Япония муҳим сиёсий воқеа арафасида
Япония парламенти биноси.
Эртага, 8 феврал куни Япония парламентининг қуйи палатасига сайлов бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда Xabar.uz мухбири Токио шаҳридан.
Мамлакат бош вазири Санаэ Такаичи ҳукуматга келганидан уч ой ўтиб, жорий йил 23 январ кунидан эътиборан парламентни тарқатиб юборди ва муддатидан олдин сайлов ўтказилишини эълон қилди.
Таҳлилчиларга кўра, муддатидан олдин сайлов орқали Санаэ Такаичи парламентдаги ўз коалицияси кўпчилик ўрин эгаллаши, шу орқали сиёсий дастурини амалга татбиқ этиш учун умумхалқ маъқулловига эришишни кўзламоқда.
«Мен ушбу сайловга бош вазир сифатидаги ўз сиёсий истиқболимни тикмоқдаман. Жамоатчилик мамлакат бошқарувини менга ишонадими — бу борада тўғридан-тўғри қарорларини билдиришларини истайман», — деган эди сиёсатчи муддатдан олдин сайлов эълон қилар экан.
Маълумот ўрнида: Санаэ Такаичи 2025 йил октябрда мамлакат тарихида илк аёл бош вазир сифатида ҳукумат тепасига келган эди.
Парламентнинг қуйи бўғини — Вакиллар палатаси 23 январ куни тарқатиб юборилгунга қадар Санаэ Такаичи раислигидаги Либерал-демократик партия 196 та мандатга, Япония инновация партияси эса 34 мандатга эга эди. Шу тариқа иқтидордаги коалиция қонунчилик идорасида жами 230 ўринни банд қилганди. Парламентда кўпчиликни ташкил этиш учун 233 та овоз талаб этилади.
Жорий йил январ ойи охирида «Ёмиури Симбун» ва «Никкэй» газеталари ижтимоий сўровларга таяниб, Санаэ Такаичи раислигидаги ЛДП коалиция бўйича ҳамкорларисиз ҳам кўпчилик мандатларни қўлга киритиш имконига эга экани ҳақида хабар берган.
Сайлов арафасида мамлакатда ҳам онлайн, ҳам офлайн форматда электорат, хусусан, ёшларни овоз бериш тадбирида фаол қатнашишга чақирувларни кузатиш мумкин.
Рўйхатга олинган 1200 дан зиёд номзод 465 та мандат учун курашади. 289 та депутатлик ўрни бир мандатли округ, 176 таси эса пропорционал рўйхат асосида тақсимланади.
Мамлакатда сўнгги бор сайлов 2024 йил 27 октябр куни ўтказилганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter