Ўзбекистонда 4К – бўлажак таълим тамойили тақдим этилди (фото)
Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро конгресс марказига келиб, бошланғич синфлар учун ишлаб чиқилган янги авлод дарсликлари тақдимоти билан танишмоқда.
Янги авлод дарсликлари тақдимотида таништириладиган ўқув-методик комплекслар (ЎМК) асосини Танқидий фикрлаш, Жамоавий ишлаш, Ижодкорлик (Креативлик) ва Мулоқот қилиш кўникмаларини ривожлантириш (4К) тамойили ташкил этади.
Уларни ишлаб чиқишда халқаро дастурлар томонидан ўқувчиларнинг муваффақиятларини баҳолашда қўлланиладиган намунавий топшириқлар ўрганиб чиқилди ва асос қилиб олинди (PISA, PIRLS, TIMSS, EGMA, EGRA).
Ўқув методик комплекслар фаол ўқув жараёни учун тўлиқ материаллар тўплами: дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчилар учун услубий қўлланмаларни ўз ичига олади.
Шунингдек, Estudy электрон таълим платформаси ҳам ушбу тизимга уйғун тарзда қиритилган. У математика, табиатшунослик, информатика каби фанлар бўйича ўқув курсларни ҳамда эгалланган билимларни мустаҳкамлаш учун 300 дан зиёд онгни оширадиган ўйинли вазифаларни ўз ичига олади.
Платформадан дарс давомида ҳам, бўш вақтда ҳам фойдаланиш мумкин. Ўқувчилар унинг ёрдамида ўзлаштирган материални мустаҳкамлаш билан бирга, мустақил равишда дастурдан илгарилаб кетишлари ҳам мумкин. Платформа TAS-IX тармоғида жойлаштирилган, бу эса ундан бепул фойдаланиш имконини беради.
Ўқув-методик комплекслар Android, IOS платформалари ва «Математика» ва «Алифбо» мобиль иловалари учун ўзбек ва рус тилларида онгни ўстирадиган ўйинлар тўпламига эга интерфаол ўқув дастурини ҳам ўз ичига олади.
Эътиборлиси, 1-3 синфлар учун тақдим этилган дарсликларнинг бир қисми, хусусан, тасвирий санъат, ўзбек тили ва мусиқий саводхонлик бўйича китоблар кенгайтирилган реаллик технологияларидан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқилган.
Бу ўқувчиларни фанга янада кўпроқ қизиқтириш ҳамда бугунги ўсмирлар ҳаётида муҳим бўлган гаджетларни фойдали воситага айлантириш мақсадида ишлаб чиқилди. Кенгайтирилган реаллик иловаси 1 марта юклаб олинади ва офлайн режимида ишлайди.
Ушбу дарсликларда нафақат фанлар, балки 21-асрда зарур бўлган ҳаётий кўникмалар ҳам ўргатилади.
Айни дамда китоблар ёш психологиясини ҳисобга олган ҳолда, ишлаб чиқилган. Масалан, биринчи синфда таълим жараёнига кўпроқ ўйин орқали ёндашилади, маълумотлар асосан кўрсатиш-визуал тарзда етказилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter