Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

 «Катта портлаш»дан атомгача... Олим ёшларга қизиқ фактларни айтди

 «Катта портлаш»дан атомгача... Олим ёшларга қизиқ фактларни айтди

Фото: «Xabar.uz»

Кеча пойтахтимиздаги Ботаника боғида Ўзбекистон ёшлари ва талабалар форуми очилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика-техника институти директори профессор Ҳусниддин Олимов форум доирасида ташкил этилган Илмий мунозаралар ҳудудида Олим билан суҳбат дастури бўйича «Юқори энергиялар физикаси: ядролардан оламгача» мавзусида мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган билимга чанқоқ ёшлар – иқтидорли юқори синф ўқувчилари ва талабаларга маъруза қилди.

Олим ҳозирги материал оламнинг жуда кичик ҳажмдаги ўта зич энергиядан пайдо бўлишига олиб келган «Катта портлаш» жараёни, энергиянинг материяга ўтиши, протон, нейтрон, электрон, ядро, атом ва молекулаларнинг вужудга келиши ҳамда оламда ҳаёт бошланиши ҳақида қизиқарли ва содда тилда тушунтириб берди. Шунингдек, Еримизга тушувчи Қуёш энергияси Қуёшдаги қандай жараёнларда ҳосил бўлиши, нимага Қуёш табиий термоядровий реактор деб аталади, нимага Қуёш энергиясиз Ерда ҳаёт бўлмаслиги каби саволларга жавоб берилди.

Швейцариядаги энг йирик Катта адрон коллайдерида деярли ёруғлик тезлигидаги юқори энергияли оғир ионлар тўқнашганда «Катта портлаш»дан бир неча микросония ўтгач вужудга келган жуда иссиқ ва зич кварк-глюон плазма ҳолатидаги материя ҳосил бўлиши, пайдо бўлган кварк-глюон плазманинг температураси Қуёш марказидаги температурадан деярли юз минг баробар юқори бўлиши ва бошқа қизиқарли фактлар ҳақида айтиб ўтилди.

Шунингдек, атом электростанцияларида, иссиқлик ва гидроэлектростанцияларга қараганда, электр энергиясини олиш самаралироқ бўлиши, жумладан, атом электростанциясида бир грамм уран ёқилғисидан олинган электр энергияси 60 минг аҳолига эга кичик бир шаҳарчани бир соат мобайнида ёритилишига етарли бўлиши ҳақида тушунтирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг