Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фаластин элчиси Исроилнинг яширин мақсади ҳақида гапирди

Фаластин элчиси Исроилнинг яширин мақсади ҳақида гапирди

ҲАМАС ҳаракати гаровдагиларни озод қилиб, Исроилга таслим бўлган тақдирда ҳам яҳудий давлати Ғазодаги ҳарбий амалиётни давом эттиради, деб ҳисоблайди Фаластиннинг Ўзбекистон ва Қирғизистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавад Муҳаммад Авад.

Дипломат ТАСС мухбирига берган интервьюсида Исроилнинг яширин мақсадини ҳам очиқлаган. 

«Исроилнинг ҳозирги ҳаракатлари бирор гуруҳ, хусусан, ҲАМАСга қарши шунчаки кураш эмас. Балки бу Фаластин халқига қарши урушдир. Бундан кўзланган мақсад эса Ғазо секторида қолган фаластинликларни Синай саҳросига сиқиб чиқаришдир. Моҳият эътиборига кўра, сионистларнинг “Ерсиз халқ учун халқсиз ер” деган машҳур шиори амалга оширилмоқда. Улар Фаластиннинг ушбу қисми ва Ғазо сектори бутунлай тозаланиши керак деб ҳисоблайдилар», – дейди доктор Жавад Муҳаммад Авад.

Исроил ҲАМАСнинг 7 октябрдаги инсонлар ўлимига олиб келган шиддатли ҳужуми ва одамларни гаровга олганига жавобан Ғазо ҳудудига бомба ёғдиришда давом этмоқда.

Дипломатнинг фикрича, гаровдагилар топширилган тақдирда ҳам вазият ўзгармайди.

«ҲАМАС учун таслим бўлишдан маъни йўқ. Чунки шундай бўлган тақдирда ҳам Исроил Фаластиннинг қолган аҳолиси хавфсиз жойга кетиши учун ўз хатти-ҳаракатларини давом эттиради», – дейди Фаластин элчиси.

Аввал хабар берганимиздек, элчи Жавад Муҳаммад Авад 2023 йил 12 апрель куни Ўзбекистон президентига ишонч ёрлиғини топширган.

Аввалроқ «The Guardian» газетасида чоп этилган мақолада ҳам Тель-Авив маъмурияти вазиятдан фойдаланиб, Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисини мажбурий равишда Мисрнинг Синай ярим оролига кўчириш ва шу орқали ҳудудни босиб олишни кўзлаётгани ҳақидаги тахмин илгари сурилган эди.

Таҳлилчилар бу иккинчи Нақба (1948 йилда юз минглаб фаластинлик ватанидан кўчирилгани «Нақба», яъни «Фожиа» деб аталади) бўлишидан огоҳлантирмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг