Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентдаги ОТМда Жаҳон банки 210 000 АҚШ долларига молиялаштирилган лойиҳалар иш бошлади

Тошкентдаги ОТМда Жаҳон банки 210 000 АҚШ долларига молиялаштирилган лойиҳалар иш бошлади

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Академик инновациялар фондининг иккита: «Аграр инновациялар ва ресурслар» ҳамда «Хорижий университетлардаги инновацион ечимларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигида муҳандис кадрларни тайёрлаш дастурларини такомиллаштириш» мавзуларидаги лойиҳалари иш бошлади. Бу ҳақда «Xabar.uz»га институт матбуот котиби Раҳим Жуманиёзов хабар берди.

ТИҚХММИ проректори Тоҳир Султоновнинг қайд этишича, ушбу лойиҳалар Жаҳон банки томонидан 210 000 АҚШ доллари миқдорида тўлиқ молиялаштирилган бўлиб, уларни амалга ошириш даври 2 йилни ташкил этади.

«Аграр инновациялар ва ресурслар» мультидисциплинар (тармоқлараро) лабораториясини яратиш бўйича инновацион лойиҳасининг миқдори 70 000 АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу лойиҳа «Иқтисодиёт» таълим йўналишининг амалдаги ўқув режа ва фан дастурларини такомиллаштириш, ўқув режага янги инновацион турдаги фанларни киритиш; етакчи хорижий университетларида қўлланилаётган инновацион ечимларни жорий қилиш орқали қишлоқ хўжалигида иқтисодий муаммоларни инновацион-экспериментал қўллаш орқали янги таълим йўналиши дастурини ишлаб чиқиш ва жорий этишни қўллаб-қувватлаш; мавжуд профессор-ўқитувчилар салоҳиятини оширишга ва таълим сифатини яхшилашга кўмаклашиш; таълим жараёнида талабалар иштирокини ва илмий изланишларини фаоллаштиришни ўз олдига мақсад қилган.

Юқоридаги мақсадларга эришишда лойиҳа Лейбниц ривожланаётган мамлакатлар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти, Хумболдт Университети, Тошкент Вестминстер Халқаро Университети, Козоғистоннинг Назарбаев номидаги Университет, Гиссеннинг Юстус-Либиг Университети ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Ушбу лойиҳа доирасида экспериментал тадқиқотларни олиб боришга ихтисослашган кластер тузилади, онлайн тарзда ҳалқаро экспертлар иштирокида амалий семинарлар, вебинарлар ва семинар-тренинглар ўтказилади. Қишлоқ хўжалигида мавжуд муаммоларни ечишда дала тажрибаси шароитида экспериментал тадқиқотлар ўтказилади ва STATA ва FARMAGRIPOLIS каби замонавий ЭҲМ дастурлари ёрдамида моделлаштириш усули орқали аниқ ечимларини топилади ва қишлоқ хўжалигига жорий этилади.

«Хорижий университетлардаги инновацион ечимларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигида муҳандис кадрларни тайёрлаш дастурларини такомиллаштириш» лойиҳасининг миқдори 140 000 АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа «Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш» таълим йўналишининг амалдаги ўқув режа ва фан дастурларини такомиллаштириш, ўқув режага янги фанлар киритиш, хорижий университетларда қўлланилган инновацион ечимларни жорий қилиш орқали қишлоқ хўжалигида инновацион техника ва технологияларни қўллаш янги таълим йўналиши дастурини қўллаб-қувватлаш, профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ошишига ва иш фаолияти сифатини яхшиланишига кўмаклашиш; таълим жараёнида талабалар иштирокини ва ролини фаоллаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Юқоридаги мақсадларга эришишда лойиҳа АҚШнинг Дэвис шаҳридаги Калифорния университети, Оклахома ва Миссисипи штатлари университетлари ва Жанубий Кореянинг Сеул миллий университети билан ҳамкорлик қилади.

Лойиҳа доирасида замонавий компьютер синфи ишга туширилади, профессор-ўқитувчилар учун уч босқичли инглиз тили курслари ва хорижий ҳамкорлар иштирокида янги курслар бўйича семинар-тренинглар ташкил этилади, лаборатория қурилмалари харид қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг