АҚШ разведкаси Хитойнинг махфий режасини ошкор қилди
Хитой Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажал қуролларини етказиш ҳақида ўйламоқда. Бу ҳақда АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уильям Бёрнс CBS News телеканалига берган интервьюсида гапирди.
«Хитой раҳбарияти (Россияга) ўлим қуролларини етказиш имкониятини кўриб чиқаётганига ишончимиз комил. Лекин бу борада якуний қарор қабул қилингани йўқ. Ҳозирга қадар ажал қуроллари етказилганига доир далиллар ҳам мавжуд эмас», – дейди у.
Бёрнсга кўра, Хитой етакчиси Си Цзиньпин Россия президенти Владимир Путиннинг Украинадаги тажрибаси ва ҳодисалар ривожини синчковлик билан кузатмоқда.
Жосуслик идораси раҳбари Москвага қурол етказилишини ўта қалтис ва пухта ўйланмаган ҳаракат деб баҳолаган.
24 февраль куни АҚШ президенти Жо Байден ҳам ушбу масалага тўхталиб, Путин маъмуриятига қурол-аслаҳа берилиши «қизил чизиқ» эканини таъкидлаган ва Хитой раҳбариятини бунинг оқибатларидан огоҳлантирган эди.
Расмий Пекин Россияга қурол-аслаҳа етказилиши ҳақидаги хабарни рад этар экан, Хитой–Россия муносабатлари масаласида АҚШнинг бирор кўрсатмаси қабул қилинмаслигини урғулаган.
Аввалроқ Вашингтон Хитой ширкатлари Россияга Украина урушида истифода этиш учун зирҳли нимча ва дубулғалар юборгани юзасидан хавотир изҳор қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уильям Бёрнс президент Путин Украинадаги муваффақиятсиз ҳарбий ҳаракатлар ортидан ядро қуролини ишга солиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter