АҚШ Эронга қарши яна «мудофаа зарбалари»ни берди
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эрон ҳудудидаги бир қатор ҳарбий объектларга навбатдаги ҳаво зарбалари берилганини маълум қилди.
CENTCOM хабарига кўра, АҚШ ҳарбийлари Эроннинг Горук ҳудуди ва Кешм оролида жойлашган радиолокация тизимлари ҳамда дронларни бошқариш пунктларини нишонга олган. Америка томони бу ҳужумларни «мудофаа характеридаги жавоб чораси» деб атади.
Вашингтон изоҳига кўра, операция Эрон томонидан MQ-1 русумли Америка дронининг халқаро сувлар устида учиб кетаётганда уриб туширилганига жавоб сифатида амалга оширилган. АҚШ ҳарбийлари ҳужум давомида Эрон ҳаво мудофааси воситалари, дрон бошқарув маркази ва иккита ҳарбий дрон йўқ қилинганини билдирди.
Аввалроқ Bloomberg Эрон Кувайтда жойлашган ва АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари фойдаланадиган Али Ал-Салем авиабазасига ракета ҳужуми уюштиргани ҳақида хабар берган эди. Маълумотларга кўра, ракета ҳавода йўқ қилинган, аммо унинг парчалари база ҳудудига тушиб, иккита MQ-9 Reaper дронини шикастлаган.
Сўнгги ҳафталарда АҚШ ва Эрон ўртасида ўзаро зарбалар бир неча бор кузатилмоқда. Шу билан бирга, ҳар икки томон расман ўт очишни тўхтатиш режими бузилганини тан олмаяпти ва дипломатик жиҳатдан «сулҳ сақланиб қолаётгани» таъкидланмоқда.
Ўз навбатида, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Эроннинг Кешм оролига ҳужум қилинган АҚШ базасига қарши жавоб зарбаси берганини маълум қилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter