Криминал авторитет махсус операция чоғида ўлдирилди
Қирғизистондаги таниқли криминал авторитет Қамчибек Колбаев (Қамчибек Асанбек) махсус операция давомида ўлдирилди.
Қайд этилишича, махсус операция 4 октябрь куни тушдан кейин Бишкек марказидаги ресторанлардан бирида ўтказилган. Колбаев қуролли қаршилик кўрсатгани учун унга қарата ўқ узилган.
Қамчибек Асанбек ўқ жароҳатларидан воқеа жойида вафот этган. Махсус хизмат ходимлари ва фуқаролар орасида ҳеч ким қурбон бўлмаган ва жароҳатланганмаган.
Ҳолат юзасидан «Уюшган жиноий гуруҳ тузиш», «Қонунга хилоф қурол-яроғ муомаласи» ва «Одам ўлдиришга уриниш» моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Махсус хизматлар Колбаевни «тадбиркорларнинг ўта йирик миқдордаги мол-мулкларига ноқонуний эга чиқиш фактлари бўйича уюшган жиноий гуруҳнинг фаол аъзолари ва етакчилари»га нисбатан жиноят ишини тергов қилиш доирасида қўлга олишга ҳаракат қилишган.
Қамчибек Асанбек 2000 йилда қотилликда айбланиб, 25 йилга қамалган, бироқ олти йилдан сўнг қамоқдан қочган. 2008 йилда у Москвада расман «қонундаги ўғри» мақомига сазовор бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter