Халқаро «Ёзги мактаб» ўз ишини онлайн шаклда бошлади
Ўзаро манфаатга асосланган ҳамкорликдаги фаолият соҳа тараққиётига хизмат қилиши аниқ. Илм-фаннинг ривожини таъминлайдиган мезон ҳам худди шу биландир. Ҳар қандай соҳанинг ривожланиш манбаи, илмий асоси назария, амалиёт ва илмий тадқиқотлар интеграцияси билан боғлиқ бўлишини давр тақозо қилаётгани сир эмас. Бусиз мақсад тўла-тўкис амалга ошмайди.
Худди шу мақсадда бугун Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Алма-ати шаҳрида жойлашган Қозоғистон-Немис университети (КНУ) ҳамда ТИҚХММИ магистратура босқичи талабалари учун мўлжалланган «Сув ресурсларини бошқариш асослари: назария, амалиёт ва илмий тадқиқотлар интеграцияси» мавзусида «Халқаро ёзги мактаб» ўз ишини онлайн шаклда бошлади. Халқаро ёзги мактаб ҳам тингловчилари Марказий Осиёнинг барча мамлакатларидан бўлган, шу жумладан, афғонистонлик талабаларни ўз ичига олади. Мазкур ўзига хос халқаро ёзги мактабнинг мақсади қуйидагиларни ўз ичига олади:
- талабаларнинг кейинчалик, Марказий Осиё минтақаси ҳудудида қўлланадиган билимлари ва кўникмаларини мустаҳкамлаш;
- КНУ ва ТИҚХММИ талабалари ўртасида диалог учун платформа яратиш;
- Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг илмий-техник потенциалидан минтақавий салоҳиятни ривожланишда фойдаланиш.
Бугунги тантанали тадбир халқаро ёзги мактабнинг очилиши билан бирга яна бир қувончли воқеа, ТИҚХММИда «Сув ресурсларини интеграл бошқариш (СРИБ)» лабораториясини очилишига бағишланди.
Бу йил қаторасига учинчи марта (афсуски, коронавирус пандемияси шароити туфайли биринчи марта онлайн шаклда) ўтказилаётган халқаро ёзги мактаб ҳам, нафақат Ўзбекистон, балки минтақа учун ҳам нодир ҳисобланадиган янги СРИБ лабораторияси ҳам ТИҚХММИнинг «Сув таълим ва ҳамкорлик (SMART WATER)» лойиҳаси билан ҳамкорлиги натижаси ҳисобланади. Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Сув таълими ва ҳамкорлик (SMART WATER)» лойиҳаси АҚШлари халқаро ҳамкорлик агентлиги (USAID) томонидан молиявий жиҳатдан қўллаб қувватланган.
Халқаро ёзги мактабни очилишига бағишланган тантанали тадбирда ТИҚХММИ ректори проф. У.Умурзоқов, АҚШнинг Ўзбекистондаги мухтор ва фавқулодда элчиси Дэниел Розенблюм, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг ўринбосари В.Аҳмаджонов, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари У.Бегимқулов, Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ижрочи директори З.Маҳмудов, КНУ ва ТИҚХММИ олимлари ва талабалари иштирок этдилар.
Дэниел Розенблюм ўз нутқида муҳим муаммоларни ҳал этишда илмий заминга қурилган ўзаро ҳамжиҳатлик, мазкур ривожлантирилаётган имкониятлар бутун минтақа салоҳияти тараққиётида катта роль ўйнашини эътироф этди.
Тадбир меҳмонлар халқаро ёзги мактаб ишига ва янги яратилган лаборатория фаолиятига омад ва муваффақият тиладилар.
Халқаро ёзги мактаб ўз ишини икки ҳафта (17-28 август) давом эттиради.
Раҳимбой Жуманиёзов,
институт матбуот хизмати раҳбари
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter