Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Путин ўлдига чиқарилган дўстини медаль билан сийлади

Путин ўлдига чиқарилган дўстини медаль билан сийлади

Фото: “KCNA”

Россия президенти Владимир Путин Шимолий Корея давлат кенгаши раиси Ким Чен Инни Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги медали билан тақдирлади. Бу ҳақда Россиянинг Пхеньяндаги элчихонаси маълум қилди. 

Қайд этилишича, Ким Чен Ин Шимолий Корея ҳудудида дафн этилган совет аскарлари хотирасини абадийлаштиришга қўшган ҳиссаси учун тақдирланган. Маълумотларга қараганда, Иккинчи жаҳон уруши якунида Корея яриморолини озод қилиш учун жангларда собиқ Иттифоқнинг 4700 га яқин аскари ҳалок бўлган.

Медаль Россиянинг Пхеньяндаги элчиси Александр Мацегора томонидан Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Ли Сон Гвонга топширилган.

Владимир Путин ва Ким Чен Ин ўзаро дўстона муносабатлар эга. Бунда албатта икки мамлакат ўртасидаги мафкуравий муштаракликлар ҳамда Шимолий Корея давлатини таъсис этишда СССРнинг тарихий хизмати муҳим аҳамият касб этади.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг Кремль томонидан медаль билан сийланиши унинг саломатлигига доир зиддиятли хабарлар тарқалган пайтга тўғри келмоқда.

Жорий йил апрель ойида Ким Чен Ин ўлим тўшагида ётгани хусусида хабар тарқалди.

Пировардида мазкур овоза рад этилди.  1 май куни эса Шимолий Корея расмий матбуоти Ким Чен Ин Сунчхон шаҳридаги ўғит заводи очилиш маросимида қатнашгани ҳақида хабар тарқатди.

Қисқа расмий хабар орқали Ким Чен Иннинг оғир аҳволда экани ҳақидаги тахмин-тусмолларга жавоб берилган бўлса-да, мамлакат ўта ёпиқ экани боис давлат раҳбарининг айни чоқдаги саломатлиги борасида ишончли маълумот олиш имконсиз.  

Шимолий Корея халқ демократик республикаси таъсис этилган 1948 йилдан буён ўлкани Кимлар сулоласи идора этиб келади. Жумладан, Ким Ир Сен 1948-1994, Ким Чен Ир 1994-2011 йилларда раҳбарлик қилган. Бобомерос “тахт”ни  2011 йилда Ким Чен Ин эгаллаган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг