Google Playдаги чекловлар бекор қилинди
Технология оламида кутилган тарихий бурилиш юз берди. Google компанияси Android иловалар бозоридаги кўп йиллик монополиясига чек қўйиб, дастурчиларга Google Play тўлов тизимини четлаб ўтиш имкониятини тақдим этди. Мазкур қарор нафақат рақамли бозор эркинлигини таъминлайди, балки илова яратувчилари учун молиявий юкларни сезиларли даражада камайтиради.
Янги қоидалар ва муқобил тўлов тизимларини жорий этиш дастури дунё бўйлаб бир неча босқичда амалга оширилади. Бугунги кунда мазкур функсиядан АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи мамлакатларидаги дастурчилар ва фойдаланувчилар тўлиқ фойдаланиш имкониятига эга.
Рейтерс ва соҳавий нашрларнинг Google расмий баёнотига таяниб берган хабарига кўра, кенгайиш географияси қуйидаги графиклар асосида давом этади:
- 2026 йил 30 сентябрдан Австралия ҳудудида;
- 2026 йил 31 декабрдан Япония ва Жанубий Корея бозорларида;
- 2027 йилнинг сентябрига қадар Дунёнинг қолган барча ҳудудлари ва глобал бозорда тўлиқ ишга туширилади.
Бу дегани, тез орада дунёнинг исталган нуқтасидаги Android фойдаланувчилари илова ичидаги харидларни бевосита дастурчининг шахсий веб-сайти ёки бошқа мустақил тўлов тизимлари орқали амалга оширишлари мумкин бўлади.
Янги тизимнинг энг катта афзаллиги узоқ йиллардан бери дастурчиларнинг норозилигига сабаб бўлиб келган 30 фоизлик мажбурий комиссия ставкасининг бекор қилинишидир. Google компанияси дастурчилар учун хизмат ҳақи улушини тубдан камайтиришга қарор қилди.
Йилига 1 миллион АҚШ долларидан кам даромад топадиган дастурчилар ва стартаплар учун компанияга тўланадиган одатдаги 30 фоизлик анъанавий улуш ўрнига атиги 10 фоизлик базавий комиссия ставкаси белгиланди.
Шунингдек, молиявий шартларда янги тақсимот жорий этилмоқда. Агар илова эгаси тўловларни қабул қилишда барибир Google Playнинг ўз тизимидан фойдаланишни афзал кўрса, у ҳолда хавфсизлик ва транзакцияларни бошқариш учун қўшимча 5 фоизлик тўлов ундирилади. Аммо дастурчи фойдаланувчини ўз веб-сайтига йўналтирса ёки муқобил тизимларни интеграция қилса, ушбу қўшимча 5 фоизлик тўловдан бутунлай озод этилади.
Epic Games ва бошқа йирик технология компанияларининг Google устидан олиб борган кўп йиллик суд жараёнлари ушбу ижобий натижанинг асосий турткиси бўлди. Мутахассисларнинг фикрича, Google Play сиёсатидаги бундай очиқлик иловалар бозорида соғлом рақобатни кучайтиради, рақамли маҳсулотларнинг нархи арзонлашишига олиб келади ва кичик дастурчиларга ўз даромадларининг катта қисмини сақлаб қолиш имкониятини беради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter