Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Элчи ўзбекистонлик ишбилармонларни имкониятлардан унумли фойдаланишга чақирди

Элчи ўзбекистонлик ишбилармонларни имкониятлардан унумли фойдаланишга чақирди

Элчи Шарлотта Адриан.

Ўзбекистон ишбилармон доира вакиллари Европа бозоридаги савдо ва сармоя имкониятларидан янада унумли фойдаланиши керак. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг юртимиздаги элчиси Шарлотта Адриан 5 декабрь куни Тошкентда EUROUZ ваколатхонаси очилишидаги нутқида гапирди.

Европа–Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси (EUROUZ) Европада расман қўллаб-қувватланган биринчи бизнес-савдо палатасининг юртимиздаги филиали саналади.

Элчи ўзбекистонлик тадбиркорлар учун Европа бозоридаги истиқболли йўналишларни ҳам очиқлади.

«Ижозатингиз билан ўзбекистонлик экспортчилар учун ЕИ бозорига киришнинг айрим имкониятлари билан ўртоқлашсам. ЕИда машинасозлик, автомобилсозлик, юқори технологиялар ва тиббий ускуналар ишлаб чиқариш ҳажми ошиши муносабати билан электрон ва металл қисмларга бўлган талаб ортади. Айни пайтда ЕИ ҳам, Ўзбекистон ҳам «яшил» иқтисодиётга ўтмоқда. Демак, Ўзбекистон экспортини ошириш учун яна бир сектор мавжуд. Бу ўринда муҳим хомашё етказишни ҳам қайд этиш лозим», – деди Ш.Адриан хоним.

Дипломат кейинги вақтларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган санкциялар масаласига ҳам ойдинлик киритди.

Тадбирда ЕИнинг юқори мартабали дипломати Люк Девин ҳам қатнашди.

«Хабарингиз бор, Россиянинг 2022 йил февраль ойидаги Украинага босқинидан кейин ЕИ халқаро ҳамкорлар билан биргаликда санкциялар жорий қилди. Улардан кўзланган мақсад Россияни урушни чўзиш учун керакли маблағ ва технологиялардан маҳрум этишдир. Аниқ-тиниқ айтаманки, санкциялар Ўзбекистонга ва сизнинг бизнесингизга қарши қаратилмаган. Лекин тинчлик тезроқ қарор топиши учун санкцияларни айланиб ўтишнинг олдини олиш борасида ҳамкорлик қилишимиз керак», – деди ЕИ элчиси.

Таъкидланишича, ЕИ Ўзбекистондан санкция рўйхатига киритилган Европа маҳсулотларининг Россияга қайта экспорт қилинишига йўл қўймасликни сўрамоқда. ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан ўтган ҳафта Тошкентга ташрифи давомида ҳам ушбу масалани муҳокама қилган.

Ш.Адриан ўз чиқишида янги очилган EUROUZ филиали ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги тижорий робиталарни янада мустаҳкамлашига умид билдирган.

Маълумот ўрнида, Европа–Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси ўз аъзоларига мақсадли бозорни тушуниш, кучли бизнес тармоқларини яратиш ва давлат, хусусий манфаатдор томонлар билан янада самарали мулоқот борасида ёрдам кўрсатади. Ушбу тузилма Ўзбекистон компанияларининг Европа бозоридаги иштирокини кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўрганиш, салоҳиятни ошириш ва қўшма ташаббусларни амалга татбиқ этиш имконини ҳам беради.

Аввал хабар берганимиздек, Европа ташқи фаолият хизмати Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича директори ўринбосари Люк Девин Тошкентда 5 декабрь куни ўтган учрашувда Брюсселнинг Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ниятида собит эканини билдирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг