Путин ва Цзиньпин учрашуви: экспертлар Россия матбуоти яширишга уринаётган жиҳатни очиқлади
20-22 март кунлари Хитой раҳбари Си Цзиньпин Россия президенти Владимир Путин таклифига биноан Москвада меҳмон бўлди. Ташриф давомида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга доир ҳужжатлар имзоланган. Путин ва Цзиньпин кўплаб халқаро масалаларда позициялар яқин ёки мос келишини қайд этган.
Цзинпин «Путин раҳбарлигида Россия сезиларли муваффақиятларга эришган»и ҳақида гапирган.
Россия томони ўз навбатида Осиё, Лотин Америкаси ва Африка мамлакатлари билан ташқи савдо ҳисоб-китобларида юанга ўтишга тайёрлигини маълум қилган.
Сафар якунида Цзиньпин россиялик ҳамкасбини Хитойга таклиф қилган.
Хитой раҳбарининг Москвага ташрифи Украина босқини ортидан Россия президенти халқаро ҳамжамият томонидан яккалаб қўйилган даврга тўғри келмоқда. Боз устига, Цзиньпиннинг Москвага келиши арафасида Халқаро жиноий суд Путинни ҳибсга олишга ордер берган эди.
Россия давлат оммавий ахборот воситалари Хитой раҳбарининг ташрифини юқори пафосда ёритгани кузатилди. Аммо сиёсий ва иқтисодий таҳлилчилар мушкул вазиятда қолган Россиянинг Хитой билан муносабати аллақачон тенглик мақомини йўқотганига эътибор қаратмоқда.
Ўзбекистонлик таҳлилчи Баҳодир Ғаниевнинг фикрича, Россия де факто Хитойнинг вассалига айланмоқда.
«Си учрашувда расман Путиннинг келгуси муддатга сайланишини қўллаб-қувватлашини билдирди. Ҳолбуки, номзодлар ҳали эълон қилинмаган, сайлов ҳам келгуси йилда ўтиши режалаштирилган. Буни хўжайин мақомидаги давлат томонидан вассал мамлакат президентига берилган ишонч ёрлиғи деб баҳолаш мумкин. Сининг дастаги беғараз бўлиши амримаҳол. У Путинни қандай шартлар эвазига бўйин эгишга мажбур қилганини келгуси ўн йилликларда билиб оламиз. Арзон хомашё, балки ҳудудий ён беришлардир?!» – деб ёзади Б.Ғаниев.
Эксперт Хитой раиси Путин лавозимдан кетиши ва Украина урушида мағлубиятга учрашига йўл қўймаслик учун керакли чораларни кўришига ҳам ишонч билдирган.
Ўзбекистонлик бошқа бир таҳлилчи Юлий Юсуповнинг ёзишича, ўнлаб йиллар давомида хитой аждаҳоси Шимолий Кореяни қўлга ўргатилган маймунча сингари бошқариб келди. Бу ғазабнок маймунча эгасининг буйруғи билан ғарб арслони мўйловига тегиниб жаҳлини чиқариши мумкин бўлган, лекин керак пайтда дарров думидан тортиб турилар эди. Энди эса Путиннинг «шарофати» билан ғазабнок маймунча вазифасини рус айиғи бажарадиган бўлди.
«Агар илгари Россия Хитой билан деярли тенг паритет миқёсида сиёсий музокаралар олиб борган бўлса, эндиликда Россия ўзини расмий равишда Хитойга қарам (сателлит) сифатида тан олмоқда. Айиқ қўлга ўргатилган маймунчага айланди. Аждаҳонинг янги ғазабнок маймунчаси анча хавфли кўринса-да, яхшигина бошқарилувчан ва хўжасига садоқатлидир», – дея фикрларини образли ифодалайди Ю.Юсупов.
Мюнхен халқаро анжумани раҳбари Кристоф Ҳойсгенга кўра, Хитой раҳбарияти Путиннинг кучсиз бўлишидан манфаатдор. Чунки заиф ҳамкор сифатида у Пекин томонида бўлади ва унинг йўриғига юради. Шу боис ҳам Цзиньпин Россия қўшини Украинадан олиб чиқилишини талаб қилмайди. Пекин, айни чоқда, Путиннинг буткул заифлашиб ҳокимиятдан кетишига ҳам йўл қўймайди. К.Ҳойсген фикрича, Цзиньпин Россияни халқаро майдонда АҚШ, Европа ва бошқа демократик давлатларга қарши турадиган авторитар давлат сифатида сақлаб қолишга уринади.
Британия матбуоти ҳам Кремлдаги манбаларига таяниб Россиянинг Хитойга қарамлиги кучаяётгани ва у Чин ўлкаси учун хомашё базасига айланиб бораётгани ҳақида ёзган. Хусусан, Стратегик тадқиқотлар халқаро институти катта илмий ходими Мария Шагина Москвага нисбатан санкциялар жорий этилгач, муносабатларда тарози посангиси Пекин томон босиб кетаётганини қайд этган. «Россия эндиликда ини мақомида эканини яшириб бўлмай қолди», – деган М.Шагина.
Россия медиа маконидаги айрим пропагандачи ахборот каналлари эса аллақачон XXI асрда АҚШ эмас, Хитой вассали бўлишнинг афзал жиҳатлари ҳақида ёза бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, бир йил аввал ўзбекистонлик иқтисодчи, Висконсин университети бизнес мактаби (АҚШ) докторанти Беҳзод Ҳошимов ҳам яқин келажакда Россия Хитойга қарам мамлакатга айланишини башорат қилган эди.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter