темурийларга дахлдор предметлар кўчирилган. 

Наргиза Холова, 1996 йилда археолгия институтидан берилган нарсалар – Темурнинг ўнг қоши қолдиқлари, кафани парчаси, қабридан бир сиқим тупроқ, Шоҳруҳнинг кафан парчалари,  Мироншоҳнинг тоши, бир сиқим тупроғи ва Улуғбекнинг белбоғидан парчалари, Бибихоним мунчоғи музейда сақланишини маълум қилди. (Компьютердаги базада Бибихоним мунчоғи алоҳида файлда эди. Айтилишича, тақинчоқлар бошқа папкада қайд этилган).

Наргиза Холова.

Суриштирдик, Алишер Навоий номли музейдан чиқарилган фотосуратлар уларнинг хазинасида йўқ!  Бу ерда ҳам Темурнинг сочи толалари, кимёвий усулда ранги текширилган соқоли, мўмиёланган қулоғининг бўлаги йўқ! 

Хўш, Темурнинг жисмидан ажратиб олинган танаси, (шунингдек, бошқа мурдаларнинг ҳам) қолдиқлари қаерда? Ўнга яқин даргоҳга йўқлаб бордик, сим қоқдик – бу саволга ҳеч ким жавоб беролмади. Аслида ҳаётдан кўз юмган инсоннинг тана аъзоларини сақлаш каби уларни излаштириш, топилмаганда оғриниш нормал ҳолат эмасдир. Лекин биз қидираётган аъзолар Амир Темурники эди. Тиригида ғурури сўнмаган ҳукмроннинг ўлимидан сўнг, айтиш мумкин, ана шу экспедиция билан таҳқирланган ҳукмроннинг аъзолари эди. Улар аввало шунинг учун ҳам қадрли ва музейларимизда сақланмагани учун эмас, вақтида ерга қўйилмагани, қаерлардадир оёқ ости бўлгани (балки бўлаётгани) учун ҳам оғринишга, дод солишга арзийди. 

Янада оғриқлиси, нафақат сочу соқоли, қулоғи, балки Темурнинг бош чаноғи қаерда экани савол остига олиниб келингани, келинаётганидир.

«ЖИСМИМ БИР ЁНДАЮ, БОШИМ БИР ЁНДА...»

Такрорлаймиз: ҳукумат экспедициясининг сўнгги босқичида, 1942 йил декабрида Темурийлар хилхонасидан олинган суяклар ўз жойига қўйилган. Лекин ўшанда бош суяклар ҳам қўйилганми деган савол ҳамон баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бу саволни аҳолининг илмдан бехабар, турли миш-мишлар орқасидан юрадиган қисми вакиллари эмас, етук олимларимиз, тарихимизга, шаънимизга бефарқ бўлмаган зиёлиларимиз ўртага ташлаб келдилар.

Темур ва Темурийлар жасадларини антропологик жиҳатдан таҳлил қилган Л.Ошанин ўзининг илмий асарида Мироншоҳнинг бош чаноғи М.Герасомов томонидан Москвага олиб кетилгани учун текширишнинг иложи бўлмаганини ёзган. «Табиийки, Москвага фақат Мироншоҳнинг бош чаноғи эмас, Темур, Шоҳруҳ, Улуғбек ва Муҳаммад Султонларнинг ҳам бош чаноқлари олиб кетилган. Лекин бирорта ҳужжатда ҳам чаноқларни Москвадан қайтариб олиб келинганлиги ҳақида ёзилмаган», дейди Амриддин Бердимуродов.

Яна «Экпедиция кундалиги»га мурожаат қиламиз: «19 ва 20 декабрь кунлари қабрларга суякларни жойлаштириш ишлари олиб борилди. Суяклар қазилган пайтида қандай учратилган бўлса, худди шу тартибда жойлаштирилди. Жасадлар бевосита қабрларнинг тубига қўйилди». Агар бош чаноғи ўз ўрнида бўлса нега олимларимиз ҳамон Соҳибқирон бош чаноғини қидирадилар?

«Биз кўп изладик, – дейди Амриддин ака. – Герасимовнинг шогирди бор эди, Тельман Хождаев деган ўзбек киши, Москвада яшарди, қазо қилди. У киши ҳам излаб кўрди. Герасимовнинг қизи ҳаёт эди, дадангизнинг кабинетини кўринг деб сўрадик, ҳамма ёқни кўрдик, хуллас, йўқ. Шундай фикрга келдикки, балким, ўша Герасимов Амир Темурнинг бош чаноғи шаклини гипсга қотириб олиб, кейин бош чаноғини Тошкентга қолдириб кетгандир, 1942 йилда Амир Темур қайтадан дафн этилганда бош чаноғи қайтадан қўйилган деган фикрга келганмиз».   

Бу тахмин бизни хотиржам қила оладими? Соҳибқирон қабрида бошсиз ётибди деган ўкинчдан бизни қутқара оладими? Йўқ, албатта. «Фикрга келганмиз» дегани бу фараз қиламиз дегани. Антрополог олим Самариддин Мустафоқулов, мана шу йил ёзида Бухорода бўлиб ўтган халқаро анжуманда Польшадан келиб тарихий обидаларимиз, экспонатлар таркибини нур ёрдамида 3D форматда ўрганаётган жамоага, уларнинг усулида Темур қабрида бош чаноғи бор-йўқлигини аниқлаб бўладими, деган савол берди.

«Афсуски, нур ёрдамида масалага ойдинлик киритиб бўлмас экан. Фақат эндоскопик, дейлик ошқозон, ичакка шланг юбориб, ичкаридаги аҳволни ўрганиш мумкин бўлганидек, қабрнинг бир бурчагини озгина тешиб, шундан ускунани киритиш орқали ҳақиқатни аниқлаш мумкин экан» деди Самариддин ака.

Антрополог олим Самариддин Мустафоқулов

Аслида, бу жумбоқ ечимини барча жараёнлар муҳрлаган киноленталар топиб бериши мумкин эди. Маълум бўлишича, хилхонани очишдан бошлаб энг сўнгги жараёнларгача 100 минг метр кинолентага тасвирга олинган. Ўша ленталар ҳам сақланмаган! Сақлангани ва эълон қилингани кичик бир бўлак — 40 дақиқалик лавҳа. Жами архив эса 5 соатлик кинолентада қайд этилган эди.

Экспедиция ишини якунлашига оид ҳужжатларида кинотасмалар Тошкентда сақланади дейилган. «...ҳукумат экспедициясининг мажлис баёнлари, фотосуратлар ва киноленталар, ҳисобот ва кундаликлар Навоий музейида сақланади».

Орадан 80 йилдан ортиқроқ вақт ўтди. Киноленталарнинг топилмаётгани бу ўзимизда асрай олмаганимизданми ёки у ҳам Москва олиб кетилганиданми, ҳар иккила ҳолатда ҳам бу Темур шахсига бўлган адолатсиз муносабатнинг нишонаси. Амир Темур тобутини тиклаган кимёгар-рестовратор Шариф Илҳомов эспедиция иштирокчиси Малик Қаюмов билан суҳбатни шундай эслайди: «Ҳаммасини Москвага олиб кетишган деди у. Мен олган суратларнинг юздан бирини ҳам эълон қилишмади, деб айтган эдилар»  (Яна бир жиҳатни унутмаслик керак – ўшанда кўплаб хорижий давлатлар киноленталар нусхасини сотиб олиш иштиёқини билдирган. Ўрганилса, изланилса балки бирор натижа чиқар) .

Қабрни қайтадан очиш эса бу марҳумларни такрор таҳқирлашдир! Борингки, бош чаноқ жойига қўйилган деб қабул қилсак ҳам, суяклар кафанланмасдан, тиловат ўқилмасдан, устозлардан бири айтгандек «коммунистчасига» кўмилгани бор гап-ку. Ана шундай тарзда Темурийлар охирати топталди, қадриятлар оёқ ости қилинди!

Бу ҳаммаси эмас. Кутинг, кейинги мақолада, яратилган Амир Темур қиёфаси замондошлари ёзган таърифларга мос келмайдими, соҳибқирон тобути қопқоғи ва тобутпўши Тошкентдан Самарқандга нега одам лиқ тўла автобусда олиб келинган, Темур қабридан таралган хушбўй ҳид нима эди ва яна... деган саволларга жавоб излаймиз.

Мустаҳкам Тангриёрова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг