1994 йилдаёқ Путиннинг “иштаҳаси карнай” бўлгани очиқланди

Санкт-Петербург мэри Анатолий Собчак ва унинг муовини Владимир Путин. 1994 йил. Фото: AP.
Владимир Путин 1994 йилдаёқ Россиянинг Қрим, Шарқий Украина ва Шимолий Қозоғистон бўйича ҳудудий даъволаридан гап очган. Бу ҳақда “Der Spiegel” журнали Германия ташқи ишлар вазирлиги архив ҳужжатларига таяниб хабар берди.
Гап шундаки, 2025 йил 21 июл куни “Германия Федератив Республикасининг ташқи сиёсати ҳақида ҳужжатлар” тўпламининг навбатдаги жилди чоп этилди. Ушбу жилд 1994 йилнинг биринчи ярми ҳодисаларига бағишланган.
Ушбу тўплам билан танишиб чиққан “Der Spiegel” нашри журналистлари ёзишича, ҳужжатларда ГФРнинг Санкт-Петербургдаги бош консулига мансуб қайдлар келтирилган.
1994 йил 14 январ санаси кўрсатилган битикда баён этилишича, Владимир Путин Россиянинг Украина ва Қозоғистонга нисбатан ҳудудий даъволаридан баҳс этган.
“Унинг сўзларига кўра, Қрим, Шарқий Украина ва Шимолий Қозоғистон –камида ушбу ҳудудлар Россия учун ҳеч қачон ажнабий ерлар саналмаган, балки ҳамиша Россия ҳудудининг таркибий қисми саналган. Гўё бирор бир русга ушбу ҳудудлар эндиликда бошқа мамлакатларга тегишли эканини тушунтириш имконсиз эмиш”, – деб ёзади немис дипломати.
Ўшанда Путин русларга хос бўлган, аммо “немислар тушуниши қийин бўлган” миллий туйғу ҳақида гапирган.
Шунингдек, у Украина ва Қозоғистондаги рус миллатига мансуб аҳолининг иқтисодий-ижтимоий ҳолати қониқарли эмаслигини айтган.
Маълумот ўрнида: 1994 йилда Путин Санкт-Петербург мэри Анатолий Собчак маъмуриятида юқори лавозимда фаолият юритган. Хусусан, 1994 йил март ойидан у ҳокимнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
Очиқ манбаларга қараганда, 1991-1995 йилларда ГФРнинг Санкт-Петербургдаги бош консули лавозимида Эберҳард фон Путткамер исмли дипломат ишлаган.
Путин Россия раҳбарлигига келганидан кейин ҳудудий даъволар амалий ҳаракат ва чинакам урушга айланганини кўриш мумкин. Хусусан, 2014 йилда Украинага тегишли Қрим Россия томонидан аннексия қилинди. 2022 йил 24 февралда Россия Украинага қарши уруш бошлади ва унинг бир қатор ҳудудларини босиб олди. Қонли уруш ҳалигача давом этмоқда.
Путин СССРнинг тарқалишини “XX асрнинг энг йирик геосиёсий фожиаси” деб ҳисоблайди. У, Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан Россия 40 фоиз ҳудудини бой берган деб иддао қилган.
У СССР таркибида бўлган республикалар Иттифоқ таркибидан чиқиш пайти ўзи билан Россияга тегишли улкан ҳудудларни ҳам олиб чиқиб кетганини даъво қилган. Таҳлилчилар бу ўринда Россия раҳбари Украина ва Қозоғистонни назарда тутганини тахмин қилган.
Сўнгги пайтларда Москванинг катта-кичик рутбадаги мулозимлари ҳам Қозоғистонга нисбатан ҳудудий даъволар билан чиқмоқда. Хусусан, 2020 йил декабрь ойида Россия давлат думасининг илм-фан ва таълим қўмитаси раиси Вячеслав Никонов “Қозоғистон ҳудуди Россия ҳамда Совет Иттифоқи томонидан берилган катта совғадир”, дея даъво қилган.
2022 йил январь ойида Қозоғистонда оммавий норозилик намойишлари бошланган кунларда ҳам бир гуруҳ россиялик депутатлар яна қўшни мамлакат ҳудудий яхлитлигига таҳдид солувчи баёнотлар берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter