Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ғазода «болаларга қарши уруш» кетмоқда — ЮНИСЕФ вакили

Ғазода «болаларга қарши уруш» кетмоқда — ЮНИСЕФ вакили

Ғазо секторида содир бўлаётган воқеалар болаларга қарши урушдир. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) матбуот котиби Жеймс Элдер маълум қилди.

Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрида фаолият олиб борган Элдер «Анадолу» мухбири билан суҳбатда минтақадаги сўнгги вазият ва гувоҳи бўлган нарсалар ҳақида гапирди.

ЮНИСEФ вакили 2023 йил 7 октабрдаги ҳужумлардан кейин Ғазо секторига иккинчи марта ташриф буюрганини таъкидлади.

«Бу ерда жуда чуқур умидсизлик бор. Одамлар жуда чарчаган, уларнинг кўплари очликдан ўлмоқда. Рафаҳга ҳарбий ҳужум қилиш (қуруқлик ҳужуми) ҳақидаги ақлдан озган ғоя ҳақиқатга айланиши мумкинлигидан қўрқув ҳали ҳам бор», — деди Элдер.

Шунингдек, матбуот котиби Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳридаги Носир касалхонасига боргани ва унинг аянчли аҳволи ҳақида гапирди.

«Асосан жароҳатланган болаларга хизмат кўрсатган жуда муҳим муассаса — Носир касалхонаси энди хизмат кўрсата олмайди. Мен бошқа икки касалхонага бордим, уларнинг иккаласи ҳам беморларга тўлиб тошган», — деди у.

Элдернинг сўзларига кўра, шифохона ходимлари доимий равишда дори-дармонлар танқислигини қайд этишади ва ЮНИСEФ, ўз навбатида, тиббий воситаларни етказиб беришга муваффақ бўлди. Бундан жуда кўп ҳажмдаги ёрдам Ғазо шимолига етказилиши зарур, деди у.

Ғазо секторидаги 36 шифохонанинг 20 дан ортиғи хизмат кўрсата олмаяпти, деди ЮНИСEФ вакили.

«Менимча (Ғазода), албатта, болалар энг кўп азоб чекишди. ЮНИСEФ бу ерда содир бўлаётган воқеаларни «болаларга қарши уруш» деб атайди. Бу каби барча инқирозлар аҳолининг энг заиф қатламлари — болаларга зарар етказади. Одатда, йўқолган болалар тахминан 20 фоизни ташкил қилади, аммо Ғазо секторида бу кўрсаткич 40 фоизга яқин. 10 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлди ва бу рақам ўсишда давом этмоқда. Вайроналар остида яна қанча одам қолганини билмаймиз. Бу болалар учун мутлақо ҳалокатли ҳолат. Кўп болалар очликни бошдан кечирмоқда; озиқ-овқат танқислиги вақт масаласидир», деди Элдер.

ЮНИСEФ вакили Ғазо секторидаги болалар катта психологик стрессга дучор бўлаётганини таъкидлади. Ва бу болаларни даволашнинг ягона йўли «ўт очишни тўхтатиш»дир, деди у.

«Оташкесимга эришилгунга қадар болалар Ғазо секторидаги жанговар зонада бўлишда давом этадилар. Ғазо бугунги кунда болалар учун жой эмас, лекин бу ерда уларнинг сони 1 миллиондан ошади, ўт очишни тўхтатишга эришиш ва болаларга барча зарур ёрдамни кўрсатиш керак», — деди Элдер.

Унинг таъкидлашича, фаластинликлар кучли жамият бўлиб, уруш тугаганидан кейин халқаро ҳамжамият кўмагида ўз келажагини тиклай олади.

«Ғазода қилинадиган ишлар кўп бўлади. Уйлар ва биноларнинг учдан икки қисми вайронага айланган. Болалар бошдан кечирган психологик жароҳат (урушдан кейинги даврда) ҳал қилиниши керак бўлган энг катта масала бўлади», деди у.

ЮНИСEФ вакили Ғазога ёрдам келаётганини, аммо етарли даражада эмаслигини қайд этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг