Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

PayPal масаласига ечим: Сенат қонунга ўзгартириш киритди

PayPal масаласига ечим: Сенат қонунга ўзгартириш киритди

Олий Мажлис Сенатининг 13-ялпи мажлисида “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган дастурчи-фрилансерлар томонидан яратилган дастурий маҳсулотлар ва рақамли контент хорижий мижозларга асосан халқаро электрон платформалар орқали сотилмоқда. Айрим йирик платформаларда тўловлар банк карталари ёки банк ўтказмалари орқали амалга оширилаётган бўлса, Upwork, Fiverr, Envato, Storyblocks каби платформаларда тўловлар фақат PayPal тизими орқали қабул қилинади.

Шу билан бирга, PayPal тўлов тизими ҳозирда Ўзбекистонда чиқарилган банк карталари орқали тўлиқ ишламайди. Бу ҳолат мамлакат қонунчилигида, хусусан, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонунда маълумотларни фақат Ўзбекистон ҳудудида сақлаш талаби мавжудлиги билан изоҳланади. Натижада айрим халқаро тўлов тизимларининг Ўзбекистон бозорига кириши чекланиб қолмоқда.

Муҳокама қилинган қонунга киритилаётган ўзгартиришлар ушбу муаммоларни бартараф этишга қаратилган. Жумладан, халқаро онлайн тўлов тизимларининг мамлакатимизда фаолият юритишини енгиллаштириш, финтех, электрон тижорат ва рақамли иқтисодиёт ривожини жадаллаштириш, фрилансерлар учун қонуний ва шаффоф тўлов механизмларини яратиш, шунингдек, чет эллик туристлар учун контактсиз тўлов имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Қонунга мувофиқ, фақат айрим турдаги шахсга доир маълумотлар — биометрик, генетик ҳамда телекоммуникация хизматлари билан боғлиқ маълумотлар — Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шарт этиб белгиланмоқда. Қолган маълумотларни чет элга узатиш ва сақлаш учун аниқ хавфсизлик талаблари жорий этилади. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасига шахсга доир маълумотлар хавфсизлиги таъминланган давлатлар рўйхатини тасдиқлаш ваколати берилади.

Сенаторлар таъкидлашича, мазкур Қонун электрон тижорат соҳасида ҳуқуқий ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига халқаро интернет платформаларидан фойдаланишда янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқулладилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг