Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Электрон ҳукумат қуришнинг «эстонча рецепти»: «Кўҳна ғилоф» ичида гуллаб-яшнаётган замонавий давлат ва жамият

Электрон ҳукумат қуришнинг «эстонча рецепти»: «Кўҳна ғилоф» ичида гуллаб-яшнаётган замонавий давлат ва жамият

Фото: «Interesting Engineering»

БМТнинг электрон ҳукуматлар бўйича 2020 йилги рейтингида 193 мамлакат орасида Эстония 3-ўринни (Дания ва Жанубий Кореядан сўнг) банд этиб, дунёнинг энг рақамлашган уч мамлакатидан бирига айланди.

Бу шунчаки ўсиш эмас — Эстония ушбу рейтингда 2018 йилда 16-ўринда эди. Рейтингдаги электрон иштирок индексида Эстония узил-кесил 1-ўринда!

Эстония — чин маънода рақамли мамлакат. Эстонлар қурган рақамли жамият яшончанлигини кўрсатди: никоҳ ёки ажрашиш, кўчмас мулк сотиш ёки харид қилиш истисно қилинганда, қолган деярли барчаси интернет орқали бажарилади.

Ўзини тутиб олган Эстония, бошқа мамлакатлар ҳам «рақамли жарлик»дан ўтиб олишлари учун, e-Estonia Briefing Centerга асос солган. Унда 130 дан ортиқ мамлакат учун ечимлар тақдим этилган. Ишониш қийин, аммо Япония ва АҚШ каби энг илғор мамлакатлар ҳам мўъжазгина Эстония кўмагига таянишмоқда: биринчисида рақамли рецептлар сайтлари ишга туширилди, иккинчиси учун телекоммуникацияларда маълумотларни хавфсиз алмашиш тизимлари ишлаб чиқилди.

БМТ қайд этишича, COVID-19 пандемиясидан сўнг аксарият мамлакатлар электрон ҳукумат стратегиясига жиддий ёндашишни бошлади. Чунки рақамли иқтисодиёт ва савдо учун бундан қулайи йўқ. Шунингдек, электрон давлат хизматлари бўйича амалиётларга ҳам зўр берилмоқда.


Маълумот учун: Мамлакатлар электрон ҳукуматларини тадқиқ этиш БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти томонидан 2001 йилда бошланган. Бу кузатувлардан мақсад Электрон ҳукумат тараққиёти индекси (ЭҲТИ) ёрдамида БМТга аъзо мамлакатларда электрон ҳукумат борасидаги ривожланишларни кузатиб боришдир.

Электрон ҳукумат тараққиёти индекси — электрон ҳукумат нуқтаи назаридан таснифлаш воситасидир. Индекс онлайн хизматлар қамрови ва сони, телекоммуникациялар инфратузилмаси ҳолати ва инсон салоҳияти каби уч асосга қурилган.


Электрон фуқаролик

Эстония 2014 йили, дунёда биринчи бўлиб, дунёнинг исталган мамлакати фуқаросига Эстония «электрон фуқароси» бўлиш имконини берувчи давлат дастурини ишга туширди. Маълумотларга кўра, ҳозиргача 75 минг нафардан зиёд хорижлик Эстониянинг электрон фуқароси мақомига эга бўлган. Аммо эстонлар баландроқ чўққиларни кўзлашяпти, 2025 йилда хорижлик электрон фуқаролар сонини 10 миллион нафарга етказишмоқчи. Марра жудаям баланд — Эстония аҳолиси сони 1,3 миллиондан сал кўпроқ, холос.

Эстониянинг вақт синовидан ўтган бу тажрибасидан яна бир Болтиқбўйи мамлакати унумли фойдаланмоқчи: 2021 йилнинг февраль ойидан Литва электрон фуқаролик жорий этилган дунёдаги иккинчи мамлакатга айланади. 

Электрон фуқаролик нима беради?

Аввало, чет элда туриб ҳам Эстонияда компанияларни онлайн рўйхатдан ўтказиш, банкда ҳисоб рақами очиш, солиқ ва тўловларни узиш, шартномаларни (шу жумладан, халқаро шартномаларни) электрон имзо билан тасдиқлаш ҳамда Эстониядаги бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш каби имкониятларни.

Масалан, хорижлик учун Эстониядаги давлат онлайн-сервисида компанияни рўйхатга олиш бир-икки соатлик иш (энг яхши рекорд — 18 дақиқа). Аризани тўлдириш учун фойдаланувчи ўз фотосини ва унга ҳавола қилиб янги статус учун сабаб-омилларни келтирса бўлди. Ушбу электрон ариза жўнатилганидан сўнг Эстония ҳуқуқ органлари томонидан дарров текширилиб, жавоби берилади. Ҳаммаси жойида бўлса, номзод консулхона вакили билан учрашувга чақирилади (учрашув Эстониянинг исталган мамлакат ва шаҳардаги консулхонасида ўтказилади). Учрашув кўнгилдагидек ўтса (одатда шундай), бир ойдан сўнг «электрон фуқаро»ликка номзод барча тегишли ҳужжатларга эга бўлади.

Асосий ҳужжат — одатий имзо ўрнини босувчи электрон чип ўрнатилган ID-карта.

Эстонияни «сервис-мамлакат» дейишлари бежизга эмас — ҳукумат ва давлат органларини рақамлаштириш бўйича Болтиқбўйи мамлакати дунёда биринчи! Нафақат ажнабий тадбиркорлар, балки оддий фуқароларни ҳам бу жалб этмай қолмайди. Албатта, миллионлаб меҳнат муҳожирлари йўл олаётган АҚШ, Канада, Австралия, Германия, Франция, Буюк Британия сингари давлатлар билан малакали мутахасcислар, илмий ходимларни жалб этишда рақобатлашиш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Аммо...

Эстониянинг ҳозирги аҳолиси 1,3 миллион киши. Иқлими ҳам ҳавас қилгулик эмас, Аляска билан битта кенгликда жойлашган. Европа иттифоқига аъзолиги боис орзудаги ҳаётни қидириб Ғарбий Европага чиқиб кетаётган фуқаролари ҳам етарли. Аҳолиси сони камайишда давом этмоқда. Шу боисдан ҳам мамлакат ҳукумати бир неча йиллар аввал ўз фуқароларига гуллаб яшнаган бўлмаса-да, муносиб турмуш шароитини яратиш ҳақида жиддий бош қотиришни бошлади. Қазилма бойликларга ёлчимаган, камига демографик инқироз кўчасига кириб қолган митти давлат нимаси билан жалб эта олади? Ва бунинг йўли топилди — «рақамлар».

Эстония дунёдаги энг зўр рақамли инфратузилмани қура олди

Мустақилликни қўлга киритганидан сўнг 25 йил ўтиб, Эстония дунёдаги энг зўр рақамли инфратузилмани қура олди. Имзолар — рақамли, солиқ тўлайман десангиз, марҳамат, интернет бор. Бир-икки дақиқа, бир-икки мегабайт — ҳафсала бўлса бас. Сайловлар ҳам онлайн, ҳеч қанақа сайлов қутилари, варақалар, машмашаларсиз. Мактаблар сайлов участкаларига айлантирилмайди. Компьютер ёки телефоннинг ўзи ҳам етади. Албатта, шахсан бориб овоз берсаям бўлади, бироқ тобора кўпчилик «рақамлар»ни танлаяпти.

Эстония илк электрон сайловларни 2007 йилда ўтказганида сайловчиларнинг атиги 3,4 фоизи онлайн овоз берганди. Ҳозирги кўрсаткични бу билан солиштиришнинг ўзи ноўрин. Электрон овоз беришда шахсий идентификация смарт-картаси қўлланилади. Шунингдек, рақамли имзо ва кард-ридер керак.

Электрон овоз бериш интерфейси майда ҳарфли қоғоз бюллетенлардан анча қулай. Фойдаланувчи киритган онлайн маълумотлар шифрланиб, овоз бериш сервисига йўлланади. Шифрлар овоз бериш куни, муайян вақтда очилади. Ҳеч қанақанги кўзбўямачиликлар ва фокусларсиз — ҳар бир овозни алоҳида аниқлаш мумкин.

Эстониялик фуқароларга ID-карталар берилиши 2002 йилдан бошланган. Уларни ҳар бир фуқаро олиши шарт қилиб қўйилган. Бу карта банклардаги транзакцияларни тасдиқлаш ва ҳужжатларни рақамли имзолаш учун керак эди. Шахсни тасдиқлашнинг ушбу усули 1999 йилдан бутун Евроиттифоқда стандартга айланган.

«Электрон фуқаро» картаси ва карт-ридер

Бу тизимни жорий этиш орқали Эстония нафақат ўз ҳудудида яшовчи фуқаролар, шунингдек, диаспоралар вакилларига ҳам зарур ресурслардан фойдаланиш имкониятини тақдим этди. Бу моделнинг самарадорлигини англаши ҳамон ҳукумат тепасидагиларда «электрон фуқаро» ғояси туғилди.

Еттидан етмишгача

Мамлакатдаги барча фуқароларни рақамлаштириш жараёнига жалб этиш борасидаги Эстония тажрибаси таҳсинга лойиқ. Аввало аҳолисининг компьютер саводхонлиги тинмай ошириб бориляпти. Эстониядаги барча мактабларга интернет 1990-йилларнинг охирида кириб келган. Мактабларда дастурлаш фанлари ўтилади. Миллий eKool тизимида мактаб ўқувчиларининг барча баҳолари, уй вазифаларидан тортиб давоматигача батафсил қайд этиб борилади. Ота-оналар маълумотларни истаган пайтларида текшириб кўришлари мумкин.

Рақамлаштириш жараёнларидан ёши улуғлар ҳам четда қолмаяпти. 2009 йили амалга ошириш бошланган пенсиядагилар учун дастур кексаларнинг компьютерни ўрганишлари ва сотиб олишларини давлат моддий қўллаб-қувватлашига асосланган. Икки йилда 40 минг киши қамраб олинди — 1,3 миллион кишилик Эстония учун бу жуда аъло кўрсаткич.

Эстония — ўрта асрларга элтувчи меъморчилик намуналари билан танилган. Аммо бу «кўҳна ғилоф» ичида ўта замонавий давлат ва жамият гуллаб-яшнаяпти.

«Сервис-мамлакат» нима дегани?

Глобал тармоқ — интернет ривожланиши билан кўплар ватанида ўтириб ҳам хориж компанияларида ишлаш, тадбиркорлар эса ўз маҳсулот ва хизматларини хорижга танитиш ва сотиш имкониятига эга бўла бошлади.

Хорижда қонуний асосда тадбиркорлик қилиш, шунинг баробарида бу жараёнлар осонлашиши ва хавфсизлик таъминланишини истовчилар сони тобора кўпая борди. Кимларгадир шунчаки халқаро мақомнинг ўзи етарли бўлса, айримларнинг йўлидаги тўсиқ ўз мамлакати қонунлари ва ҳукумати эди.

Ана шундай бир паллада Эстония барчага ўз бизнесини рўйхатдан ўтказишга «бошпана» бўлишга қарор қилди. Секин-аста мамлакат тадбиркорлар халқаро бизнес юритадиган рақамли муҳитга айланиб борди.

«Электрон фуқаро» солиқни қаерда тўлайди?

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти қоидаларида ёзилишича, «солиқлар ишлаб чиқариш кучлари жойлашган ва асосий даромад яратилган жойда тўланиши шарт». Бу Эстонияда компаниясига асос солган ва АҚШда (ёки Франция, Сингапур, борингки, Ўзбекистонда) яшовчи мустақил тадбиркор солиқни ўзи жисмонан яшаётган мамлакатга тўлаши шартлигини англатади.

Эстонияга нима наф?

Қанча кўп одамлар ва компаниялар «электрон фуқаро»га айланса ва Эстонияда рўйхатдан ўтса, эстон компанияларининг мижозлари сони шунча кўпаяди.

Мисол учун, хорижлик «электрон фуқаро» ўз бизнесини рўйхатдан ўтказаркан, катта эҳтимол билан унда эстон компаниялари кўмагига эҳтиёж туғилади — банкда ҳисоб рақами очиш, пулли хизмат кўрсатувчи провайдер билан шартнома тузиш, бухгалтерлар, юристлар, аудиторлар хизматидан фойдаланиш. Қанчадан-қанча қўшимча ишлар, даромадлар ошиши ва албатта, «йўқ жойдан» давлат ғазнасига оқиб келадиган солиқлар. Кичкина Эстония учун шунинг ўзи етарли, мана нима учун улар «электрон фуқаролар» сонини яқин беш йилда 10 миллион нафарга етказишдан умидвор...

Четдан ёрдам керакмас, ўзимиз қурамиз

Эстония ўз электрон ҳукуматини ҳеч қанақанги чет мамлакатлар ва мутахассислар ёрдамисиз, турли хорижий лицензияларга бир чақа ҳам тўламасдан уддалаётгани танганинг иккинчи томони. Қайтанга бунинг акси — Япония ва АҚШ мисолида ҳам бунга тўхталдик.

Электрон ҳукуматни қуришга фақат ва фақат эстон компаниялари (масалан, «Nortal») жалб этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг