Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хатарли режа бу гал исроиллик юқори мартабали генерал тилида янгради

Хатарли режа бу гал исроиллик юқори мартабали генерал тилида янгради

Исроил сиёсий доираларида Ғазо секторидан фаластинликларни бадарға қилиш ва у ерга яҳудий оилаларини жойлаштириш режаси тобора қатъий оҳангда муҳокама қилинмоқда. Бу гал ушбу хатарли таклиф Кнессетнинг (Исроил парламенти) миллий хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси Цвика Фогель тилида янгради.

«Исроил яҳудийлар Ғазо сектори шимолига жойлашганидан кейингина урушни якунлаши лозим. Ўз ихтиёри билан (Ғазони) тарк этадиганларни моддий рағбатлантиришга тайёрман», – деган депутатликка қадар узоқ йиллар мудофаа тизимида фаолият юритган бригада генерали Цвика Фогель.

2023 йил 7 октябрдан буён муттасил бомбардимон қилинаётган Ғазо аҳолисига Исроилнинг мутаассиб кайфиятдаги амалдорлари ҳудудни тарк этиш ва қўшни Мисрдан паноҳ топишни таклиф этмоқда.

Хусусан, молия вазири Бецалель Смотрич фаластинликларни Ғазони тарк этишга чақирган. Фаластин аҳлига нисбатан радикал муносабати билан отнинг қашқасидек танилган Смотричга кўра, Ғазода 100-200 минг чоғли арабни қолдириб, икки миллион аҳолини кўчириш керак.

Бир муддат аввал Буюк Британиянинг «The Guardian» газетасида чоп этилган мақолада Тель-Авив маъмурияти вазиятдан фойдаланиб, Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисини мажбурий равишда Мисрнинг Синай ярим оролига кўчириш ва шу орқали ҳудудни босиб олишни кўзлаётгани ҳақидаги тахмин илгари сурилган эди.

Фаластиннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавад Муҳаммад Авад ҳам айни шу хавотирли режа ҳақида гапирган.

«Исроилнинг ҳозирги ҳаракатлари бирор гуруҳ, хусусан, ҲАМАСга қарши шунчаки кураш эмас. Балки бу Фаластин халқига қарши урушдир. Бундан кўзланган мақсад эса Ғазо секторида қолган фаластинликларни Синай саҳросига сиқиб чиқаришдир. Моҳият эътиборига кўра, сионистларнинг «Ерсиз халқ учун халқсиз ер» деган машҳур шиори амалга оширилмоқда. Улар Фаластиннинг ушбу қисми ва Ғазо сектори бутунлай тозаланиши керак деб ҳисоблайди», – деган доктор Жавад Муҳаммад Авад.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос на Ғазодан, на Ғарбий соҳилдан аҳолини кўчиришга йўл қўйилмаслигини таъкидлаган.

ҲАМАС ҳаракати Исроил мулозимларининг фаластинликларни кўчириш ҳақидаги таклифини ҳарбий жиноят ва агрессия деб баҳолаган.

Таҳлилчилар Ғазо аҳолисининг кўчирилиши иккинчи Нақба (1948 йилда юз минглаб фаластинлик ватанидан кўчирилгани «Нақба», яъни «Фожиа» деб аталади) бўлишидан огоҳлантирмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг