Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳусниддин Олимовга физика-математика фанлари доктори илмий даражаси берилди

Ҳусниддин Олимовга физика-математика фанлари доктори илмий даражаси берилди

Фото:«Inha.uz»

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг физика фани бўйича профессори Ҳусниддин Олимов Ўзбекистон фанлар академияси Ядро физикаси институтида илмий даражалар берувчи Илмий кенгашнинг йиғилишида ўзининг физика-математика фанлари доктори диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди ва физика-математика фанлари доктори (Doctor of Science) илмий даражасини қўлга киритди.

Илмий кенгашнинг қатнашган барча 17 аъзолари, шу жумладан учта Ўзбекистон фанлар академияси академиги, яширин овоз бериш орқали бир овоздан Ҳусниддин Олимовга физика-математика фанлари доктори илмий даражаси (Doctor of Science)ни тақдим этишди.

Ўзбекистон фанлар академияси академиклари ва профессорлар Мирзаюсуф Мусаханов, Шуҳрат Эгамбердиев, Толиб Мўминовлар Олимовнинг докторлик диссертациясини юқори илмий савиясини ҳамда олинган илмий натижаларни юқори энергияли фундаментал ядро физикаси соҳасини жаҳондаги ривожланишига катта ҳисса қўшганини ҳамда соҳанинг етакчи ҳалқаро олимлар томонидан эътироф этилганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Шуни таъкидлаш жоизки, роппа-роса 16 йил аввал 2002 йил 28 июнь куни худди шу Ўзбекистоннинг энг йирик илмий даргоҳида Ҳусниддин Олимов физика-математика соҳасида ўзининг номзодлик (Фалсафа доктори - PhD) диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган эди. Ҳусниддин Олимовга тақдим этилган фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси энг юқори ва нуфузли илмий даража ҳисобланиб, кўпгина Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида, шарқий Европа ва айрим ғарбий Европа давлатларида, жумладан Буюк Британияда, мавжуд. Шу тариқа, Ҳусниддин Олимов нуфузли фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини қўлга киритган Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг биринчи ва ягона фан доктори бўлди.

Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини қўлга киритгандан сўнг, фан доктори (Doctor of Science) диссертациясини тайёрлаш ва якунлаш учун кўп йиллик самарали илмий тадқиқотлар ўтказиш ва олинган натижаларни соҳадаги нуфузли ҳалқаро илмий журналларда чоп эттириш талаб этилади. Ўзининг фан доктори (Doctor of Science) диссертацияси мавзуси бўйича Ҳусниддин Олимов 33 та илмий иш чоп этди, шу жумладан 20 та илмий мақола ядро физикаси соҳасидаги нуфузли ҳалқаро илмий журналларда чоп этилди: 5 та мақола америка физика жамиятининг «Physical Review C» журналида, 2 та мақола Европа физика жамиятининг «The European Physical Journal A» журналида, 6 та мақола нуфузли World Scientific босма корпорациясининг «International Journal of Modern Physics E» журналида, 6 та мақола Россия фанлар академиясининг «Physics of Atomic Nuclei – Ядерная физика» журналида ва 1 та мақола Польша физика жамиятининг «Central European Journal of Physics» журналида чоп этилган.

Физика-математика фанлари доктори Хусниддин Олимов 20 йиллик муваффақиятли илмий-педагогик стажга эга. У 100 дан ортиқ илмий иш чоп эттирган, шу жумладан нуфузли Web of Science рўйхатига кирувчи ядро физикаси соҳасидаги ҳалқаро илмий журналларда (Physical Review C, The European Physical Journal A, Journal of Physics, International Journal of Modern Physics E, Physics of Atomic Nuclei) 50 та илмий мақола чоп этилган. Х.К. Олимовни илмий раҳбарлигида 2 та PhD (Фалсафа доктори) ва 2 та магистр диссертациялари муваффақиятли ҳимоя қилинган.

2017 йили Ҳусниддин Олимов нуфузли Web of Science га кирувчи ҳалқаро илмий журналларда 41 та илмий мақола чоп этгани учун физика-техника соҳасида нуфузли ҳалқаро «Science Leader» мукофотини қўлга киритди ва турли фан соҳаларида шу мукофотга эга бўлган олтита илғор ўзбекистонлик олимлар қаторидан жой олди. 2016 йилда Олимов ўзининг ҳалқаро илмий мақолалари учун Халқаро фанлар академиясининг (TWAS, Италия) нуфузли мукофотини Ўзбекистондан қўлга киритган ягона олим бўлди.

Тошкент шаҳридаги Инха университети раҳбарияти физика профессори Ҳусниддин Олимовни физика-математика фанлари доктори (Doctor of Science) илмий даражасини қўлга киритгани билан табриклайди ва келгуси илмий ва педагогик фаолиятида улкан муваффақиятлар тилайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг