Бухорода ҳоким ёрдамчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Бухорода имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштиришда гумон қилинаётган масъул шахсга нисбатан жиноят иши очилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, Бухоро туманидаги «Янги турмуш» маҳалласида ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаб келган Р.А. ўз мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда фуқароларнинг кредит маблағларини ўзлаштириб келган.
У, жумладан, маҳалла фуқаролари – Г.Ж., У.С., Б.С. ва Ш.Қ.ларни хабардор қилмасдан, ҳар бирининг номига 33 миллион сўмдан, жами 165 миллион сўм, 14 фоизли имтиёзли кредит маблағларини олишга эришган.
Р.А. гўёки бошқа мақсадларда сохта тавсияномалар ва далолатномалар расмийлаштириб, юқоридагиларга тегишли маълумотларни электрон базага киритиш йўли билан АТБ «Агробанк» Бухоро тумани филиалидан кредит маблағларини олган ва ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибарлик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter