Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Марк Рочман: «Менда Ўзбекистонга оид битта ёмон, битта яхши хабар бор»

Марк Рочман: «Менда Ўзбекистонга оид битта ёмон, битта яхши хабар бор»

Марк Рочман.

Фото: «Inha.uz»

Ўзбекистонда ахборот технологияларини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд, бироқ мамлакат ўз ўрнини топиши керак. Бу ҳақда «Openbucks» компанияси асосчиси ва президенти Марк Рочман маълум қилди.

Марк Рочман 2018 йил 14 март куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари ва профессорлари билан учрашув ўтказди ва Кремний водийсидаги иш тажрибаси билан ўртоқлашди.

Учрашув давомида Рочман шундай деди: «Менда битта ёмон, битта яхши хабар бор. Ўзбекистон бозори етарлича катта эмас. Яхши янгилик шундаки, Ўзбекистон йирик минтақанинг марказида турибди ва сиз ушбу бозорни қамраб олишингиз мумкин».

Шу билан бирга, у мамлакат ўз ўрнини топиши кераклигини таъкидлади. Мисол учун, Исроил киберхавфсизлик соҳасида, Жанубий Корея эса компьютер ўйинлари соҳасида етакчи давлатлардир. Ўзбекистон ҳам ушбу соҳада ўзининг кучли томонини топиши ва бу йўналишда ечимларни ишлаб чиқариши керак.

У Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳаси ривожланиб бораётгани ва ёшлар катта имкониятларга эга эканлигини таъкидлади. «Openbucks» раҳбари Ўзбекистон ёшлари чет элда эмас, балки мамлакат равнақи учун ишлаши кераклигини таъкидлади.

Рочманнинг фикрича, ёшлар пулнинг ортидан қувмасликлари керак. У катта компаниялар катта пул таклиф қилишини таъкидлади, аммо кичик компанияларда улар ўз билимларини ошириб, кўпроқ билимга эга бўлишлари мумкинлигини қайд этди.

Учрашув давомида у талабаларга ўз тавсияларини берди. Ёшлар албатта инглиз тилини билишлари ва мавжуд муаммоларга ечим топадиган лойиҳалар устида ишлашлари лозим. Агар лойиҳангиз бир муаммони ҳал қилса, у муваффақиятли бўлади, деди Рочман. Бозорда кўплаб қизиқарли фикрлар мавжуд, аммо уларнинг кўпчилиги муваффақиятсизликка учрайди, чунки мазкур лойиҳалар одамларга муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бермайди.

У Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлардаги мавжуд муаммоларни ўрганишни маслаҳат берди ва инновациялар асосида ушбу муаммоларни ҳал қилишни таклиф қилди.

Тадбиркор шунингдек, ҳар доим ўғлига бошқаларга қараганда яхшироқ бўлиши кераклигини уқтиришини айтди. «Мен сизларга ҳам шуни айтаман, агар сиз бошқалардан яхшироқ бўлмасангиз, сизнинг ўрнингиз ўзгалар томонидан, масалан, Ҳиндистон ёки Хитой мутахассислари томонидан эгаллаб олинади», — деди у.

Учрашув якунида «Openbucks» асосчиси ва президенти Марк Рочман IUT талабалари ва профессор-ўқитувчилари саволларига жавоб берди.

Эслатиб ўтамиз, «Openbucks» раҳбари АКТ вазирлиги ҳамда БМТТДнинг «Самарали Давлат Бошқарувини ривожлантириш ва Рақамли Трансформацияга кўмак қўшма лойиҳаси орқали Ўзбекистонга таклиф қилинган эди.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг