Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россиялик айрим сиёсатчилар Қозоғистон суверенитетига дахл қилувчи таклифлар билан чиқмоқда

Россиялик айрим сиёсатчилар Қозоғистон суверенитетига дахл қилувчи таклифлар билан чиқмоқда

Владимир Жириновский аввал ҳам ўта баҳсли баёнотлар берган.

Фото: Давлат думаси матбуот хизмати

Қозоғистонда рўй берган оммавий норозилик намойишлари сабаб бошбошдоқлик юзага келганидан хабарингиз бор. Куни кеча президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг сўровига биноан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг тинчликпарвар кучлари мамлакатга киритилди. Қўшни ўлкада ҳали беқарор вазият сақланиб қолаётган бир пайтда россиялик айрим сиёсатдонлар Қозоғистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига дахл қилувчи баёнотлар билан чиқмоқда.

Давлат думаси депутати Султон Ҳамзаев Қозоғистонни «тарихий ватан – Россия»га қўшиб олиш ҳақида гап очди.

«Ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг Россияга қўшилиши эҳтимоли муҳокама этилмоқда. Қозоғистоннинг тарихий ватан – Россияга қўшилиши бўйича референдум ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлайман. Қайд этиш жоизки, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг ўзи ҳам барча баёнотларини рус тилида беради. Бу чинакам демократиянинг ифодаси бўлади», – деб ёзди «Единая Россия» партияси вакили С.Ҳамзаев.

Россия либерал партияси раҳбари Владимир Жириновский Қозоғистоннинг шимолий вилоятларини «Россиянинг тарихий ерлари» дея иддао қилган ва уларнинг қайтарилиши лозимлигидан баҳс этган. 

«Russia Today» («Россия сегодня») давлат ахборот агентлиги бош муҳаррири Маргарита Симоньян эса Қозоғистонда тартиб ўрнатиш эвазига Қримнинг Россияга тегишли эканини тан олиш шартини қўйишни таклиф этди. У, шунингдек, Қозоғистонда кирилл ёзувини қайтариш, рус тилини иккинчи давлат тили сифатида эълон қилиш кераклигини ҳам айтган.

Буюк давлатчиликни ёдга солувчи баёнотлари билан танилган М.Симоньян Қозоғистон ҳамда собиқ Иттифоқ давлатларининг мустақиллигини ҳам шубҳа остига олган.

Аввал хабар берганимиздек, бир гуруҳ маҳаллий блогерларимиз Қозоғистондаги намойишлар Россия матбуоти томонидан шубҳали тарзда фаоллик билан ёритилаётганидан хавотир билдирган эди.

«Кремль назорати остидаги ОАВлар, гарчи Россияда узун таътил бўлишига қарамай, воқеаларни фаол, ҳатто иштиёқ билан ёритаётгани сергаклантиради. Дўст ва биродар қозоқ халқи ва раҳбарияти ташқи кучлар ташвиқоти ва таъсирисиз ўзаро мулоқот ва компромисс йўлини топа олади. Мен бунга ишонаман», – деб ёзганди блогер Отабек Бакиров.

Умуман, кейинги йилларда россиялик айрим сиёсатчиларнинг «катта оғалик» руҳидаги даъвою иддаолари икки мамлакат муносабатларига таъсир этмай қолмади. Масалан, 2020 йил 10 декабрь куни Россия давлат думасининг илм-фан ва таълим қўмитаси раиси Вячеслав Никонов 1-телеканалнинг «Большая игра» дастурида Қозоғистон деган давлат мавжуд бўлмаган дея даъво қилар экан, «Қозоғистон ҳудуди Россия ҳамда Совет иттифоқи томонидан берилган катта совғадир», – деган  эди. Думанинг бошқа бир депутати, «Единая Россия» партияси аъзоси  Евгений Фёдоров янада кескин баёнот бергани маълум.

Бундан роппа-роса бир йил олдин, 2021 йилнинг январида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Egemen Qazaqstan» газетасида чоп этилган «Мустақиллик барчасидан қадрли» деб номланган мақоласида Россия юқори сиёсий доираларида бот-бот янграётган ҳудудий даъволарга муносабат билдирганди.

«Аждодлардан мерос бўлиб келаётган муқаддас заминимиз – бизнинг бебаҳо бойлигимиздир. Ушбу ҳудудни қозоқларга хориждан биров пешкаш қилмаган. Бизнинг бугунги тарихимиз 1991 ёки 1936 йиллар билан ўлчанмайди. Она халқимиз ушбу заминда Қозоқ хонлиги даврида, ундан аввалроқ Олтин ўрда, Турк хоқонлиги, хунлар ва саклар даврида умргузаронлик қилган. Мухтасар айтганда, тарихимиз илдизи қадим ўтмишга бориб тақалади», – деб ёзган эди президент Тўқаев.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг