Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Зилзилалар: магнитудами ёки балл, цунамидан қочиб қутулган оролликлар ва бошқалар ҳақида

Зилзилалар: магнитудами ёки балл, цунамидан қочиб қутулган оролликлар ва бошқалар ҳақида

Туркияда 6 феврал куни юз берган зилзила оқибатлари.

2004 йил Ҳинд океанида содир бўлган зилзила ва унинг ортидан келган цунами оқибатида 300 минггача одам ҳалок бўлган ва бедарак йўқолган. Бироқ зилзила маркази (эпицентри)га энг яқин жойлашган Симёлуэ оролида яшовчи салкам 80 минг аҳоли, 7 нафар қурбонни ҳисобга олмаганда, омон қолганди. Ер силкинишларидан сўнг, орадан 15 дақиқа ўтиб вайронкор уммон тўлқинлари келиб урилганида, деярли барча оролликлар тепаликка қочишга улгуришганди.

Одамларни халқ оғзаки ижодиёти — болаликдан қулоққа қуйилган ҳикоялар ва шеърлар қутқарганди (оролнинг ярим аҳолисини нобуд қилган 1907 йилги цунами маҳаллий аҳолига катта сабоқ бўлган). Ўшандан буён оролликлар оддий бир қоидани болаларига ўргатиб келишади: «Ер силкиниб, сув кўтариляптими, ҳамма нарсангни ташлаб, юқорига қараб чоп!».

Бироқ 1958 йилда Аляскада юз берган мегацунамидан фолклор ҳам қутқаролмасди. Ўшанда инсоният тарихидаги энг баланд — 524 метрли (!) тўлқин тоғларга бориб урилган. Бу ерларда одам кам яшаганлиги боис атиги икки киши ҳалок бўлган.

Магнитуда ва баллар — икки хил тушунча

Кўпинча оддий одамлар ва журналистлар бу икки тушунчани янглиш қўллашади. Магнитуда — зилзиланинг кучи (сейсмомарказлар эълон қиладигани шу), баллар — вайронкорлик даражаси ва одамларнинг ер қимирлашига реакцияси.

Зилзила пайтида магнитуда аниқланади — бу 1 дан 9,5 гача («балл» сўзи ишлатилмайди) шартли бирликлардаги чексиз катталик. Уни Рихтер шкаласи ҳам дейишади. «З магнитудали зилзила» ёки «магнитудаси 3 га тенг зилзила» дейиш — тўғри. 3 балли зилзила дейиш — нотўғри.


Мавзуга оид: Тошкент зилзиласи куни 66 ёшини қаршилаган Рихтер ҳақида


Зилзиланинг ҳақиқий кучи фақат у туганидан сўнг, қандай оқибатларига олиб келганига қараб аниқланади. Бу нарса Меркалли-Канкани тизими (Меркалли-Канкани шкаласи)да 7 ёки 12 балли тизимда аниқланган. Ташқи аломатлар — одамларга, биноларга, табиат объектларига таъсири ифодаланган.

1902 йилда яратилган Меркалли-Канкани тизими ҳам ҳозир эскирган, бироқ айнан унинг асосида замонавий 12 балли шкалалар, жумладан, энг оммалашган Mедведев-Шпонҳойер-Карник шкаласи (MSK-64) қўлланилмоқда.

Энг оммалашган учта шкала солиштирилганда: Росси-Форел (сарғиш); MSK-64 (яшил) ва Япония метеорология агентлиги шкаласи (ҳаворанг).

 

Зилзила оқибатида юзага келган цунами. Япония, Мияко шаҳри, 2011 йил.

Дунёдаги илк сейсмограф милодий 132 йилда Хитойда ясалган: ер қимирласа мис золдир аждарҳо ва қурбақа оғзига бориб тушган.

Олимлар ҳамжамияти зилзилани сунъий юзага келтириш мумкин эмас, деб ҳисоблашади. Бироқ АҚШ ва собиқ Иттифоқ тектоник қуроллар устида иш олиб боргани маълум.

Инсониятга маълум зилзилалар орасида энг кучлиси 1960 йилда Чилида юз берган: магнитудаси 9,5 ни ташкил этган ушбу табиий офат 6 минг кишининг умрига зомин бўлган.

Энг кўп ўлим келтирган зилзила эса Хитойнинг Шэнси провинциясида 1556 йилнинг 23 январида содир бўлган. Буюк Хитой зилзиласи дея тарихга кирган ушбу офат 830 мингдан зиёд одамнинг умрига нуқта қўйган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг