Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

86 йиллик танаффусдан сўнг! Аё София масжидида ўқилган илк жума намозида президент ҳам қатнашди

86 йиллик танаффусдан сўнг! Аё София масжидида ўқилган илк жума намозида президент ҳам қатнашди

Фото: АА

24 июль куни Истанбул рамзи саналган кўҳна Аё София обидасида 86 йиллик танаффусдан кейин илк жума намози адо этилди. Салкам бир аср давомида музей саналган обида жорий йил 10 июль куни яна қайта масжид мақомига эга бўлди.

Илк жума ибодатида мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда давлат ва ҳукумат арбоблари ҳам иштирок этди.

Жума намозида қатнашиш истагида бўлган мўминлар кўп сонли бўлгани боис масжид атрофидаги ҳудудлар, жумладан, Султон Аҳмад майдони ҳам ибодат учун ажратилди.

Пандемия ҳамда хавфсизлик чораларига кўра масжид ичи – хонақоҳга 500 чоғли киши қўйилган. Хавфсизликни таъминлаш учун эса 17 минг чоғли полициячи сафарбар этилган.  

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Twitter микроблогидаги расмий саҳифасида мамлакат мусулмонларини Аё София суратини қўйган ҳолда жума айёми билан қутлаган.

Мазкур кўҳна обида Истанбулнинг Султон Аҳмад мавзесида, Босфор соҳилида қад ростлаган. Ибодатхона ҳақидаги илк маълумотлар милоднинг 300-йилларига бориб тақалади. Аммо ёнғинлар туфайли насроний черкови вайрон бўлган. Византия императори Юстиниан 537 йилда вайрона ўрнида улкан ибодатхона барпо этган. Солномаларга кўра, ибодатхона қурилишига Византия империясининг 3 йиллик бож-хирожи сарфланган.

1453 йилда Истанбул шаҳри султон Муҳаммад Фотиҳ томонидан фатҳ этилгач, Аё София ибодатхонаси масжидга айлантирилган. Усмонийлар даврида обида теграсида миноралар барпо этилган. Шу тариқа кўҳна обида 500 йил давомида мусулмонлар хизматида бўлди. 1935 йилда замонавий Туркия етакчиси Мустафо Камол Отатурк кўҳна масжидни музейга айлантириш ҳақида фармон қабул қилди. 

1985 йили мазкур тарихий обида ЮНЕСКО томонидан умумжаҳон ёдгорлиги дея эътироф этилди.

2016 йил июль ойида Аё Софияда 85 йиллик танаффусдан кейин илк бор азон айтилди.

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон 2019 йил март ойида Аё София музейи масжидга айлантирилиши ҳақида гапирди. Бу АҚШ томонидан Қуддус шаҳри Исроил пойтахти деб тан олинишига жавоб экани хабар қилинди.

Жорий йил 29 май куни Истанбул фатҳ этилганининг 567 йиллиги муносабати билан уюштирилган маросим доирасида Аё Софияда Қуръони каримнинг «Фатҳ» сураси тиловат қилинди.  

5 июнда Туркия етакчиси ўз ёрдамчиларига музейни масжидга айлантириш бўйича амалий чоралар кўриш бўйича топшириқ берган.

Маҳкаманинг якуний хулосаси ортидан жорий йил 10 июль куни обидага тарихий мақоми қайтарилди: Аё София яна саждагоҳ ўлароқ мусулмонларга ўз дарвозаларини очди. 

Туркия диний идораси ўтган ҳафта Усмонийлар давридан қолган анъанага кўра Аё София жомесига 3 нафар имом-хатиб ҳамда 5 нафар муаззин тайинлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг