Шимолий Корея раҳбари ўлим тўшагида ётгани ҳақидаги овозаларга аниқлик киритилди
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин юрак жарроҳлиги операциясидан кейин ўлим тўшагида ётгани ҳақида хабар тарқалган эди. Бу ҳақда дастлаб муҳожиротдаги шимолий кореяликлар, сўнг АҚШ етакчи нашрлари хабар берди. Аммо Жанубий Корея ҳукумати ушбу овозани рад этди.
Жанубий Корея президенти маъмуриятига кўра, 36 ёшли Ким Чен Ин чиндан ҳам оғир касал эканини тасдиқловчи жиддий далил мавжуд эмас.
Мишмишлар тарқалишининг ўзига хос сабаби бор. 15 апрель куни Шимолий Корея давлати асосчиси Ким Ир Сеннинг туғилган куни нишонланди. Анъанага кўра, амалдаги раҳбар Ким Чен Ин бобоси туғилган кунига бағишланган маросимларда қатнашиб келган. Аммо бу гал у мамлакатнинг асосий байрамларидан бири муносабати билан ташкил қилинган тадбирда кўриниш бермади.
Шимолий Корея расмий матбуотида Ким Чен Ин ҳақида сўнгги бор 12 апрель куни хабар берилган. Қисқа хабарда «доҳий» авиация бўлинмаси фаолияти билан танишгани маълум қилинган. Ўшандан буён мамлакат етакчиси ҳақида расмий хабар берилмаган.
Шимолий Корея сайёрамиздаги энг сирли-тилсимли мамлакатлардан бири саналади. Ўзи шундоқ ҳам ёпиқ ўлка коронавирус пандемияси сабаб, жорий йил январда ташқи чегараларини бутунлай ёпди. Бундай вазиятда эса овозалар қанчалик асосли эканини аниқлаш икки карра мушкулдир. Аммо «доҳий» оғир аҳволда эканини рад этган расмий Сеул ҳам у жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганини инкор қилгани йўқ.
Шимолий Корея раҳбарининг саломатлиги борасида овозалар тарқалиши илк бор кузатилаётгани йўқ. 2014 йилда ҳам Ким Чен Ин давлат тўнтариши сабаб ҳокимиятдан четлатилгани ҳақида хабар тарқалган, аммо қирқ кунча ўтиб, у ҳасса тутган ҳолда жамоатчиликка кўриниш берган эди.
Шимолий Корея халқ демократик республикаси таъсис этилган 1948 йилдан буён ўлкани Кимлар сулоласи идора этиб келади. Жумладан, Ким Ир Сен 1948-1994, Ким Чен Ир 1994-2011 йилларда раҳбарлик қилган. Бобоси ва отасидан қолган «тахт»ни 2011 йилда Ким Чен Ин эгаллаган. У вафот этган тақдирда мамлакат тепасига ким келиши аниқ эмас. Тўғри, эҳтимолий номзодлар йўқ эмас. Масалан, амалдаги раҳбарнинг 32 ёшли синглиси Ким Ё Чжон давлат тепасига келиши мумкин. Аммо 70 йилдан буён яккаҳукмдорлар томонидан идора этиб келган мамлакат сиёсий элитаси қай кайфиятда экани борасида тайинли хулоса айтиш амримаҳол.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter