Шерзод Шерматов: «Бу тўрт йил олдин ҳеч кимнинг хаёлига келмаган нарса» (видео)
Президент Шавкат Мирзиёев 24 декабрь куни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишгани ҳақида хабар берилганди.
«Давлатимиз раҳбарига Ўзбекистонда замонавий ахборот технологияларини ривожлантиришнинг асосий устувор вазифалари, олдимизда турган режалар бўйича батафсил тақдимот қилинди», – дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов.
АКТ вазирининг қайд этишича, бундан 4 ярим йил олдин Президент фармони билан Ўзбекистонда «айти» компаниялар учун алоҳида режим яратилган ва IT-парк резидентлари томонидан ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришга имконият очиб берилган эди.
«Шунинг натижасида қисқа вақт ичида IT-парк резидентларининг экспорти эллик баравардан кўпроққа ошди. Жорий йилда «айти» хизматлари экспорти 40 миллион доллар бўлишини кузатиб турибмиз. Бу тўрт йил олдин ҳеч кимнинг хаёлига келмаган нарса. Энди буёғига олдимизга янада катта вазифалар қўйилдики, яъни имкони борича бу экспортни кўпайтириш ва диверсификация қилиш. Ҳозир экспортимизнинг 75 фоизи айнан АҚШ бозорига, яъни у ердаги логистика хизматларини кўрсатишга қаратилган бўлса, энди секин-секин бошқа бозорларга ҳам экспортни кўпайтириб, ёшларимизга қўшимча иш ўрни яратиш. Шу болаларимиз ўзининг юртида, ўзининг оиласи бағрида яшаб, худди чет элда ишлагандай яхши даромадли соҳага эга бўлишади», – таъкидлайди соҳа раҳбари.
Шерзод Шерматовга кўра, яна бир катта йўналиш – бу маълум бир хизматларни аутсорсингга бериш.
«Бу йўналишда алоҳида бир математик кучли база керак эмас. Ёки дастурлашни билиш талаб этилмайди. Чет тилларни билса, компьютердан фойдаланувчилар даражасида биладиганлар бўлса, бемалол BPO компанияларга ишга кириб, фойдаланиши мумкин. Бизнинг эндиги мақсадимиз – бунинг кўпчилиги Тошкент шаҳрида эди, энди BPO бозорини ёшларимиз кўп бўлган ҳудудларга ҳам олиб кириб, у ерда ёшларимизни ўргатиб, шу орқали ишчи ўринни яратиш масаласи», – деди вазир.
Ўзбекистонни ўзига яраша «айти» хизматлар марказига айлантириш кўзда тутилмоқда. Энди дастурлашни ўрганган ёшларимиз билан бирданига бунга эришиш қийин. Шунинг учун, хориждан Ўзбекистонга тажрибали дастурчиларни олиб келиб, ишлашига қулайлик яратиб бериш талаб этилади.
«Шунинг учун давлатимиз раҳбари томонидан уларни Ўзбекистонга олиб келиш, катта тадбирларни ўтказиш ёки алоҳида «айти» виза жорий этиш масалалари бўйича топшириқлар берилди. Ва бу ишларни амалга оширганимиздан кейин хорижда ишлаб юрган юқори малакали дастурчи ҳам бемалол Ўзбекистонга кириб, кўпроқ ёшларимизга устозлик қилишига имконияти бўлади. Натижада ёшларимиз ўз малакасини ошириб боради. Бундан ташқари, катта «айти» компанияларимиз учун янада қўшимча рағбатлантириш механизмлари кўзда тутиляпти», – деди Ш.Шерматов.
Маълум қилинишича, давлатимиз раҳбари томонидан IT-паркдан ташқари соҳа олдига жуда катта вазифа қўйилган. Бу электрон ҳукумат тизимини жорий этиш ва шу йўналишдаги рейтингда юқорига кўтарилиш масаласи.
«Давлатимиз раҳбарига ахборот бердик шу ҳақда. Ҳамма режаларимиз бўйича тўғри йўналишдаги вазифаларни олдик. Энг биринчилардан бири бу – инфраструктура компоненти, яъни қишлоқ жойларгача юқори тезликдаги интернетни етказиб бориш долзарб вазифа бўлиб турибди. Уч йил давомида асосан ижтимоий-сиёсий объектларга оптик тола тортилиши бўйича катта ишлар амалга оширилди. Энди шу олиб борилган оптик толани ўша жойларда яшайдиган аҳолига етказиб бериш қолди. Бунинг учун биз жойлардаги портлар сонини камида 1 миллионтага оширишимиз керак. Шунда камида бир миллионта қўшимча абонентга хизмат кўрсатишга имконият бўлади», – деди АКТ вазири.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter