Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нега абитуриентлар Самарқанддаги тест синовларидан норози?

Нега абитуриентлар Самарқанддаги тест синовларидан норози?

Фото: «Xs.uz»

Бугун республикамиз бўйлаб олий таълим муассасаларига тест синовларининг 1-сменаси бўлиб ўтди.

Имтиҳонлар жорий йилда мутлақо ўзгача тартибда ва кучли назорат остида ўтмоқда. Бу бўйича Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳам маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, тест синовларида 15 та олий таълим муассасаларининг 50 та таълим йўналишида 30 минг 690 нафар абитуриент иштирок этди. Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 76 нафар абитуриент тест синовларидан четлаштирилди. Тест натижаларини қайта ишлаш ҳам қатъий тартибда амалга оширилади.

Белгиланган тартиб ва назоратдан ташқари, интернет тармоғи www.test2018.uz манзилида ташкил қилинган махсус ресурс орқали ота-оналар барча объектлардаги имтиҳон жараёнларини онлайн кузатиш имконига эга бўлдилар. Бу ҳам тест синовларининг шаффоф ўтишига хизмат қилиши таъкидланди.

«Xushnudbek.uz» канали тест синовларнинг биринчи кунига боғлиқ ҳолатларни ёритиб бормоқда. Ушбу каналнинг телеграм-боти орқали келиб тушган хабарларга кўра, тест синовларида иштирок этган кўплаб абитуриентлар тартиб ва назорат ўтган йилгилардагидан анча кучли бўлганини қайд этишяпти. Аммо эътироз билдирганлар ҳам йўқ эмас. Бундай фикрлар асосан Самарқанд томондан, янаям аниқроғи Самарқанд давлат тиббиёт институтига кириш имтиҳонларидан янграмоқда.

Мана улардан бири:

«Салом. Мен Самарқанд мединиститутига (тест) топширдим. Эрталаб имтиҳонга кириб чиқдим. Камералар умуман ишламади. Ота-оналар жанжал кўтариб ичкарига киришга ҳаракат қилишди. Ҳамма хоҳлаган ўйинини қилди. Бунга ким жавоб беради? Ким ўз бўйнига олади. Ўқиган абитуриент кимга бориб айтсин арз-додини? Мени эштганиз учун раҳмат».

Эътиборлиси, бу Самарқанд давлат тиббиёт институтига кириш имтиҳонларидаги салбий ҳолатлар бўйича янграган ягона эътироз эмас. «Xushnudbek.uz» каналига бу ОТМга имтиҳон топширганларнинг бир нечтасидан шундай норозилик кафиятидаги хабарлар келиб тушган. 

Қолаверса, Самарқанд давлат тиббиёт институтидан олинган тест варақалари расмлари ижтимоий тармоқларда тарқалишга улгурди. Телеграм каналига сурат соат 11:03да қўйилган. 1-сменада тест синовлари эса 11:00 да тугаган. Қандай қилиб тест саволлари китобларини бемалол расмга олиб бошқаларга юборишяпти? Телефонни олиб кириш ва ундан фойдаланиш учун шароит яратиб берилдими? Демак, бу ерда вазият жиддий. Жудаям жиддий.

«Xushnudbek.uz» канали Самарқандда имтиҳонлар ўтаётган жойлардаги камералар ишига ҳам эътибор қаратган:

— Ҳалигача бир тушунмовчилик бор. Бу бино номларида. Олий ва ўрта махсус вазирлигининг расмий сайтидаги маълумотга кўра, Самарқандда тестлар қуйидаги биноларда бўлиши керак эди:

1) Самарқанд давлат университети академик лицейи спорт зали;

2) Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежи спорт зали;

3) Самарқанд спорт ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби (иккита ҳар хил манзилдаги бинолар).

Лекин http://test2018.uz/sa манзилида фақат битта бино — Самарқанд олимпия захиралари коллежи номи турибди холос.

Балки бу техник хатоликдир. Балки нариги бинолар тайёр бўлмасдан, олимпия захиралари коллежига тест синовлари кўчирилгандир. Балки нариги биноларга ҳали камералар ўрнатилмагандир? Ҳозирча бу бизга қоронғу.

Лекин барибир ҳар қанақасига ҳам бугунги Самарқанд давлат тиббиёт институти билан боғлиқ ҳолатга расмий муносабат билдирилиши керак. Расмийлардан кутиб қоламиз, — деб ёзади «Xushnudbek.uz» канали.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг