Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Евроиттифоқ Фаластин давлатини тузишга қарши қарор юзасидан таассуф билдирди

Евроиттифоқ Фаластин давлатини тузишга қарши қарор юзасидан таассуф билдирди

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Исроил парламенти – Кнессетнинг Фаластин давлатини тузишга қарши қарори юзасидан баёнот берди.

«Европа Иттифоқи, ҳатто Исроил билан музокаралар асосида ҳал қилишнинг бир қисми эканига қарамай, Кнессетнинг 18 июль кунидаги Фаластин давлатини тузишга қарши қаратилган қарори муносабати билан таассуф изҳор этади. Халқаро ҳамжамиятда Яқин Шарқда тинчлик ва хавфсизликни таъминлайдиган ягона собит қарор бу – икки давлат модели асосидаги ечим экани борасида мустаҳкам консенсус шаклланган», – дейилади расмий билдиргида.

Таъкидланишича, ЕИ икки давлат  тузишни назарда тутувчи БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ҳужжатлари, жумладан, 2735, 2728, 2720 ва 2712-сонли резолюцияларга мувофиқ мустаҳкам ва барқарор тинчлик тарафдоридир.

«Фаластинликлар ва исроилликлар хавфсиз, муносиб ва осуда шароитда яшаш борасида бир хил ҳуқуқга эга. Европа Иттифоқи ўзининг азалий муштарак позицияси ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига мувофиқ, агарда томонлар ўзаро келишмаса, 1967 йилдаги чегаралар ўзгаришини тан олмайди», – дейилади баёнотда.

Расмий Брюссель сиёсий жараённи тиклаш учун халқаро ва минтақавий ҳамкорлар билан фаол ишлашда давом этади.

Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакилга кўра, Фаластин давлатчилиги томон ягона амалий йўл – ушбу сиёсий жараённинг энг муҳим компонентидир. Фаластин халқини умид ва истиқболдан маҳрум этиш эса ихтилоф, низони янада чуқурлаштиради, холос.

Маълумот ўрнида, жорий йил 18 июль куни Исроил парламентида кўпчилик овоз билан Фаластин давлати ташкил этилишини рад этувчи қарор қабул қилинди. Қарорда Фаластин давлати тузилиши Исроил давлатига таҳдид деган иддао илгари сурилган.

Кнессет қарорига БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам эътироз билдирди. Бош котиб таъкидича, 1967 йилги чегараларда, пойтахтлари Қуддус бўлган мустақил, суверен ва демократик икки давлат мавжудлиги минтақада барқарорлик ўрнатишнинг ягона оқилона йўли саналади. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг