Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Exadel Inc.» компанияси ўзбекистонлик дастурчиларга 2000 АҚШ доллари атрофида маош беришга тайёр

«Exadel Inc.» компанияси ўзбекистонлик дастурчиларга 2000 АҚШ доллари атрофида маош беришга тайёр

Иллюстрация: «Xabar.uz»

«Exadel Inc.» вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида хабар берган эдик. Мазкур халқаро компания Ўзбекистондаги IТ-бозорда ҳамкорлик ўрнатиш имкониятларини ўрганмоқда.

Кеча дастлаб Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида «Exadel Inc.» корпорацияси вице-президенти Грегори Кацман билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақида сайтимизда маълумот бериб ўтдик.

«Exadel Inc.» вакиллари «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация марказига ҳам ташриф буюришди. Бу ерда марказ резидентлари ва компания вакиллари — вице-президент Грегори Кацман ҳамда HR-менежер Елена Круковская ўртасида мулоқот ташкиллаштирилди. Тадбир таништирув мақомига эга бўлиб, унда меҳмонлар асосан ўз компаниялари, Ўзбекистон бозорида иштирок этиши мумкин бўлган режалари ҳамда MUIC резидентлари ҳисобланган IТ-компаниялар билан ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича маълумот беришди.

Грегори Кацман. Фото: «Xabar.uz»

Грегори Кацман:

— Компаниямизнинг турли мамлакатларда 15дан ортиқ офиси бор. Ишни 10 нафар мутахассис билан бошлаган бўлсак, ҳозир компания ходимлари сони 1000 нафардан ошади. Биз Беларусь юқори технологиялар парки тажрибасидан яхши хабардормиз, у ерда фаолият олиб борамиз. Эшитишимизча,   «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази ҳам ўз резидентларига кенг имкониятлар беради. Вазиятни яхшилаб таҳлил қилиб, Ўзбекистонда ўз офисимизни ташкил этиш ниятидамиз. Шунда биз бу ерда малакали кадрлар ресурсини шакллантириш имконига эга бўламиз.

Елена Круковская. Фото: «Xabar.uz»

Елена Круковская:

— Биз нафақат дастурчиларни иш билан таъминлаймиз, балки талантларни қидириш ва етиштириш билан ҳам шуғулланамиз. Бу борада университетлар билан алоқалар ўрнатамиз. Агар авваллари асосан лабораториялар ташкил этиш билан шуғулланган бўлсак, ҳозир деярли ўқитувчилар билан тенг ишлаяпмиз. Биз махсус курслар ташкил этиб, унда энг сўнгги технологиялар ҳақида маълумот берамиз. Шунга қараб ўқув дастурларимиз тез-тез янгиланиб туради. Энг кучли ва сара мутахассисларимиз бу курсларда талабаларга сабоқ берадилар. Курсларимиз бепул. Икки ой ичида тингловчилар ҳам назарий, ҳам амалий машғулотлар билан банд бўлишади. Шу икки ой ичида амалиётда бирорта лойиҳа устида иш олиб борадилар. Ишланмалари натижасига қараб, уларни компанияга ишга оламиз.

Инновация маркази резидентлари меҳмонларга ўзларини қизиқтирган саволларини бердилар. Қайси йўналишдаги мутахассислар керак, қандай технология ва дастурлаш тилларида ишлаш талаб қилинади, иш ҳақлари, «B2B» услубида ҳамкорлик қилиш шартлари каби саволарига жавоб олишди.

Инновация маркази резидентлари. Фото: «Xabar.uz»

«Exadel Inc.» томонидан ҳар бир мамлакат бозори талабларидан келиб чиқиб, турли офислари ходимларига ўртача 2000-3000 АҚШ доллари миқдорида ойлик маош тўланар экан.

Маош тўлашда мамлакатлар солиқ сиёсатининг ҳам таъсири бор, шу сабаб «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази тақдим этаётган имтиёзлар «Exadel Inc.» вакиллари қизиқишини оширган. Агар компания Ўзбекистонда ўз офисини очса ва ҳамкорликни йўлга қўйса, бу ерда ҳам ходимларига яхши ҳақ тўлашлари мумкинлигини билдиришди.

Учрашув якунлангач, «Exadel Inc.» вакиллари яна бир соат вақт ажратиб, резидентлар билан индивидуал мулоқотда бўлдилар.

Эслатиб ўтамиз, «Exadel Inc.» — дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва IТ-консалтинг билан шуғулланадиган халқаро компаниядир. У 1998 йилда ташкил топган. Бош офиси Калифорния(АҚШ)да жойлашган. Компания олти давлатда ишлаб чиқариш марказлари ҳамда АҚШ, Беларусь, Украина, Литва, Россия ва Польша давлатлари шаҳарларида 800 нафардан ортиқ ходимига эга. Компания ташкил этилган кундан бошлаб дунёнинг йирик компаниялари: Deutsche bank, Bank of America, eBay, Sears, Abn-AMRO Bank, RBS, Sears, SAMSUNG ва бошқа компаниялар учун 500 дан ортиқ лойиҳани амалга оширган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг