Ўзбекистонлик ўқувчилар АҚШдаги илмий ярмаркаларга жалб этилади
Ўзбекистоннинг Ню-Йоркдаги Бош консулхонаси дипломатлари АҚШнинг «Regeneron International Science and Engineering Fair» (Regeneron ISEF) илмий-таълим ҳамжамияти вакиллари билан музокара ўтказди, дея хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.
Томонлар илм-фан, технология ва муҳандислик йўналишларидаги иқтидорли ёшларни саралаш ҳамда қўллаб-қувватлашда Америка тажрибасини қўллаш, шунингдек, ўзбекистонлик мактаб ўқувчиларини АҚШдаги халқаро илмий ярмаркаларга жалб этиш истиқболларини муҳокама қилди.
Америка вакиллари дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидан ёш тадқиқотчиларни бирлаштирувчи «Regeneron ISEF» платформаси фаолиятини тақдим этди. Учрашувда АҚШнинг миллий илмий ярмаркалари, лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш ва менторлик (устозлик) тизимини қамраб олган кўп босқичли саралаш механизмига алоҳида урғу берилди. Ушбу босқичлардан муваффақиятли ўтган энг истиқболли ўқувчилар «Regeneron ISEF» халқаро финалига йўлланма олади.
Шунингдек, Ўзбекистонда экспертизанинг халқаро стандартларини жорий этиш, миллий экспертлар ва ҳакамларни тайёрлаш, ўқувчиларнинг тадқиқот инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, қолаверса, таълим муассасалари, университетлар, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва технологик компаниялар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар мамлакатнинг таълим ва илмий ресурсларини бирлаштирувчи ҳамда истиқболли ўқувчиларни изчил қўллаб-қувватлашни таъминловчи илмий-технологик истеъдодларни ривожлантириш миллий тизимини шакллантириш масаласига ҳам алоҳида тўхталдилар.
Учрашув якунида Ўзбекистоннинг иқтидорли мактаб ўқувчиларини халқаро илмий-муҳандислик танловларида, жумладан, «Regeneron ISEF»да иштирок этишини таъминлашга қаратилган миллий платформани яратиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter