Xabarlar tezkor Telegram kanalimizda Obuna bo'lish ×

Германия Ўзбекистондаги «яшил» лойиҳаларга яна 3 млн евро грант ажратади

Германия Ўзбекистондаги «яшил» лойиҳаларга яна 3 млн евро грант ажратади

Германия «яшил» саноатлаштиришда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга қўшимча 3 млн евро миқдорида грант ажратади.

Бу ҳақдаги ҳужжат 13 ноябрь куни Боку шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Томонлар конференцияси 29-сессияси (CОP29) доирасида ташкил қилинган Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) делегациялари учрашувида имзоланди.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда Германия молиявий ёрдамида амалга оширилаётган «Ўзбекистонда хусусий секторга кўмак ва иқтисодий сиёсатлар бўйича маслаҳатлар» лойиҳаси «яшил» саноатлаштириш ва «яшил» иқтисодиёт бўйича давлат ва хусусий сектор салоҳиятини кучайтиришга кўмак бераётгани таъкидланган.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил декабрь ойида Дубай шаҳрида, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида Ўзбекистон ва Германия ўртасида 9 миллион евролик битим имзоланганди.

Битим доирасида Германия томонидан ажратилган грант маблағи Ўзбекистонда «яшил» саноатлаштириш бўйича хусусий сектор салоҳиятини оширишга йўналтирилади. Унинг доирасида интенсив салоҳиятни ошириш, иш жойида ўқитиш, халқаро алоқалар ва билимларни узатиш орқали барқарор «яшил» иқтисодиёт ва саноат сиёсати ишлаб чиқилади ҳамда амалга татбиқ этилади.

Германия «яшил» саноат, экология, иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш каби йўналишларда Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

2022 йилда Ўзбекистон экология тизими раҳбарияти ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ўртасида битим имзоланган. 10 миллион евролик лойиҳа доирасида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши хавфларини бошқариш, кадрлар салоҳиятини институционал ривожлантириш, минтақада иқлим муаммолари бўйича мулоқотни йўлга қўйиш ва ўзаро трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Германия ажратган кўп миллион евролик кўмак воситасида Оролбўйи минтақасида ҳам қишлоқларни ривожлантириш, иқлим ўзгаришига мослашиш, Орол денгизининг қуриган тубида биологик хилма-хилликни тиклаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш каби йўналишларда қўшма дастурлар амалга оширилмоқда.

Izohlar 0

Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring